АсосийSUG'DIYONA

25, 35 ва 55 ёшли эркаклар муносабатларда кўпроқ нимани афзал кўради?

Эркакларда ўрта ёшлик инқирози қачон ва қандай бошланади? Уларнинг қарама-қарши жинс вакилига нисбатан қачон муносабатлари ўзгаради? Эркакларнинг ички дунёси, феъл-атвори, кечинмалари билан сизни ELLE. RU нашри таништиради.

25 ёш: синов ва хатолар даври

Бу ёшдаги йигитлар ишқий муносабатларда ҳаддан ташқари қизиққон бўлади, шахс сифатида шакллана бошлайди. Тажрибаси йўқлиги туфайли ҳис-туйғуларини бошқара олмайди. Аёллар унга сирли, шу билан бирга хавфли мавжудот бўлиб кўринади. Шунинг учун бу ёшдаги йигитлар муҳаббат азобидан қийналадилар. Улар келишган, чиройли қизларга эътибор беришади. Бу ёшдаги 35% йигитлар севган қизларига ҳаммаслак бўлиш ниятида у қизиққан нарсаларга қизиқади. Унинг муаммоларига катта эътибор беради. Ҳар қандай муносабатни жиддий қабул қилади. Илк маротаба ёқтирган қизини бир умр унутмайди. Бу хотираларни йиллар ўтса-да, эсдан чиқармайди. Бу ёшдаги йигитнинг муҳаббати соф бўлади, хиёнат ҳақида ўйламайди. 94% йигитлар севгисига хиёнат қилган қиздан воз кечади, 22 % йигитларнинг ўзлари эса алдов қурбони бўлишади. Уларнинг хаёлот дунёси бой бўлади.  

35 ёш: етуклик даври

Бу ёшдаги куч-қувватга тўлган эркакнинг бутун диққат-эътибори карьерасига қаратилган бўлади. Бу билан ишқий муносабатлар иккинчи планга тушиб қолади демоқчи эмасмиз, аксинча бундай муносабатлардан бошқа нарсани кутади. Оила унинг ҳаётида муҳим аҳамият касб кетади, ишдан кейин чарчаб, иссиққина уйга, уни тушунадиган, ардоқлайдиган, интиқиб кутаётган аёлнинг ёнига шошилади, хотиржам дам олгиси келади. 35 ёшга тўлган 41 % эркак мазали овқат тайёрлайдиган аёлни тақдирнинг инъоми деб қабул қилади. Бундай эркак аёлини ошхонага қамаб қўяди деб ўйламанг, у сизнинг ишдаги муваффақиятларингиздан хурсанд бўлади, қўллаб-қувватлайди. Ахир никоҳ бир-бирига тикилиб ўтириш эмас, балки биргаликда бир томонга тикилиш деган гапни унутманг. 35 % эркак бу ёшда аёли билан ҳамкорликда келажак режаларини тузадиган, маслаҳатлашадиган, ҳамфикр инсонга айланади. 35 ёшли эркакни аёлнинг ташқи қиёфасидан кўра, ички дунёси, шахс сифатида шакллангани кўпроқ қизиқтиради. 

55 ёш: баркамоллик даври

Ўрта ёшлик кризисини ёлғиз ўтказишдан қўрққан 62 % эркаклар севмаса ҳам ёнида суянчиқ бўладиган аёл бўлишини истайди. Баркамол эркак жўшқин ҳаётий куч-қувватга эга бўлади, янги ҳис-туйғуларни қадрлайди. Аёлнинг ўзига хослигини, мустақиллигини тўғри қабул қилади. 55 ёшли эркак ёшлигида аёлнинг эҳтиросини афзал кўрган бўлса, энди уни илҳомлантирадиган, янги чўққиларни эгаллашга ундайдиган аёлни қидиради. У сизни қандай бўлсангиз шундайлигингизча – ютуғингиз, камчилигингиз билан бирга севади. Баркамол эркак ожизлигингизни ҳам, барча муаммоларингизни ҳам тўғри қабул қилади. Қўлидан келганча, севган аёлига шароит яратиб беришга ҳаракат қилади. Эвазига сиздан оқилаликни, меҳр-муҳаббатни кутади.

    Бошқа янгиликлар