Япония ҳукумати ноқонуний иммиграцияга қарши кураш чораларини кучайтирмоқда. South China Morning Post нашрининг хабар беришича, мамлакат Иммиграция хизмати келгуси йилга қадар ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформаларни мониторинг қилувчи махсус бўлинма ташкил этишни режалаштирган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, янги тузилма ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган хорижликлар ҳамда визаси муддати тугаганига қарамай мамлакатда қолаётган шахслар ҳақида маълумот тўплайди.
Расмийлар асосий эътиборни ҳужжатларсиз ишлаётган мигрантларни ёллаётган иш берувчиларга қарши курашга қаратмоқда. Шу мақсадда хорижий тиллардаги иш эълонлари ва ноқонуний бандликка оид маълумотларни аниқлаш учун замонавий таҳлилий воситалардан фойдаланиш режалаштирилган.
SCMP маълумотига кўра, Токио шимоли-шарқида жойлашган Ибараки префектурасида ноқонуний иммигрантларни ишга олган компаниялар ҳақида хабар берган фуқароларни рағбатлантириш дастури ҳам ишга туширилди. Агар мурожаат орқали қонунбузарлик ҳолати тасдиқланса, хабар берувчига 10 минг иен миқдорида мукофот тўланади.
Қайд этилишича, Японияда ишчи кучи танқислиги сабаб хорижий ишчиларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Ҳукумат статистикасига кўра, мамлакатда қонуний меҳнат фаолияти олиб бораётган хорижликлар сони 2025 йилда 2,57 миллион кишига етган. Бу аввалги йилга нисбатан 11,7 фоизга кўпдир.
Шу билан бирга, Японияга сайёҳлик оқими ҳам ўсишда давом этмоқда. Япония Миллий туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилда Россиядан келган сайёҳлар сони қарийб 195 минг нафарни ташкил этган.






