Sevimli

Ёрга еткур сабоким, ёки Амир темур шеър ёзганми?

МУТОЛАА 09.04.2022, 12:01
Теглар: Амир Темур
Ёрга еткур сабоким, ёки Амир темур шеър ёзганми?

9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун.

Соҳибқирон Амир Темур  буюк саркарда ва сиёсатчи бўлиши баробарида маданият, илм-фан ва адабиётнинг улуғ ҳомийси сифатида тарихда қолди. Амир Темур ва темурийлар даврида туркий тил ва адабиёт юксак чўққиларга кўтарилди. Ўнлаб буюк шоирлар етишиб чиқди, юзлаб бебаҳо дурдоналар яратилди. 

Алишер Навоий “Мажолисун-нафоис” асарида кўплаб ҳукмдорлар орасида Амир Темурни биринчи бўлиб тилга олган, “Агарчи бу улуғ зот шеър ёзмаган бўлса-да, у айтган ҳар бир байт минг байтга тенг” деб лутф қилгандилар. 

 Шайх қўрққанидан Қуръонга чанг солди

Навоий юқоридаги фикрнинг исботи сифатида қуйидги воқеани мисол келтиради. 

Амир Темур замонасида машҳур мутасаввиф олим Абу Саид Абулхайрнинг бир рубоийси жуда шуҳрат қозонган, ҳатто бу рубоийнинг ғайриоддий хусусиятлари ҳақида гап-сўзлар тилдан-тилга кўчиб юрарди. 

Бу рубоийнинг шарҳи хусусида  кейинчалик Хожа Аҳрори Валий ўзининг “Ҳавроия” номл қасидасини ҳам битган эди. Мана ўша рубоий

     Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,

     Як холи сияҳ бар он рухон мутраф зад,

     Ризвон ба ажаб бимонду каф бар каф зад

     Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад.

(Маъноси: ҳурлар нигоримни томоша қилиш учун саф тортишди. Бир қора хол уларнинг юзларига парда тортди. Жаннат ҳам ҳайратда қолиб, кафтини кафтига урди. Пир қўрққанидан Қуръонга чанг солди.)

Бу рубоийдан ўз вақтида Амир Темур ҳам хабардор бўлган. 

Ўша пайтларда Озарбойжон бошқаруви Амир Темурнинг иккинчи ўғли Мироншоҳ Мирзога топширилган. Бироқ, Мироншоҳнинг ичкиликка муккасидан кетиши давлат ишларига таъсир кўрсата бошлади. Унинг ғалати қилиқлари ҳақидаги гап-сўзлар Самарқандга ҳам етиб келди. Соҳибқиронга Мироншоҳнинг ичкиликка берилишига уч кишининг сабабчи экани етказилди. Амир Темур учовининг ҳам бошини олиб келтиришни амр қилди. Мулозимлар улардан икки нафарини тутиб қатл қилишди. Аммо учинчиси – Хожа Абдулқодир Мароғий ўзини девоналикка солиб дарбадарликни ихтиёр қилди. 

Соҳибқирон Ироққа юриш қилганида, Хожанинг шу атрофда юрганини хабар қилишди. Ниҳоятни уни қўлга олиб, подшоҳ ҳузурига олиб келишди. Хожа Абдулқодир ўз вақтида гўзал овози, мусиқадан пухта хабардорлиги, шунингдек, Қуръон қироати билан ҳам шуҳрат қозонган бўлиб унинг гўзал овози бор эди. 

Подшоҳнинг ҳузурига олиб келишлари билан у қўрққанидан нима қиларини билмай, Қуръон оятларини тиловат қилишга тушди. Бу ҳолатни кўрган соҳибқирон кулиб юборди ва ўша машҳур рубоийнинг охирги мисрасини айтди?

Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад,

  • Яъни, пир қўрққанидан Қуръонга чанг солди. 

Гарчи фалсафий маънога эга бўлган бу рубоийда ушбу мисра бошқача маънога эга бўлса-да, Амир Темур уни закийлик билан ўз ўрнида ишлатган, буни Навоий “йилда бир, асрда бир юз берадиган ҳодиса” сифатида баҳолаган эди. 

 ...Қайтадур бир кун анга

Амир Темур форс ва араб тилларини пухта билса-да, она тили – туркий тилни ардоқлар, кўпгина номалари, фармонлари, тарихий китобларини шу тилда битар эди. Амир Темур томонидан 1391 йил Олтин Ўрда хони Тўхтамишга қарши юриш қилган чоғида ҳозирги Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти ҳудудидаги Улуғтоғ этакларида тошда битиб қолдирилган битиклар тилимиз соҳибқирон пайтида қанчалик тиниқ ва жозибали бўлганини кўрсатади: “Тарих етти юз тўқсон учинда, қўй йили ёз ойи ораси Туроннинг султони Темурбек уч юз минг черик била ислом учун Тўхтамишхон – Булғор хониға (қарши) қарши юрди. Бу ерга етиб, белги бўлсун деб бу ўбани қўпорди. Тангри нусрат бергай, иншоолоҳ. Тангри эл кишига раҳмат қилғай, бизни дуо била ёд қилғай”. 

Маълумотларга кўра, унинг таржимаи ҳоли ва ўгитларини ўз ичига олган “Темур тузуклари” асари ҳам даставвал туркий тилда битилган, кейинчалик Бобурийлар саройида форсчага ўгирилган. 

 Маълумки,  соҳибқирон дастлаб иттифоқчиси бўлган Амир Ҳусайннинг очиқчасига хиёнат қилган, шу хиёнат сабаб 1365 йилда Чиноз яқинида юз берган Лой жангидан мўғулларга енгилган эди. Чунки, Амир Ҳусайн ўз қўшини биан ёрдамг етиб келмаган, шу боис саркарда жуда катта талафотга дуч келган эди. 

Бу Ҳусайннинг Амир Темурга ягона хиёнат эмасди У Амир Ҳусайн билан марказлашган давлат барпо этиш мақсадида юрган кезлари, Амир Ҳусайннинг ҳийласи билан улар орасига нифоқ тушади. Шундай оғир бир вазиятда Амир Ҳусайн Амир Темурни ўлдиришни режалаштириб, унга “дўстлик ва қардошликни” таклиф этади ва Қуръонни қўлга олиб қасам ичади. Ва уни Темурга юбориб, элчи орқали “ўртадаги аҳду-паймолимизни янгиласак, худо хаққи дуруст бўлур эди”, деб Чакчак дарасида учрашишни таклиф этади. 

Амир Ҳусайннинг нияти қора эди. У Амир Темурни ўлдирмоқчи, йўлидаги асосий ва бирдан-бир “ғов”ни олиб ташламоқчи эди. Буни Амир Темур жуда яхши тушуниб турар эди. Шундай бўлсада, Қуръон ҳурматини сақлаб, айтилган жойга боради. Лекин эҳтиёт чораси билан икки юз отлиқни ўша ерга махфий жойлаштиради. Бундан бехабар Амир Ҳусайн минг навкари билан Амир Темур устига тўсатдан ҳужум қилади. Лекин Оллоҳнинг иродаси билан Амир Темур ғалаба қозонади. Шунда саркарда Амир Ҳусайнга ушбу мазмунда туркий байт ёзиб юборади: 

Ёрга еткур сабо, ким макр қилмишдур манга,

Қилди эрса кимга макрин, қайтадир бир кун анга.

Яъни ким менга макр, ҳийла қилса сабо (тонг шамоли) уни ёрга (яъни Оллоҳга) етказади. Ким кимга макр, ҳийла қилса бир кун ўзига қайтади, Рўзи Маҳшарда жавоб беради.

Бундай сермазмун ва сержило байтни битиш учун юксак тафаккур ва катта маънавият салоҳият соҳиби бўлиш керак. Бинобарин, соҳибқирон Амир Темур ана шундай улуғ ҳофиза ва ақл-заковат соҳиби эди.

              Шоир ва фотиҳ учрашуви 

Хуросон устига қилган фатҳ юришларидан бирида форс мамлакатининг пойтахти Шерозни ҳам олади. Бу шаҳарда жаҳонга  машҳур форс шоири, Ҳофиз   Шерозий истиқомат  қиларди. Шоирнинг:

Агар он турки шерозий ба даст орад дили оро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро

     Яъни:

Агар кўнглим шод этса, ўшал Шероз жонони,

    Қаро хоига бахш этгум Самарқанду Бухорони,

  • деган байти жаҳонга таралиб кетган эди. 

Айтишларича, Амир Темур Шерозда шоирни ўз ҳузурига чақиртиради ва унга  ғазаб билан: “Мен ер куррасининг жуда катта қисмини бўйсундирдим ва ўз ҳукуматим ўрнашган қадрдон шаҳарларим Самарқанду Бухорони обод қилиш учун топган-тутганимни аямадим, сен эсаҳар икковини бир қизнинг қора холига бериб юбормоқчимисан?”– дейди. Шунда Ҳофиз Шерозий қўл қовуштириб туриб: “Аълоҳазрат, шунақа қўли очиқлигимдан ўзингиз кўриб турган гадолик ҳолига тушдим-да”, –  деб жавоб қилади. Бу жавоб соҳибқиронга маъқул бўлади ва шоирга қимматбаҳо совғалар ҳадя қилади. 

Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий орасидаги мунозараларнинг турли талқинлари мавжуд бўлиб, бошқа бир ривоятга кўра, соҳибқирон: “Эй шоир, сиз Шероздан бошқа жойни кўрмаганингиз учун, Шероздан гўзал жой дунёда йўқ деб ўйлайсиз. Сизнинг Шерозингиз менинг Самарқандимга қараганда кичик ва кўримсиз. Самарқанд илгаридан дунёнинг гўзал шаҳарларидан эди. Мен уни яна ҳам гўзлаллаштирдим ва дунёнинг обод шаҳарларидан қилдим. Истасангиз юринг, сизни Самарқандга олиб кетай” дейди. 

Аммо Ҳофиз қарилигини пеш қилиб, ўз шаҳрини қўйиб қолган умрини Самарқандда ўтказишга рози бўлмайди. Соҳибқирон ҳам унинг раъйига қарши бормай, фаровон ҳаёт кечирмоғи учун минг динор туҳфа ққилад. 

Ана шу мисолларнинг ўзи ҳам Амир Темурнинг шеърий иқтидорга эгалиги, шеъриятга, шоирларга, адабиёт аҳлига алоҳида ғамхўрлк кўрсатганидан дарак беради. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+27.97° очиқ ҳаво
Валюта курси
10839.90
USD 9.73
11439.35
EUR 48.18
202.99
RUB -0.97
1