Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатувчи автобус (электробус)га чиқишда унинг олд эшигидан, тушаётганда эса орқа эшиклардан фойдаланиш тартиби жорий этилди.
"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Ахборот хизмати мазкур янги тартибга тушунтириш берди.
Таъкидланишича, жамоат транспорти (автобуслар ва электробуслар) да жорий этилаётган янги тартиб қоидага асосан, йўловчилар автобус ва электробусларнинг салонига фақат олд эшикдан ҳайдовчининг ёнида ўрнатилган махсус валидатор ва қурилма орқали йўл ҳақи учун тўловни амалга оширгандан сўнг киришлари ҳамда салондан тушаётганларида ўрта ва орқа эшиклардан фойдаланишлари керак. Ушбу тартиб қоида хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда жамоат транспортида йўловчилар ҳаракатини тартибга солиш, транспорт маданиятини яна-да ошириш ва йўловчилар ташишдан тушадиган даромадлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.
Шунингдек, пойтахт бўйлаб ҳаракатланувчи автобус йўналишларида мазкур тартиб қоида белгиланган режа асосида босқичма-босқич яъни, биринчилардан бўлиб белгиланган йўналиш жадваллари сони тўлиқ бўлган, ҳаракат давомида оралиқ интервали қисқа бўлган автобус йўналишларида жорий этилмоқда.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2022 йил 2 февралдаги 111-сон қарорига асосан жорий йил якунига қадар 20 дона электробус, 190 дона катта сиғимли, 200 дона ўрта сиғимли автобуслар харид қилиш орқали "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ҳаракат таркибини янгилаш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 20 дона электробус ва 30 дона SAZ LE-60 русумли ўрта сиғимли автобуслар харид қилинди ва 51,81, 98, 17Т, 32-сонли йўналишларга тасарруф этилди.
"Йил якунига қадар яна 360 дона катта ва ўрта сиғимли автобуслар харид қилиниши ва пойтахт кўчаларида ҳаракатланувчи автобус йўналишларида тасарруф этилишини инобатга олиб, оралиқ интервали қисқа ва белгиланган режа асосида жадваллар сони тўлиқ бўлган автобус йўналишларида мазкур тартиб қоида жорий этиб борилишини маълум қиламиз", - дейилади расмий хабарда.