АсосийDunyo

Тожик-қирғиз қуролли тўқнашувида икки давлатдан ҳалок бўлганлар сони эълон қилинди

'Тожик-қирғиз қуролли тўқнашувида икки давлатдан ҳалок бўлганлар сони эълон қилинди'ning rasmi

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги душанба куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги можаро чоғида 163 киши жароҳатланганини маълум қилди, дея хабар қилди "interfax".

“Бугун, соат 09:00 ҳолатига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаларига ётқизилган жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этади”, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Шифокорларнинг маълум қилишича, кеча тунда 19 нафар жабрланувчи тиббий ёрдамга мурожаат қилган, улардан 12 нафари амбулатор даволанишга юборилган. 144 киши шифохоналарда даволанишни давом эттирмоқда. Жабрланганларнинг аксарияти Бишкек ва Ўш шаҳарларидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига етказилган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар натижасида 59 киши ҳалок бўлган. Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, можаро ҳудудидан 136 мингдан ортиқ фуқаро эвакуация қилинган.

Тожикистон Демократик партияси етакчиси, парламент қуйи палатаси депутати Сайжафар Усмонзода тақдим этган маълумотларга кўра, тожик-қирғиз ўртасидаги чегарадаги можарода 60 дан ортиқ мамлакат фуқароси ҳалок бўлган. У Тожикистонда 20 сентябрь кунини мотам куни деб эълон қилишни таклиф қилди. 

Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида оғир қуроллар қўлланилган жанглар 14 сентябрь куни бошланган ва икки давлат ўртасидаги умумий чегаранинг бутун периметри бўйлаб олиб борилган. 16 сентябрь куни Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўт очишни тўхтатиш ва можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш бўйича келишиб олди. Бироқ, ўша куни кечқурун ҳарбий ҳаракатлар яна бошланди ва 17 сентябрь куни умумий чегаранинг алоҳида участкаларида давом этди.

Томонлар бир-бирини қуролли босқинчиликда айбламоқда.

Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда бугун, 19 сентябрь — миллий мотам куни деб эълон қилинган.

 

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар