1

Тармоқлардаги разолат: болангиз қайси сайтларга кираяпти, текширинг!

СУҒДИЁНА 04.10.2016, 11:09
Теглар: Интернет, Она, Ота, Ота-она, Оила, Бола, Она ва бола
Тармоқлардаги разолат: болангиз қайси сайтларга кираяпти, текширинг!

Интернет ҳаётимизга шиддат билан кириб келишда давом этмоқда. У орқали бола турли энциклопедик сайтларда билимини оширса, тил ўрганиш сайтларида чет тили амалиётини ўтайди, ижтимоий сайтларда эса ўз ҳамфикрлари билан фикр алмашиб, янги дўстлар орттиради.

Йигирма биринчи аср коммуникацион технологиялар асри. Баъзан фарзандимизнинг «куни билан интернетда ўтириши, ҳатто рецептлар топиб бериши-ю, биз ақлимиз етмаган нарсаларга ҳам унинг ақли етиши» ҳақида бошқаларга мақтанамиз. Аммо «ўргимчак тўри» дея аталмиш бу интернет тармоқларида фойдали маълумотлар билан биргаликда турли-туман фитна-фасодлар ҳам ҳар қадамда учрайди. Боланинг тўла шаклланиб улгурмаган онг-шуури ҳар қандай маълумотни ўзига сингдириб олади. Сиз фарзандингизнинг қайси сайтларда вақт ўтказишини ва у ердан қандай маълумотлар эгалиги, ким билан ва нималар ҳақида суҳбат қуришини биласизми?

Тармоқдаги разолат қопқони

Microsoft компаниясининг тадқиқотларига кўра ота‑оналарнинг аксарияти интернетни фарзандлари учун хавфли санамас эканлар. Интернет қопқонларини синаб кўриш учун 11 ёшли қизим билан бирга «болалар учун уйинлар» қидиришга киришдик. Қидирув натижасида чиққан сайтларга кирар эканман, унинг четида турли-туман алмашиниб турувчи, эътибор тортувчи рекламалар кўринди. Ёнимга турган қизимнинг эътиборини ўйин эмас, айнан рекламалар тортди:

- Ойи, мана бу ерга босинг, кўрайлик нима бор экан, — дея илтимос қила бошлайди.

Ошкора хавф

Интернет фоҳишабозлик, тажовузкорлик, миллий низо, турли диний оқимларга жалб қилиш, гиёҳванд моддалар ёки спиртли ичимликлар истеъмол қилишга чақирувчи сайтлар ва чатлар билан тўлиб тошган. Мазкур сайт ва чатларда боланинг миясига шундай маълумотлар сингдириладики, унинг руҳиятига бу катта зарар етказади.

Катталар фисқу-фасодларни четлаб ўтишни билсалар, бола ярқираб, ўзига чақириб турган нарсаларга қизиқади. Унда қизиқувчанлик бор, турли ташқи таъсирлардан эса ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳисси тўла ривожланмаган. Ҳамда у ишонувчан бўлиб, берилган маълумотга шубҳа билан эмас, қизиқиш билан қарайди.

Турли-туман зулм, шафқатсизликка чақирувчи сайтлар эса ҳар қандай катта кишида ҳам даҳшат ўйғотиб, саросимага солиб қўяди. Томчи тошни енггани каби бу сурат ва видеолавҳаларни кўрган болада кун келиб худди шу ҳаракатларни такрорлаш ҳисси ўйғонмаслигига кафолат йўқ. Кўрган нарсасини такрорлаш истаги бола табиатида мавжуд. Руҳияти ҳар қандай ташқаридан келувчи маълумотларга таъсирчан бўлиб, хотирасида ҳаётда содир бўлган (ёмон ёки яхши ҳодиса бўлишидан қатъи назар) таъсирли лавҳалар муҳрланиб қолади.

Дўсти ким?

Фарзандингизнинг интернет орқали кимлар билан ва нима ҳақида гаплашаётганига эътиборли бўлинг. Бола кираётган форум, чатларнинг йўналишларини текширинг. Дўст қиёфасидаги кишилар фарзандингизга турли ёт фикрларни сингдириши мумкин. Шунинг учун фарзандингизнинг нафақат ҳаётидаги дўстлари, балки виртуал (яъни интернет орқали танишган) дўстлари ҳам ким эканлигидан хабардор бўлинг.

Вируслар ва роботлар

Интернет тармоқларида яширинган яна бир қопқон шуки, бола нотаниш сайтларга кириб, у ердаги анкеталарни тўлдириши мумкин. Бундай йўл орқали жиноятчилар сиз ва оила аъзоларингиз, банк рақамлари ёки кредит карточкалар ҳақида маълумот йиғиб олишлари мумкин. Интернет компьютерингиздаги барча маълумотларни бошқа компютерларга етказиб берувчи вируслар билан ҳам тўлиб тошган. Масалан, 2009 йилда Буюк Британияда 3 ёшли Жек Нил интернет-аукцион орқали 170 000 долларлик пушти кабриолет сотиб олади. Бу хабарни эшитган Жекнинг ота-онаси ҳайратдан ёқа ушлаб, боланинг баъзи сайтларга киришини тақиқлашади.

Диққат қилинг!

  • Болага интернетга киришига рухсат берганингизда уни турли хавфлардан огоҳлантиринг. Интернетдан фойдаланиш қоидасини у билан биргаликда тузинг. Компьютер боланинг хонасида эмас, меҳмонхона ёки умумий хонада турсин.

  • Интернет орқали оилангиз аъзолари ҳақида (уй манзили, мактаб, телефон рақамлари) маълумотларни киритмасликни болага уқтиринг. Катталарнинг назоратисиз интернет орқали танишган дўстлари билан учрашиш хавфли эканлигини билдиринг.

  • Интернет орқали одамлар ўзини бошқача кўрсатишга ҳаракат қилишини болага тушунтиринг.

  • Ҳозирги кунда антивирус дастурларида «ота-она назорати фаолияти» хизмат кўрсатмоқда. Мана шу дастурлардан фойдаланинг. Фарзандингиз сиз йўқлигингизда интернетга кирганда ҳам бу дастурлар маълум маънода уларни турли таъсирлардан ҳимоя қилади.

  • Боланинг қайси сайтларга кирганини интернет браузерлардаги (интернетга кирувчи саҳифалар: Firefox, Internet Explorer, Opera) тарихдан Ctrl+H ёрдамида текшириб туринг.

  • Иложи бўлса интернетга бола билан биргаликда киринг. Унинг интернет ҳаёти — форум, блог ва кундаликлари мавзуси билан танишиб, виртуал дўстларини ҳам кўздан кечиринг.

Ота-оналарга бир оғиз сўз!

Интернет боланинг ташқи саломатлигига зарар қилмаслиги мумкин, аммо руҳий саломатлик ҳам муҳим эканини унутманг. Мақолани ёзишдан мақсадимиз сизни саросимага тушириш эмас, балки бу борада бироз эътиборли бўлишга жалб қилиш. Албатта, бола интернет олами ва янги технологиялардан хабардор бўлгани таҳсинга лойиқ, аммо ҳурматли ота-оналар, сиз ҳам бу борада фарзандингизга йўлбошчи бўлинг. Болага интернет оламида ота-она йўлбошчи бўлиши керак, аксинча эмас. «Ҳозирги кунда ота-оналар интернет ва компьютер борасида фарзандларидан бир қадам олдинда бўлишлари лозим ва болага интернет саҳифалари ҳақида маълумот бериб, у ердаги хавф борасида огоҳлантиришлари лозим» — дейди руҳшунослар. Ҳақиқатан ҳам болани мактаб ёки боғчага берганда, энг аввало, у ердаги шароитлар билан танишиб чиқасиз. Интернет тармоғида фарзандингиз турли хавфларга дуч келиши мумкинлигини ёддан чиқармасангиз, бас.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Freedom House интернет эркинлиги рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон нечинчи ўринда?

17.10.2020, 15:59

Freedom House интернет эркинлигига оид анъанавий йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда Ўзбекистон 100 баллдан 27 балл тўплаб, 65 давлат ичидан 57-ўринда қайд этилган.Тадқиқотчилар интернетдаги эркинликка...
Бухорода онадан 3 нафар фарзанди учун алимент пули ундирилди

12.12.2019, 16:14

Аксарият ҳолларда фарзандлар таъминоти учун оталардан алимент ундирилади. Шундан фарқли ўлароқ бу ижро ишида алимент онадан ундирилди.Ф.Я. Бухоро шаҳрида туғилган И.Ж. билан турмуш қуриб, 3...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1