Жорий йилнинг 26 июль куни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида мудҳиш воқеа юз берди. Бу ҳақда “Millar” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, қўшиқчи аёлнинг турмуш ўртоғи фарзандларини кўриш мақсадида унинг уйига келган. Аммо учрашув давомида эр-хотин ўртасида тушунмовчилик келиб чиққан. Можаро жанжалга айланиб, фожиа билан якунланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, эр аёлини қўллари билан бўғиб ўлдирган. Марҳума 33 ёшда бўлган, аёлнинг ўлимидан сўнг уч нафар фарзанд етим қолган.
“Опам бундай ўлимга лойиқ эмасди. Ўша куни мен ишда эдим. Тез ёрдам тизимида ишлайман. Соат тўртлар атрофида хотиним менга қўнғироқ қилиб, онам йиғлаётганини, опам билан нимадир бўлганини айтди. Онамга телефон қилганимда, куйов уни ўлдирганини билдим”, — дейди марҳуманинг укаси.
Воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, гумонланувчи қўлга олинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Расмийлар яқин кунларда қўшимча маълумот берилишини билдирди.