АсосийMutolaa

«Иримчилигим фарзандларим ҳаётида акс этди…»

«Одамларни ўзимнинг қаричим билан ўлчаганим учун фарзандларим бахтсиз бўлишди. Афсус, булар менинг касримга бўлаётганини жуда кеч тушундим...», дея ўзини таништирди жиззахлик мухлисамиз Гулнора опа...

Болалигимдан бир ёмон одатим бор. Бетоб бўлганлар ва бахтсиз кишилардан узоқроқ юраман. Онам кўп бора «Бу ишинг яхши эмас, одамларнинг дилини оғритасан», деб танбеҳ берарди. Турмушга чиққанимдан кейин ҳам бу одатим қолмади. Қайнонамнинг яқин дугонаси Назокат холани юзидаги чандиғи туфайли ёқтирмасдим. Бизникига чиқса ҳам сўрашишга оғринардим. Қайнонам «Гулнорахон, бировни кўнглини оғритиш гуноҳ. Ким нимадан қочса, пешонасидан чиқади», дерди. Мен эса на қайнонам, на эримнинг гапларига қулоқ солдим. Маҳаллада бирор йиғин бўлса, ўзига тўқ хонадонларга қўшилардим. Эрта бевага айланган, бефарзанд ва туриш-турмуши ночорлардан узоқ юрардим. Гўёки уларнинг «бахтсиз»лиги менга ҳам юқиб қоладигандек.

Шу зайлда йиллар ўтиб, бирин-кетин иккита фарзандли бўлдим. Алоҳида ҳовлига кўчиб ўтдик. Ёшимга ёш қўшилгани сайин аҳмоқона феълим босилиши ўрнига баттар авж олиб борарди. Аммо буни тан олишни истамасдим. Ўғлимни тўйида кимдир укамнинг қизларини куёвнинг тиззасига ўтқазиб қўйибди. Буни кўриб, жаҳлим чиқиб кетди. Жавдираб қараб турган онамга эса «Келинингиз кетма-кет қиз туққан, менинг биринчи набирам ўғил бўлиши керак!» дея гапирдим. Бу гапни бошқалар қатори келиним ҳам эшитганди. Аммо тилини тишлаганча жим қолди. Яна келин саломга қоладиганларни саралай бошладим. Қайнсинглим биринчи турмушидан фарзанди бўлмагач, хотини вафот этган инсонга турмушга чиққанди. Шу боис, уни тўйга айтишга оғриндим. Ҳатто келин-куёвнинг чиллали уйига ҳам кирмайди деб оёқ тираб олдим. Шундан сўнг қизимга яхши жойдан совчи чиқиб, узатиш ҳаракатига тушдим. Ўша пайтларда қайнонам қандли диабет касалига чалинганди. Бир куни қайнонам ва онам бизникига меҳмонга келишди. Ўшанда қайнонам ўтирган кўрпачага онамни ўтказишни истамай, янгисини ёнидан солиб, жой ҳозирладим. Бу ишимдан онам хижолат бўлса-да, мен парвойимга ҳам келтирмадим. Қайнонам эса «Қизим, касалим юқумли эмас, хавотир олманг», дея қаттиқ ранжиди. Тўйга ҳам бой-бадавлат яшайдиган қўшним Санобархонни бош-қош қилдим. Бундан норози бўлган эримга «Санобархон ҳар томонлама ўзидан тинган. Данғиллама уйи, қўша-қўша машиналари бор. Иккита ўғли ҳам чет элда. Қизини-ку манаман деган бойларга узатган», дея маъруза ўқидим. Менга гапириш бефойда эканлигини билган эрим охири ишларимга аралашмай қўйди.

Бир-бирини қувлаб йиллар ўтди. Мен ирим қилган қайнсинглим қирқ ёшида она бўлди. Укамнинг хотини эса орадан беш йил ўтиб, қўшалоқ ўғилларни дунёга келтирди. Қайнсинглим фарзандли бўлган йили қайнонам қолиб, соппа-соғ юрган онам дунёдан кўз юмди. Орзу-ҳавас билан уйлаган ўғлим эса фарзандли бўлолмай икки марта оила қурди. Ҳалигача боласи бўлмаяпти. Қизим ҳам қайнонаси билан келиша олмайди. Деярли ҳар куни  бизникида. Фарзандларимнинг тақдирини ўйлаб турмуш ўртоғим кўп куюнади. «Ҳаммасига сен айбдорсан! Ҳар кимдан айб қидиравермай, болаларингга яхшилик тилаганингда бундай бўлмасди…» деб юзимга солади. «Беморларнинг ҳолидан хабар олишни хушламасдинг. Мана ўзинг ҳам шундай одам билан яшаяпсан-ку», деди эрим ўлимидан бир неча ой илгари.

Ҳақиқатан ҳам бир вақтлар қайнонам айтганидек, нимадан қочган бўлсам, бари йўлимдан чиқди. Эллик ёшимда бева бўлиб қолдим. Бир вақтлар мен хавас қилган бой қўшним эса тез орада касодга учраб, уй-жойини сотди-ю кўчиб кетди. Эшитишимча, ўғиллари хориждан келишни истамай ўша ерда қолишган, ота-онасидан хабар олишмас экан. Орзулаб узатган қизи бир вақтлар ёқтирган йигити билан топишиб, турмушидан ажрабди.

Ҳар нарсанинг ҳикматини бошингга дард келганида тушунасан деганлари рост экан. Феълимнинг аҳмоқоналигини кеч тушуниб етдим. Дилини оғритганларим энди ёнимда эмас. Қолган умримни ҳаётим давомида қилган гуноҳларимга истиғфор сўраш билан ўтказмоқчиман. Зора ҳаётим изига тушиб кетса... 

ДИЛДОРА қоғозга туширди

Бошқа янгиликлар