Эркакларнинг сири нимада? Буни ҳар бир аёл билиши керак!

СУҒДИЁНА 19.10.2016, 16:59
Теглар: Аёл, Эркак, Оила, Эр-хотин
Эркакларнинг сири нимада? Буни ҳар бир аёл билиши керак!

Эркакларнинг сирини билиш нима учун керак, дерсиз? Биринчидан, «сир» деган сўзнинг ўзи ҳамиша ҳаммани жалб қилиб келган. Иккинчидан эса уларнинг кўнглига йўл топиш учун албатта! Лекин бу сирни билиш учун аввало биз — аёллар улар билан муносабатда қандай хатоларга йўл қўйишимизни билиб олсак, фойдадан холи бўлмайди…

Энг муҳим 3 хато

1. Аёллар эркаклар билан муносабатда ўзларини худди унинг онасидек тутишади. Уларга худди ёш болага мурожаат қилгандай гапиришади.

«Йўқ, мен бундай эмасман!» дейсизми? Унда айтинг-чи, турмуш ўртоғингизга бирор марта ҳам «азизим, ҳамма нарсангизни олдингизми?» ёки «дадаси, кўча совуқ, совқотиб қоласиз, қалинроқ кийининг», демаганмисиз? Бу гаплар сизга таниш бўлса, бу «хато»га сиз ҳам йўл қўйишингизни тан олинг. «Бу хатомас, одатий ҳол, эътибор», дейсизми? Эътибор яхши албатта, лекин бу ўринда хатомиз нимадалигини биласизми? Биз эркаклар билан ёш болага мурожаат қилгандай гаплашамиз. Улар ўзлари ҳақида қайғура олмайди, деб ҳисоблаймиз. Гўёки уларнинг ўзлари ҳеч нима қила олмайди ва ҳамиша бизнинг ёрдамимизга муҳтож бўлади, деб биламиз. Лекин бу билан эркак ўзини ношуд сезиши мумкинлигини ўйлаб кўрмаслигимиз… Мана, хатомиз қаерда!

Унутманг!

  • Эркак ўзига, ишига нисбатан қаноат ҳосил қилмаса, сиз ундан ўзингиз истагандек меҳр кутманг.
  • Эркакка ёш болага қарагандек мурожаат қилсангиз, у ҳам ўзини худи шундай тута бошлайди.
  • Агар эрингизнинг ҳаммасини мустақил ҳал этишга қодирлигига ишонсангиз, у албатта шундай бўлади! Бунда айнан сизнинг ишончингиз унга куч беради.

2. Аёл ўзини эркак учун қурбон қилишга-да шай. Масалан, ҳаётда эрига ёқмаган қариндошлари ёки дугоналаридан воз кечганлар йўқ эмас. «Эримнинг орзуси амалга ошсин» деб, ўз орзуларининг баҳридан ўтадиганлар ҳам етарлича топилади. Лекин бир гапни унутманг: ўзингизни қурбон қилаверсангиз, ўзингизни камроқ яхши кўра бошлайсиз. Ўзингизга нисбатан ҳурматингиз сусайса, жуфтингиз ҳам сиздан «ўрнак» олади. Охир-оқибат, «қурбонлик»ларингиз самарасини ҳам кўрмайсиз, эрингизнинг меҳрини ҳам олдингидан оширолмайсиз.

3. Аёллар ўзларининг эркаклардан устун томонларини бекитишади. Лекин буни уларнинг ўзлари ҳам билишмайди. Эркакларни «чўчитиб» юбормаслик ва унинг ўзига бўлган ишончини сусайтирмаслик учун ҳам қобилияту ютуқлари, нималарга қодирлигини яширишади. Балки бунга «сирли бўлсак, кўпроқ яхши кўришади», деган қараш ҳам сабабдир? Лекин ёдда тутинг, эркакларга аёлларнинг заифлигини ҳам ёқади деб бўлмайди. Имкониятларингизни жуфтингиздан бекитаман деб, охир-оқибат уларни ўзингиздан ҳам яшира бошлайсиз. «Кўрмаганингни тез унутасан» деб бежиз айтишмаган.

Улар ноҳақ бўлишни ёмон кўришади. Нега?

Айниқса, ноҳақлигини ўзидан кўра аёллар билишини ёмон кўради. Шунинг учун бўлса керак, аёл турмуш ўртоғига бирор ишни у кўзлаган тарзда эмас, бошқача тартибда қилаётганини айтса ёки ёрдам тариқасида бирор маълумот айтса, эркак буни бошқача «эшитади»: «сен ёмонсан. Нотўғри қилаяпсан. Хатога йўл қўйдинг…»

Аёл нимани гапиради-ю, эркак нимани эшитади?

Биз шундай гапирамиз

У шундай эшитади

«Азизим, нега машинани тўхтатиб, бирор кишидан сўрамаяпмиз?»

 

«Сен аҳмоқсан. Адашиб қолдинг. Сенга ишониб бўлмайди»

 

«Негадир товуқ гўшти егим келмаяпти»

«Овқатланишга яхши жой танламабсан»

«Балки раҳбарингиз билан гаплашиб, вазиятни тушунтирсангиз, лойиҳани топшириш муддатини кейинроққа сурар…»

«Сен омадсизсан. Ҳеч бир ишни ўз вақтида бажара олмайсан»

«Азизим, бу ишни бошқачароқ қилсангиз бўлмайдими?»

«Ҳаммасини нотўғри қилаяпсан. Ҳеч нимани ўзинг мустақил ҳал қилолмайсан»

Нега шундай?

Бу болаликдаги тарбияга боғбияга боғлиқ. Масалан, ота бироз муддатга хизмат сафарига кетаётган бўлса, ўғлини чақириб (ҳатто кичкина бўлса ҳам) «ўғлим, сафардалигимда сен уйнинг эркаги сифатида ойингга қарашиб тур», дейди. Ёки бола бирор ишни бажарганида «яшавор, Азизжон, ҳаммасини тўппа-тўғри қилдинг», дея мақташади. Жажжи болакай эса шундай хулосага келади: «яхши бўлиш учун ҳаммасини тўғри қилишим керак!» Шунинг учун аёл эркакни бирор яхши ишни қилишга чақирса, у агрессив жавоб қайтаради. Бу ўринда аёл эркакнинг узр сўрашини истайди. Лекин кечирим сўраш эркак киши учун осон иш эмас. Чунки улар учун узр сўраш — хатога йўл қўйгани, адашганини тан олиш билан баробар.

Ечим

1. Эркакларнинг ғашига тегадиган сўзларни қўллашдан қочинг. Масалан, машинада кетаётиб, эрингиз йўлдан адашса, уни айбламанг, койиманг, танқид қилманг. Шунчаки туйғуларингизни айтинг. Масалан, «азизим, биласизми, шу ерда тўхтаб, бирор кимсадан сўрасак, кўнглим хотиржам бўларди-да. Биламан, ҳаммасини тўғри қилаяпсиз, лекин биз қайси кўчалигини унутиб қўйдик, шекилли…» денг.

«Ҳар доим шунақа! Қаёққа кетаётганингизни ҳам билмайсиз!» Бундай дейиш эса сизнинг энг катта хатонгиз бўлади!

2. Маълумотларни эрингиз билан бирга муҳокама қилинг. Жуфтингиз уни тушунаётганингиздан мамнун бўлади.

3. Севгилингизни мақтаб туринг. Эркаклар бунга ҳар доим муҳтож бўлишади.

Севгиси бизга нисбатан кучсизми?

Ростдан ҳам эркаклар муносабатлар борасида аёлларга нисбатан кам қайғурадигандек туюлади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: нима учун? «Биламан, у мени севади. Лекин ҳар доим муносабатларимиз кўпроқ мен учун муҳимдек туюлаверади…» Бу вазият сизга ҳам танишми? Фикримча, бу аёлларнинг аксариятига таниш. Аслида-чи? Эркакларнинг мияси шундай яратилганки, фикрдан туйғуларга ўтиш улар учун мураккаброқ. Масалан, ишида қандайдир муаммо бўлса ёки бирор лойиҳаси бўйича қайғураётган бўлса, буларни бир четга суриб қўёлмайди. Лекин бу у сизни севмайди, дегани эмас. Шунчаки эркакнинг ўзига бўлган ишончини сиз билан муносабати эмас, иш ва муваффақиятлари оширади. Яъни улар учун туйғу эмас, фикр, ҳаракат биринчи ўринда.

Ечим

  1. Бу маълумотларни эрингиз билан бирга ўқинг. Сўнг муносабатларингиз борасида унинг фикрини билинг. Лекин булар сиз учун эрингизни тушунишнинг яна бир калити бўлиб хизмат қилсин. Эсда тутинг, эркак уни тушунишларини яхши кўради.
  2. Нима қилсангиз, унга фойдангиз тегиши ҳақида ўзи билан муҳокама қилинг.
  3. Муносабатларингиз ривожига ҳар бирингиз қандай ҳисса қўшишингиз мумкинлиги ҳақида жуфтингиз билан келишиб олинг.

Хулоса

Аслида эркак ҳам, аёл ҳам бир нарсани хоҳлайди: ўзининг кераклилигини ҳис қилиш, ҳурматга сазовор ва севимли бўлишни. Бу ҳар биримизга насиб этсин!

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1