Бугунги Эрон-Исроил можароси дунё ҳамжамияти эътиборидаги муҳим масла бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг 13 июль куни Исроил томонидан Эрон ҳудудига отилган ракета зарбаларидан бошланган бу ҳарбий тўқнашувлар тобора кескин тус олмоқда. 22 июнь куни бу можарога АҚШнинг ҳам аралашуви ва Эрон ҳудудига қилган ҳаво ҳужуми турли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қаттиқ хавотир билан қарши олинди.
Ушбу ҳолатлар бўйича Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг махсус баёнотини тарқатди.
Унда айтилишича, Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Низоми ва халқаро мезонларни қўпол равишда бузиб Эроннинг тинч мақсадларга йўналтирилган ядро объектларига AҚШ томонидан қилинган ҳарбий тажовузни кескин қоралайди ҳамда AҚШ ҳукуматини мазкур жиноятга доир жуда хавфли оқибатлар учун масъул ва жавобгар деб ҳисоблайди.
“Исроил режими билан жиноий ҳамкорликда БМТ аъзоси бўлган давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва миллий суверенитетига қарши AҚШ томонидан қилинган ҳарбий тажовуз яна бир бор мазкур давлат ҳукмрон қатламининг разолати ҳамда ушбу ҳукуматнинг тинчликсевар ва мустақилликка интилувчи Эрон халқига нисбатан чуқур адовати ва нафратини намоён қилади, - дейилади мазкур баёнотда. - Эрон Ислом Республикаси AҚШ ҳарбий тажовузи ва бу режим томонидан уюштирилган жиноятларга бор кучи билан қаршилик кўрсатиш ҳамда мамлакат миллий манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг қонуний ҳуқуқи деб билади”.
Баёнотда айтилишича, AҚШнинг Эрондаги тинч мақсадлардаги ядро объектларга қилган ҳарбий тажовузи нафақат БМТ Низоми 2-моддаси 4-бандида назарда тутилган “зўравонликка йўл қўймаслик, ҳудудий яхлитлик ва миллий суверинитетни ҳурмат қилиш” сингари тамойилларни қўпол равишда бузиш, балки БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2231-сонли резолюцияси ҳамда Ядро қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) талабларига мутлақо зиддир. Aчинарлиси мазкур жиноят БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси – AҚШ томонидан амалга оширилмоқда.
Эрон Ислом Республикаси БМТ, Хавфсизлик Кенгаши, Бош котиб, Халқаро атом энергияси агентлиги ва бошқа тегишли халқаро ташкилотларни бу жиноятга қарши зудлик билан кескин чора кўришга чақириб, бу очиқ тажовузкорона ҳаракат қаршисида сукут сақлаш жаҳонни мислсиз ва кенг қамровли хатарга дучор қилишидан огоҳлантиради.
Эрон Ислом Республикаси БМТнинг таъсисчи аъзоларидан бири сифатида мазкур ташкилот ҳамда унинг ҳар бир аъзосидан AҚШ томонидан амалга оширилган ушбу очиқ-ойдин қонунбузарликка нисбатан холисона муносабат кутади ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашидан фавқулодда йиғлиш ўтказиб, AҚШ томонидан Эронга қарши қилинган ҳарбий тажовузни кескин қоралашини ҳамда ушбу давлатга нисбатан халқаро тамойил ва мезонларни қўпол равишда бузганлиги учун чора кўришни сўрайди.
“Жаҳон ҳамжамияти AҚШнинг дипломатик музокаралар жараёнида дипломатияга хиёнат қилиб, геноцид уюштираётган ва халқаро қонунчиликка хилоф равишда иш тутаётган Исроил режими ҳарбий тажовузини қўллаб-қувватлаганини, шунингдек, энди унинг ўзи сионситик режимга шерик сифатида Эронга қарши хавфли урушни бошлаганини унутмаслиги керак, - дейилади мазкур баёнот сўнгида.