АсосийДунё

Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти бўлди

Халқаро муносабатларда нималар кутиляпти?

'Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти бўлди'ning rasmi

2017-2020 йилларда АҚШни бошқарган Дональд Трамп 2024 йил 5 ноябрда ўтказилган сайловлар натижасида 47-президент сифатида Оқ Уйга қайтди. Янги президент ички сиёсатни қандай ташкил этиши америкаликларни қизиқтираётган бўлса, хорижликлар АҚШ билан навбатдаги 4 йил муддатга алоқалар қай йўсинда ривожланишидан ташвишга тушаётир.

Трамп ўз лавозимига 2025 йил 20 январдан кейин киришади. Гарчи “чўлоқ ўрдак(сиёсатда - лавозимидан кетиши аниқ бўлган, бироқ ҳали ваколат муддати бор мансабдор – таҳ.) бўлмиш Жо Байден ҳали от устида турган бўлса-да, ҳозирданоқ Трамп аллақачон АҚШ президентидек қабул қилинмоқда ва ўзгаришлар ҳозирданоқ бўй кўрсата бошлаган. Айниқса Трамп Оқ Уйга келса, амалга оширишни ваъда қилган чоралар билан боғлиқ соҳаларда бу ўзгаришлар эпкини кучлироқ эсмоқда.

Масалан, Трампни маънан ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган Илон Маскнинг янги маъмуриятда лавозим олиши кутилмоқда. Ҳозирданоқ унинг компаниялари акциялари қимматлаб кетган ва унинг бойлигига бойлик қўшган.

Ёки бўлмаса, Трамп криптовалюталарга кенг эътибор қаратиш кераклигини таъкидлагани боис, биткоиннинг нархи кескин учиб, ўз тархидагиянги рекорд натижа – 71000 долларга чиқди.

Хитой билан муносабатлар

Қайд этиш жоиз, агар Америка жаҳоннинг иерархик тартибини ўзининг етакчилигида сақлаш йўлини давом эттирса (ҳозирча бунинг ўзгариши учун асослар кўринмаяпти), унда «бир қутбли дунё лаҳзаси»ни узайтиришнинг ягона йўли  Россия ва Хитойни тийиб туриш бўлади.

(https://features.csis.org/2024-us-election-global-impact/)

Шу сабабли, келгуси тўрт йил ичида АҚШ ва Россия ёки АҚШ ва Хитой ўртасида конструктив муносабатлар қайта тикланиши эҳтимоли жуда паст. Россия билан қарама-қаршилик асосан геосиёсий тусга эга бўлса, Хитой билан рақобат иқтисодий йўналишда давом этиши кутилмоқда.

Трамп, худди биринчи муддатдагидек, Хитойга нисбатан қарама-қарши сиёсатини давом эттириши мумкин. Бунга қаттиқроқ тарифлар ва санкциялар, Хитой сармоясининг AҚШга киритилишини назорат қилиш ва Хитой компанияларининг Aмерика технологияларига киришини чеклаш киради. Трампнинг Хитойга муносабати Тайван ва Жанубий Хитой денгизи бўйича кескинликни кучайтириши, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва илмий алоқаларни мураккаблаштириши мумкин.https://www.chathamhouse.org/publications/the-world-today/2024-09/what-second-trump-presidency-would-mean-world)

Европа Иттифоқи билан алоқалар

Европа, агар Трамп ғалаба қозонса, катта қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Мисол учун, янги савдо тўсиқлари ва иқлим масалалари бўйича чекланган ҳамкорликка олиб келиши кутилмоқда. Баъзи таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, Трамп НAТОни қўллаб-қувватлашни қайта кўриб чиқишга ёки ҳатто камайтиришга мойил бўлади, бу эса Европа мамлакатларига мудофаа юкини оширади.(https://www.theatlantic.com/if-trump-wins/)

Трамп Европа Иттифоқи ва НАТО билан алоқаларни қайта кўриб чиқишга ваъда бергани боис, ЕИ ҳозирданоқ ўз мудофаа стратегиясини АҚШга суянмаган сценарийларда қайта кўриб чиқиш ҳаракатларини бошлаган.

Эътиборлиси, ҳозирданоқ доллар курси глобал миқёсда еврога нисбатан ўса бошлаган. Зеро, аввалроқ Трамп ғалаба қозонса, Европадан келадиган қатор товарларга катта божлар жорий этишга ваъда берган эди. Трамп, шунингдек, кўпгина товарларни АҚШда ишлаб чиқариш, Хитой ва бошқа давлатларга чиқиб кетган Америка компанияларини Америкага қайтаришга ваъда бериб келади.

Яқин Шарқ

Яқин Шарқда Трамп “Биринчи навбатда Aмерика” ёндашувини давом эттириши мумкин. Бу санкциялар сиёсатига қайтиш мумкин бўлган Эрон билан муносабатларга ва минтақавий можароларда Исроилни қўллаб-қувватлашга таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, AҚШнинг Форс кўрфазидаги ҳарбий мавжудлигини қайта кўриб чиқиш ёки чеклаш мумкин, бу Хитой ва Россия каби бошқа йирик ўйинчиларнинг таъсирининг кучайишига олиб келиши мумкин. https://www.chathamhouse.org/publications/the-world-today/2024-09/what-second-trump-presidency-would-mean-world)

Исроил эса ҳозирданоқ байрамни бошлаб юборган. Зеро, АҚШ президентлари орасида ҳеч бири Трампчалик Исроилни қўллаб-қувватлаган эмас. Трамп аввалги президентлик муддатида (2017-2020) АҚШ элчихонасини мунозарали Қуддус шаҳрига кўчирди. Исроилнинг Жолан тепаликларига бўлгандаъвосини тан олди. Эндиги муддатда эса Исроил БМТ резолюциялари ҳамда халқаро келишувларга зид равишда Ғарбий соҳилда босиб олган ерларни ҳам тан олишидан хавотирлар кучайган. Бундай бўлса, Фаластин учун ажратилган ерларнинг фақат Ғазо сектори қолади. Ғазо эса аллақачон Исроил томонидан вайрон қилиниб, ҳарбий исканжага олинган. Демакки, мустақил Фаластин давлати тузиш ғояси мантиқсиз бўлиб қолади.

Трамп президентлиги даврида Эрон билан муносабатлар кучли босим ва санкциялар билан ҳамроҳликда давом этади. У Теҳронни ядровий дастурини чеклашга мажбурлашга, унинг минтақавий таъсирини камайтиришга ҳаракат қилади. Дипломатик музокаралар эҳтимоли кам, асосий йўналиш санкциялар ва Эроннинг иқтисодий жиҳатдан заифлаштириш бўлади.

Туркия билан муносабатларда яқин алоқалар сақланиб қолади. Трамп Яқин Шарқдаги ушбу ҳамкорликни сақлаган ҳолда босим ва савдо музокараларида ўз манфаатларини олдинга суради, айниқса НАТО ва Сурия масалаларида эҳтиёткорона ёндашиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Трамп араб давлатлари билан стратегик ҳамкорликни давом эттиради. Асосий эътибор нефть, қурол-яроғ савдоси ва Эронни тийиб туриш масалаларига қаратилади. Мазкур давлатлар билан яқин иқтисодий ва ҳарбий алоқаларни мустаҳкамлаш Трамп сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолиши шубҳасиз.

Россия ва Украина урушига таъсир

Aсосий масалалардан бири - Трампнинг Россияга нисбатан позицияси ва Украинадаги уруш бўлади. Унинг президент сифатидаги биринчи муддати Кремлга нисбатан юмшоқроқ ёндашиш тенденциясини кўрсатди ва бу яна юзага чиқиши мумкин. Aгар Украинани қўллаб-қувватлаш, ҳам молиявий, ҳам ҳарбий жиҳатдан пасайса, Европа ўзининг шарқий чегараларида хавфсизлик ва Украинани иқтисодий қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур бўладиган вазиятга тушиб қолади.(https://www.theatlantic.com/if-trump-wins/)

Мигрантларнинг “Трамп талвасаси”

Трамп аввалги президентлик муддатида АҚШганоқонуний мигрантлар кириб келадиган ҳудуд –Мексика билан чегараларни мустаҳкамлашга киришган ва баланд темир девор қурдиришни бошлаган эди. Ҳеч шубҳасиз бу иш яна давом эттирилади. Шунингдек, Трамп Мексика билан чегарада ноқонуний мигрантлар оқимини тўхтатиш учун чуқур ҳандақ қазиш, мигрантларни оёғидан отиб бўлса ҳам тўхтатиш, АҚШдаги  нолегал мигрантларнинг ҳаммасини ҳайдаб чиқариш, бирор қоидабузарликка йўл қўйган хорижликларни аяб ўтирмасдан ҳайдаш каби ғоялари билан ҳам машҳур. (https://www.nytimes.com/2019/10/01/us/politics/trump-border-wars.html)

Бу сиёсатдан ҳадиксираган нолегал мигрантлар ҳозирданоқ хавотирга тушган. Мексика билан чегараларда эса ҳақиқий “Трамп талвасаси” бошланган: хорижликлар Трамп расман президентлик лавозимига ўтиришигача, яъни 2025 йил 20 январгача АҚШга ўтиб олишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишмоқда.

Умуман олганда...

Трампнинг иккинчи муддати, эҳтимол, АҚШ ичида миллатчилик сиёсатининг кучайишига олиб келади, унинг халқаро майдондаги қарорларини AҚШ манфаатлари шакллантиради. Бу асосий иқтисодий рақобатчиларга нисбатан тажовузкор сиёсатни, кўп томонлама ташаббусларга камроқ эътибор беришни ва иттифоқчиларга мудофаа бюджетларини ошириш учун катта босимни англатиши мумкин. Жаҳон сиёсатидаги вазиятни олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолга келади ва глобал иттифоқлар янада мослашувчан бўлади, бу еса, айниқса, Европа ва Осиёда таъсир доираларининг қайта тақсимланишига олиб келади.

Бу омиллар дунё сиёсий ва иқтисодий инқирозлар ва ўзгаришларнинг янги тўлқинига дуч келиши мумкинлигини кўрсатади.

                                     Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар