АсосийСиёсат

Ижтимоий солиқ бўйича имтиёз энди камида 3 млн сўм ойлик оладиган ва 30 ёшгача бўлган ишчиларга қўлланилади

Хизматлар сектори учун 1 фоизлик ижтимоий солиқ ставкаси бўйича имтиёз муддати яна 3 йилга узайтирилади.

'Ижтимоий солиқ бўйича имтиёз энди камида 3 млн сўм ойлик оладиган ва 30 ёшгача бўлган ишчиларга қўлланилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Уч йил олдин бу борада катта дастур қилингани бугун натижасини бераяпти. Сервис соҳасида қўшимча 1,5 миллион аҳоли доимий даромадга эга бўлди. Хизматлар миқдори 2018 йилдаги 19 миллиард доллардан 65 миллиард долларга ошди. Айниқса, ахборот технологиялари, молиявий хизматлар, туризм, авиация, таълим ва тиббиёт соҳаларида “катта сакраш” бўлди.

Булар яхши, албатта. Лекин имкониятлар бундан жуда кўп. Уларни ҳаётга татбиқ этишда ҳудуд ва соҳаларда яхлитлик йўқ.

Масалан, Хоразмга 6 миллион турист жалб этиш режа қилинган. Лекин бунинг учун самолёт ва поездлар қатнови етарли эмас. Тиббиёт, авиация ва энергетикада хусусий сектор иштирокидаги лойиҳалар 20 миллиард доллардан ошган. Аммо ичимлик суви, канализация ва йўл қурилишида бундай лойиҳалар деярли йўқ.

Йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, ҳудуд ва соҳалардаги улкан имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги етти йилда аҳоли даромади ва тўлов қобилияти 2 карра ўсгани натижасида хизматларга талаб ортаётгани қайд этилди. Бунинг учун вазирлар ва ҳокимлар хизмат турларини кўпайтириш бўйича ҳар куни изланиб, тадбиркорларга йўл очиши кераклиги таъкидланди.

Бу йил хизматлар ҳажмини 15 фоизга ошириб, 82 миллиард долларга, экспортини эса 8,5 миллиард долларга етказиш, соҳада 2,5 миллион одамни даромадли қилиш мўлжалланган.

Энг катта имконият банк-молия соҳасида. Жумладан, девелоперларга янги мавзелар ҳудудининг 10-15 фоизини нотурар жойга ўтказишга рухсат берилган. Бундан самарали фойдаланиш мақсадида, банклар орқали девелоперлардан мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ва тадбиркорларга қулай шартларда ижара ёки лизингга бериш таклифи билдирилди. Бу орқали 50 минг квадрат метр нотурар жойлар муомалага кириши, 100 минг иш ўрни яратилиши мумкин.

Молиявий хизматлар ҳажмини 30 фоизга ошириш кўзда тутилган. Маҳалла банкирлари иш бошлаб, аҳолига яқинлаштирилгани бунда қўшимча имконият. Хусусан, одамлар кўп мурожаат қиладиган кадастр, солиқ, адлия маълумотларини банкларнинг ахборот тизими билан боғлаш хизматлар ҳажмини оширади.

Бу йилдан туманларда сервисни ривожлантириш бўйича янгича ёндашув бўлади. Бу борада 1 минг 156 та драйвер лойиҳа маҳаллий кенгашларда тасдиқланди. Уларнинг инфратузилмасига 1 триллион сўм йўналтирилади.

Жумладан, жорий йилда 72 та соҳил бўйи дам олиш масканлари, туну кун ишлайдиган 154 та туризм ва гастрономик кўчалар ташкил этилади. 62 та истироҳат боғи замонавий қиёфага келтирилади. 364 та йўл бўйи ва бошқа сервис объектлари барпо қилинади.

Икки йил олдин савдо ва хизматлар соҳасидаги корхоналарга ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланган эди. Ўтган даврда корхоналар сони 1,5 карра ошган. Муҳими, кўп тадбиркорлар “соя”дан чиқиб, ойлик маошни тўғри кўрсатишга ўтгани натижасида иш ҳақи 3,2 карра кўпайиб, қўшимча 2,1 триллион сўм солиқ тушган.

Шуларни инобатга олиб, мазкур имтиёз муддатини яна уч йилга узайтириш таклифи маъқулланди. Энди, бу имтиёз сервис корхоналарининг камида 3 миллион сўм ойлик оладиган 30 ёшгача бўлган ишчиларига қўлланади. Қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган меҳнат шартномаси тузиши мумкин бўлади.

Сўнгги уч йилда 27 турдаги давлат хизматлари хусусий секторга берилди. Лекин вазирликлар тизимида тадбиркорлар қила оладиган хизматлар ҳали кўп. Бу йил яна 29 та давлат хизмати хусусий секторга ўтказилиши айтилди.

Ер участкалари ва давлат мулкини ижарага олиш ёки хусусийлаштириш бўйича очиқ, шаффоф, манфаатли шартларни ишлаб чиқиш ҳамда тадбиркорларга эълон қилиш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 20 декабрда имзоланган ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимига оид фармони бу борада катта имконият яратди. Унга кўра, бу йил 1 мартдан бошлаб, 10 минг квадратгача бўлган ва 6 ой давомида сотилмаган туманлардаги давлат объектлари тадбиркорларга 10 йилга тўғридан-тўғри ижарага берилади. Тўрт йил давомида ижара ҳақи вақтида тўланса, бу жой тадбиркорга хусусийлаштириб берилади. Ёшларни IT ва чет тилига ўқитиб, халқаро сертификат берадиган тадбиркорлар биринчи йил ижара тўламайди.

Давлатимиз раҳбари масофавий хизматлар экспортини янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун хорижий давлатлардаги хизматлар бозори ва талабларни ўрганиб, шунга мос мутахассислар тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Бу йил креатив иқтисодиётдаги стартап лойиҳалар учун 50 миллион доллар ажратилган. Бу орқали ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, чет эл компанияларида ишлаётган юртдошларимизни жалб этиш мақсад қилинган.

Умуман, жорий йилда IT хизматлари ҳажмини 30 фоиз ўстириб, 80 триллион сўмдан, экспортини 1 миллиард доллардан ошириш имконияти борлиги айтилди. Ҳудуд ва тармоқлардаги хизматларни рақамлаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Сервисни ривожлантиришда қулай транспорт инфратузилмаси жуда муҳим. Ўтган йили транспорт хизматлари 8,6 фоизга ўсиб, 145 триллион сўмни ташкил қилди. Лекин, юқори иқтисодий ўсиш учун бу етарли эмас.

Шу боис мамлакатимиз шаҳарлари ўртасида самолёт ва поезд қатновларини кўпайтириш, мультимодал логистика марказлари қуриб, транзит юк улушини ошириш, таксиларга қулайликни кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Булар орқали жорий йилда транспорт хизматлари ҳажмини 185 триллион сўмга, экспортини 2,3 миллиард долларга олиб чиқиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Хизмат йўналишида энг катта соҳа бу туризм. Сўнгги йилларда 90 дан ортиқ давлатлар билан алоқалар яхшилангани натижасида хорижлик сайёҳлар қарийб 4 карра ошди. Ўтган йили туризм хизматлари экспорти 3,5 миллиард доллар бўлди.

Лекин мамлакатимизнинг салоҳияти бундан анча юқори. Масалан, Малайзия ва индонезиялик мусулмоқлар Умрага боришдан олдин алломаларимиз қабрини зиёрат қилишни хоҳлайди. Улар учун “Умра плюс” хизмати йўлга қўйилиши белгиланди.

Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро, Хива ва Тошкентдаги туристик мажмуаларда халқаро концерт ва форумлар ўтказиш кўпчиликни ўзига тортади. Ташриф буюрувчилар меҳмонхона, ресторан, савдо ва бошқа кўнгилочар масканларга ҳам мижоз бўлади.

Ижтимоий соҳаларда ҳам имкониятлар кўп. Масалан, ўтган йили “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури йўлга қўйилган эди. Бу хорижий фуқароларни даволаш ва экспортни ошириш учун қулайлик.

Сўнгги саккиз йилда 125 та янги олий таълим ташкилоти очилган. Лекин бу соҳадаги экспорт имкониятларга мутлақо мос эмас. Ёки бўш турган айрим маданият ва санъат марказларини ҳам хусусий секторга бериш мумкин.

Йиғилишда Президентимиз мутасадди ва тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Соҳа масъуллари бу йил ҳудудларда 2 миллион 500 минг аҳолини банд қилиш режалари юзасидан ахборот берди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси бошчилигидаги делегацияни қабул қилди'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 17:17

    Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

    Бўлажак "Марказий Осиё + Япония" форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик доирасида минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

    'Равшан Усмонов Ўзбекистоннинг Исландиядаги биринчи элчиси бўлди'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 15:36

    Равшан Усмонов Ўзбекистоннинг Исландиядаги биринчи элчиси бўлди

    Икки давлат дипломатик муносабатларни 1997 йилда ўрнатган.

    '“Конвертда” ойлик тўлаётган тадбиркорлар устидан назорат кучайтирилади — Президент'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 11:43

    “Конвертда” ойлик тўлаётган тадбиркорлар устидан назорат кучайтирилади — Президент

    Корхоналар ойликни тўғри кўрсатишга ўтгани ҳисобига, иш ҳақи 3,2 карра кўпайиб, қўшимча 2,1 триллион сўм солиқ тушган.

    'Онлайн кредит олиш тартиби соддалаштирилади'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 11:28

    Онлайн кредит олиш тартиби соддалаштирилади

    Президент давлат банклари онлайн хизматлар кўрсатишда хусусий банклардан орқада қолиб кетаётганини қайд этди.

    'Малайзиянинг “AirAsia X” авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсат олди'ning rasmi

    Сиёсат 06.02.2025 16:59

    Малайзиянинг “AirAsia X” авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсат олди

    Тошкент – Куала-Лумпур йўналишида ҳафтасига жами 5 та қатнов амалга оширилмоқда.

    'Ўзбекистонда Малайзия ҳамкорлигида дрон ишлаб чиқарилади'ning rasmi

    Сиёсат 06.02.2025 09:33

    Ўзбекистонда Малайзия ҳамкорлигида дрон ишлаб чиқарилади

    Шунингдек, келишувга кўра, “Девзира” шоли уруғлари Малайзияга жўнатилади