Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстратсияси раҳбари Саида Мирзиёева бугун, 27 октябрь куни АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау бошчилигидаги Америка делегацияси билан конструктив учрашув ўтказди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакиллари Ўзбекистонда кейинги 8 йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шиддати ва жадал суръатини қайд этган.
“Биз мамлакатлар ўртасида савдо соҳасида очилаётган имкониятларга алоҳида эътибор қаратдик. Жамоат хавфсизлиги борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашдик”,— дейди Мирзиёева.
Бундай учрашувлар томонларнинг салоҳиятини яхшироқ тушуниш ва рўёбга чиқариш имконини беради. Зеро, мамлакат ўзининг очиқлик сиёсати билан таълим, маданият, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда тобора кўпроқ ҳамкорларни жалб этмоқда.






