АсосийSUG'DIYONA

«Келгин, ёр, «телеграм»лашмайлик!»

Замонасига ҳам ҳайрон қоласан киши. Кечагина «agent»им бор десангиз, сизга кўзларини катта-катта очиб қарайдиган одамлар бугун «телеграм»да қўним топган. Ишонмайсизми, сиз ҳам бир кириб кўринг. Оғзингизни очиб, ёқангизни ушламасангиз, «телеграм»имни қайтадан ёқтираман…

 

Аслида мен фақирга бу «боғу бўстон»да не бор эди, билмайман. Тасодифан, билмасдан, бир адашиб кириб қолдим-да. Кирдим-у, бу «чаманзор»да бошгинам айланиб кетди. Ҳаммасига ўзи Жўрақул айбдор. Бир куни «SMS» жўнатиб юборибди: «“Galaxy”им бор дейсан, ажаб-ажаб, Нега «телеграм»га кирмайсан, ажаб-ажаб?» деб. Мен ажабаланиб ўтирмадим, «бор барака» дея, шу зормандани ҳам ёқдим. Жуда қулай экан.

Ким керак бўлса, ҳамма шу ерда. Масалан, ишхонамиздаги ошпаздан тортиб, котибагача…

Тушлик пайти «Ошхонамизда нима экан-а?» деб бош қотириб ўтирмайсиз, дарровгина «телеграм»га кирасиз. Овқат менюси ошхоначи холанинг (буви деса ҳам бўлаверади, етмишларга яқинлашиб қолган) статусида ярқираб туради: макарон шўрва, макарон қовурдоқ, макарондан димлама…

«Раҳбарнинг кайфияти қандай экан, меҳнат таътили олиш масаласида ҳузурига кирсам», дея бош қотириб ўтирмайсиз, «телеграм»га ташриф буюрсангиз, котибадан ҳаммасини билиб оласиз. Йўқ, ўзидан сўраб, «ғийбат қилиш» шартмас. Статуслари гапиради бу ҳақда. Масалан, «Эрталабдан кайфиятингизни кимдир туширса, кун давомида ишингиз юришмас экан», дея ёзилган бўлса, билаверинг, бугун бошлиқ чап ёни билан турган.

Яна биласизми, қўлингиз билан бериб, оёғингиз билан ололмай юрган қарзингизни ундуришга ёрдам бераркан бу «жонимизнинг оро»си. Ернинг тагига кириб кетгандек дам-дараксиз йўқолган, телефонини кўтармайдиган «дўст»ингизни ҳам «телеграм» орқали нишонга олаверасиз-да…

Яна «группа»лар ҳам айни муддао. Синфдошлар борми, чойхоначилар борми, ишхонадагиларми, ўзларича гуруҳ тузиб олишган. Ҳамма гапни бирга очиқчасига муҳокама қилаверасиз-да! Бу ёғи сирлар ошкор бўлиб, муносабатлар «мустаҳкамланиб» боравераркан…

Хуллас, ҳаммаси менинг фойдамга бўлаётганди. Ҳеч зарар кўрмаётгандик. Аммо, минг таассуфлар бўлсинки, хоним афандимизнинг ҳам кўнгли «телеграм»ни тусаб қолди. «Қани, жуда бошингизни кўтара олмай қолдингиз, биз ҳам бир кўрайлик...» деса бўладими? Наилож, илтимоснома буйруғини рад этолмадик. Қўрқадиган жойим бўлмаса, ахир?! Тўғри юрсам, «телеграм»да ҳеч кимга гап отмасам, нимадан қўрқаман, айтинг, биродарлар?!

Аммо хотин аканинг қўрқитгани минг марта дуруст экан. Ҳа, бир ой ичида бунга амин бўлдим. Бу балои азим унга ёқиб қолса денг. Нақ йигирма тўрт соат «ёниқ»лар. Излаган одам «телеграм»дан бир зумда топиб олади. «Дугоналар, бормисиз?», «Холамнинг қизлари», «Гапчиларнинг гапи», «Эрларимиздан яширганларимиз» каби ўнлаб «группа»ларга аъзо. Ўзи билан ўзи овора бўлса, майлига эди... Ҳар соатда битта расм, ўнта гап ёзиб жўнатиб турадилар. Мана, оддий, аммо менинг қон босимимни оширадиган хабарлар: «Дадаси, кечки овқатга нима қилсам экан?», «Дадажониси, кечки овқатга димлама пиширсам-чи?», «Димламанинг картошкасини шунақа қилиб тўғрасам, нима дейсиз?» (тўғралган картошка сурати билан), «тузини кўраяпман таомни» (яна расм), «Овқат тайёр» (яна сурат). Хуллас калом, бу ёғи қулоғим қўнғироқлардан тинчиб, кўзим хабарлардан ола-кула бўлиб кетаверади. Гўёки кундалик гап-сўзлардан мени бахобар қилиб турадилар. Бир нима десангиз, «Сиздан нима кетди, ахир бу бечорага қанчагина пул сарфлардик? Арзон ва қулай бўлса…» дейди кўзларини пирпиратиб. Гап пулда эмас, дилда хотинжон дегим келади-ю, яна «Дардини берган давосини ҳам берар», деб арқонни узун ташлайман. Аммо узун ташланган арқон бир куни узилди. Арқон-ку, майли, ришталар ҳам узилай деб қолса, денг. Пичоқ келиб суякка қадалди. «Атрофингда мен сарсон, Чиқолмайсан «телеграм»дан» деб куйлавордим ҳам охири. Ахир, бу ҳаётда, менинг ёнимда, уйимизда яшаётгани йўқ. У «телеграм»да умр кечираяпти, нафас олаяпти. Туйғуларини ҳам бир парча темир орқали «статус»ларига битиб қўяди. Ёнидаги паҳлавонга эса эътибор бериш йўқ. Кийимлар ювилмаган, тугмалар қадалмаган, пиёзлар куйиб кетган, юрак эса тошдек қотган. Мен ҳам ўйлай-ўйлай йўлини топдим. Иккимизнинг ҳам телефонимиздан «телеграм»ни ўчириб ташладим. Аввалига анча аразлаб юрди, қайтадан ўрнатиб олмоқчи эди, чил дилдан илтимос қилдим:  «Кел, ярашайлик, чақчақлашайлик, аммо «телеграм»лашмайлик». Ҳозирча, илтимос ўз кучида. Ишқилиб, ҳаммаси орқада қолгани рост бўлсин!

СУВОНҚУЛ

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар