АсосийЖамият

Болаларни қутқарайлик! Рақамли даврнинг яширин хавфлари ҳақида хавотирли маълумотлар

“Childlight Global Child Safety Institute” томонидан 2024 йили эълон қилинган маълумотга кўра, дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ бола онлайн жинсий зўравонлик ва эксплуатация қурбони бўлган.

'Болаларни қутқарайлик! Рақамли даврнинг яширин хавфлари ҳақида хавотирли маълумотлар'ning rasmi

“Childlight Global Child Safety Institute” томонидан 2024 йили эълон қилинган маълумотга кўра, бутун дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ бола онлайн жинсий зўравонлик ва эксплуатация қурбони бўлган. Бу рақам фавқулодда ҳолат даражасида бўлиб, глобал хавфсизлик, рақамли технологиялар ва болаларни ҳимоя қилишда жиддий хавф мавжудлигини кўрсатади. Умуман олганда, 300 миллион бола дегани – бу дунё бўйича тахминан ҳар 3 боладан 1 нафари (0-17 ёш оралиғида) ҳаётида бир марта бўлса-да, онлайн жинсий эксплуатацияга ёки зўравонликка дуч келганини англатади. Таъкидлаш жоизки, БМТнинг махсус эксперти сўзларига кўра, 2025 йилга келиб болаларга нисбатан онлайн жинсий зўравонлик ва эксплуатациянинг янги шакллари пайдо бўлиши мумкин, дея огоҳлантиради.

Бугун интернетнинг чексиз имкониятлари туфайли дунё маданиятлари “қоришуви” юзага келди. Натижада турли қадрият ва ахлоқий меъёрларга эга ёшлар виртуал маконда бир-бирига яқинлашди, бу эса педофилия каби жиноятларни тарғиб қилиш ва уларга нисбатан хавфни кучайтириш имкониятларини яратди. Ғарбда жинсий эркинлик ва шахсий ҳуқуқлар устувор бўлиб, баъзи маданиятлар болаларга нисбатан педофилларга қарши чораларни заифлаштириши мумкин. Чунки ёшларни жинсий эркинликни англаш ва ўз танасини ифода қилишда тарбиялашга катта эътибор қаратилган. Шу билан бирга, Шарқ маданиятида болаларни ҳимоя қилиш ва ахлоқий покликни сақлашга катта аҳамият берилган, лекин Интернет орқали ноқонуний материалларнинг тарқалиши ва онлайн grooming каби таҳдидлар бу қадриятларни синовдан ўтказмоқда.

Виртуал маконнинг кенг имкониятлари педофиллар учун ўз жиноятларини яширин амалга ошириш, ёшлар ишончини қозониб, уларни манипуляция қилишнинг янги, хавфли усулларини яратиб бермоқда. Дастлаб одамлар ўртасида мулоқот қилиш, ахборот алмашиш ва ўзини намоён этиш учун яратилган “Instagram”, “TikTok”, “ВКонтакте”, “Snapchat” каби ижтимоий тармоқлар бугун айрим жиноятчилар қўлида болалар ва ўсмирларга нисбатан суиистеъмол қилиш воситасига айланмоқда. Улар сохта аккаунтлар орқали болалар билан алоқа ўрнатиб, кейинчалик уларни психологик таъсирга олиш, интим материалларни ундириш ёки шахсий учрашувларга жалб қилиш каби хавфли ҳаракатларни амалга оширишга уринади. Бу эса виртуал муҳитдаги таҳдидларнинг жиддийлигини ва ёшларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ, тизимли чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Бундан ташқари, “Telegram”, “WhatsApp “каби мессенжерлардаги ёпиқ гуруҳлар кўпинча болалар эксплуатацияси билан боғлиқ маълум контентни тарқатиш учун фойдаланилади. Ижтимоий платформалардаги маълумотлар оқимининг кўплиги сабаб кўпинча қоидабузилишлар ўз вақтида аниқланмай қолади. Бу эса жиноятчилар учун анча қўл келади.

Интернетдаги яна бир хавфли майдон – бу даркнет. “Tor” браузери орқали фойдаланиладиган ушбу платформалар ноқонуний контент, жумладан, педофилия билан боғлиқ материалларни тарқатиш учун ишлатилади. Жиноятчилар VPN ва шифрлаш технологиялари орқали ўз фаолияти ва жойлашувини яшириб, ҳуқуқ-тартибот органларининг ишини қийинлаштиради.

Юқорида келтирилган фикрларнинг далили сифатида 2021 йили Германияда 400 мингдан ортиқ фойдаланувчи бўлган йирик педофил тармоғи – “Boystown” фош этилди. Бу тармоғ орқали минглаб болалар устидан жинсий зўравонлик содир этилган ва улар томонидан ишлатилган порнографик материаллар доимий равишда тарқатилган. Бу ҳолат даркнет (яширин тизим) тармоқларининг болаларга нисбатан жинсий эксплуатацияни кучайтиришда қандай роль ўйнашини кўрсатади. “Интерпол” ва “WeProtect Global Alliance” маълумотларига кўра, интернетда болаларга нисбатан жинсий эксплуатация ва зўравонлик ҳолатлари глобал миқёсда тобора кенгайиб бормоқда. 2022 йили АҚШда Йўқолган ва эксплуатация қилинган болалар миллий маркази (NCMEC) 32 миллиондан ортиқ шубҳали материаллар ҳақида хабар қайд этган, бу эса 2021 йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Европада, айниқса, Нидерландия, Словакия каби давлатлар болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материалларини жойлаштиришда марказий роль ўйнамоқда. UNICEFнинг глобал ҳисоботига кўра, ҳар йили тахминан 2 миллион бола тижорий жинсий эксплуатация қурбонига айланиши мумкин, бу жараённинг муҳим қисми интернет орқали амалга оширилади.

Ўзбекистонда бу глобал муаммога жиддий эътибор қаратилмаётгани 2023 йили юз берган “Хоразм иши” мисолида кўришимиз мумкин. Хоразм вилоятидаги мансабдор шахсларнинг болаларга нисбатан жиноятлари кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Бу ҳолат болаларга нисбатан зўравонликни жиддий муаммо сифатида тан олишнинг зарурлигини яна бир бор кўрсатди. Кўпчилик, жумладан, блогерлар ва фаоллар, қонунчиликни кучайтириш ва педофилларга кимёвий кастрация каби қатъий жазоларни жорий этишни талаб қилишди. Ўзбекистонда интернетдаги болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материалларининг тарқалиши ҳали тўлиқ назорат қилинмаяпти, бу эса вазиятни янада кескинлаштириши мумкин.

Ҳар лаҳзада дунё бўйлаб миллионлаб болалар, жумладан, Ўзбекистондаги болалар ҳам интернетда – чатлар, ўйинлар ва ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этмоқда. Улардан бири айнан шу пайтда номаълум шахсдан дўстона, аммо яширин ниятлар билан ёзилган хабарни қабул қилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳолат ота-оналар, ўқитувчилар ва жамият учун жиддий хавотир уйғотади. Болалар ким билан мулоқот қилаётганини назорат қилиш имкони йўқлиги ҳамда таҳдидни дарҳол англаб ета олмаслик интернетни ҳақиқий хатар маконига айлантиради. Ҳар бир лайк, изоҳ ёки дўстлик таклифи ортида яширин хавф бўлиши мумкин. Бу эса болаларни ҳимоя қилиш учун тайёргарлик даражасини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Педофилия ва болаларга қарши жиноятларга қарши самарали кураш олиб бориш учун қонунчилик, технология ва таълим соҳаларида комплекс ёндашув зарур. Бугунги кунда кўплаб давлатлар рақамли муҳитдаги бундай жиноятларга қарши қатъий чоралар кўрмоқда. Масалан, Буюк Британияда қабул қилинган “Online Safety Act” (2023) орқали интернет-компаниялар болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий жавобгарликка тортилади. Унга кўра, агар платформа болаларга зарар етказувчи контентни ўз вақтида ўчирмаса, йирик жарималарга тортилиши мумкин. Facebook ва Google каби йирик компаниялар шубҳали контент ва хатти-ҳаракатларни аниқлаш учун сунъий интеллектга асосланган алгоритмлардан фойдаланмоқда. Бу тизимлар шубҳали сўзлар, расмлар ва фаолликни таҳлил қилиш имконини беради. Аммо жиноятчилар ҳам бу технологияларга мослашиб, шифрлаш ва бошқа яширин усуллардан фойдаланиш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишини қийинлаштирмоқда. Шу боис, бу соҳадаги алгоритм ва дастурлар доимий равишда такомиллаштирилиши лозим. Технологик чора-тадбирлар қанчалик муҳим бўлмасин, уларнинг таъсирини кучайтириш учун таълим соҳасида ҳам тизимли ишлар олиб борилиши керак. Болалар ва уларнинг ота-оналарини интернетдаги хавфлардан огоҳ қилиш, уларга тўғри рақамли хатти-ҳаракатни ўргатиш орқали профилактика қилиш мумкин. Бу мақсадда мактабларда рақамли саводхонлик дарсларини жорий этиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ахборот кампанияларини ташкил қилиш, шунингдек, ота-оналарга болалар фаолиятини назорат қилиш воситалари ҳақида таълим бериш, айниқса, муҳим.

Қисқача айтганда, интернет ва ижтимоий тармоқларда болалар хавфсизлиги – кечиктириб бўлмайдиган, долзарб муаммодир. Технологиялар ҳаётимизни енгиллаштираётгани сингари, улар янги хатарларга ҳам йўл очмоқда. Бу муаммони бартараф этиш учун давлатлар, IT-компаниялар ва жамият вакиллари ҳамкорликда ҳаракат қилиши шарт. Интернет эркинлигини сақлаган ҳолда, энг заиф гуруҳ – болаларни ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш зарур. Ушбу таҳдидларга қарши самарали кураш фақат инновациялар, қонунлар ва жамоавий онгни уйғунлаштириш орқали амалга ошиши мумкин. Фақат шундагина рақамли муҳитни барча учун хавфсиз маконга айлантириш мумкин.

Назим БЎРОНОВ,
мустақил тадқиқотчи

    Бошқа янгиликлар