АҚШ Европада жойлашган ҳарбийларининг 30 фоизини қайта жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Politico нашри NATO'даги манбасига таяниб хабар бермоқда.
"Европадаги Америка контингенти сезиларли даражада қайта гуруҳланиши эҳтимоли мавжуд. Қўшма Штатларнинг қитъадаги қўшинлари сони бўйича якуний қарор глобал кучлар мувозанатини кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинади. Пентагон якуний ҳисоботни сентябрь ойида эълон қилиши кутилмоқда", — деди Politico суҳбатдоши.
Нашр маълумотларига кўра, ҳозирда Европадаги АҚШ қўшинларининг сони 90 мингдан 100 минг нафаргачани ташкил этади. Қўшма Штатларнинг Европадаги ҳарбий контингентни қисқартириш режалари Ҳинд-Тинч океани минтақасида кескинликнинг кучайиши, шунингдек, Вашингтоннинг хориждаги ҳарбий мавжудлик учун харажатларни камайтириш нияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.