Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, 2030 йил 1 январдан бошлаб тиббий ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат тегишли мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтган шахсларга беш йил муддатга берилади. Рўйхатдан ўтмаган ходимларга ўз мутахассислиги бўйича касбий фаолият билан шуғулланиш тақиқланади.
2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача давлат рўйхатидан ихтиёрий равишда ўтиш мумкин бўлади. Бу махсус имтиҳон натижалари ёки малака тоифасини бериш жараёни орқали амалга оширилади.
Мутахассислиги бўйича камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражаси бор ходимлар махсус имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилади. Бироқ мурожаат вақтида уч йил ёки ундан кўпроқ муддат давомида мутахассислиги бўйича узлуксиз ишламаган ходимлар бундан мустасно.
Рўйхатдан ўтиш учун Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки тиббий малака платформаси орқали ариза бериш мумкин. Аризалар дам олиш ва байрам кунларини ҳам қўшган ҳолда, сутка давомида қабул қилинади.
Ваколатли орган аризани беш иш куни ичида кўриб чиқиб, ходимни махсус имтиҳонга қўйиш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади. Рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома электрон шаклда берилади, қоғоз нусхаси тақдим этилмайди.
Давлат рўйхатидан ўтган мутахассислар касбий фаолиятини давом эттириш учун ҳар беш йилда қайта рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.






