Ўзбекистонда Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Президент қарорига мувофиқ, вазирлик таълим, илм-фан ва илмий фаолият соҳаларидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, вазирликда аутсорсинг асосида Call-марказ ва қайта алоқа тизими йўлга қўйилади. Call-марказ орқали аҳолининг мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозлари қабул қилиниб, тезкор кўриб чиқилади ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтирилади.
Қайта алоқа тизими аҳоли ва таълим ҳамда илм-фан тизими ходимлари билан мунтазам мулоқотни таъминлаш, таълим хизматлари сифати ва оммабоплиги ҳақида маълумот олиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, таълим ва илм-фан вазири ҳузурида ўқувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилади.
Вазирлик ҳайъати 15 нафар аъзодан иборат бўлади. Унга вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлик ҳузуридаги агентликлар директорлари, етакчи олий таълим ташкилотлари ректорлари, олимлар ва педагоглар киради.
Қарор билан вазирга истисно тариқасида 2027 йил 1 февралга қадар вазирлик марказий аппаратига ходимларни тўғридан тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилди.
Бундан ташқари, Президент Администрацияси ҳузурида инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.
Вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси, Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳам фаолият бошлайди.
Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти тугатилади.
Аввалроқ Таълим ва илм-фан вазирига ўринбосарлар тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.






