АсосийSUG'DIYONA

Ажинлар нимадан қўрқади? Ёхуд эрта қаримаслик чоралари

Йиллар ўз муҳрини инсонларнинг чеҳрасида қолдирар экан. Юзда ажин пайдо бўлиши 29-30 ёшдан белгиланади. У аввало физиологик статус билан боғлиқ, қолаверса, турли нотўғри мимик ҳаракатлар туфайли ҳам эрта ажин тушишига ўзимиз сабабчи бўлишимиз мумкин. Крем, лосьон, турли-туман ниқоб, тониклар ажинларни ташқи томондан силлиқлаб турса-да, терининг ички қаватини ҳам ёшартириш фойдадан ҳоли бўлмайди. Саҳифамиздан эрта ажин тушмаслиги, тушган бўлса уларнинг кўпаймаслигига ёрдам берувчи маҳсулотлар ва айрим тавсиялар ўрин олган.

Ёнғоқлар

Ёнғоқлар боқий ёшлик меваларидир. Сабаби улар таркибидаги Е витамини ва Q10 коэнзим моддалари тери ҳужайраларини озиқлантириб, ёшартириш хусусиятига эга. Бунинг учун истаган ёнғоқ мағзидан кунига 50 гр. ейиш кифоя.

Қизил ва оловранг мевалар

Юзнинг тиниқ ранги шу тусдаги мевалар истеъмолига боғлиқ. Сабзи, помидор, қовоқ, ўрик таркибида тери ҳужайраларини янгиловчи бета-каротин моддаси мавжуд. Дарвоқе, кўпгина кремлар таркибига кирувчи ретинол, бу — А витамини бўлиб, каротин таъсирида организмда ишлаб чиқарилади.

Нордон ва реза мевалар

Апелсин, киви, қорағат, грейпфрут таркибида С витамини жуда кўп. У қаришни секинлаштирувчи коллаген ҳосил бўлишига ёрдам беради.

Ёғли балиқ

Лосось, сардина, сельд, скумбрия каби денгиз балиқлари А ва D витаминлари, омега-3 ёғ кислотасига бой. Қон айланиши ва шамоллашни енгиш хусусиятига эга.

Турли бўтқалар

Улар таркибидаги кремний моддаси коллаген ишлаб чиқаришда қатнашади. Шунингдек, организмдаги турли шлак ва заҳарли моддаларни чиқариб ташлаб, терининг яхшиланишига хизмат қилади.

Анор

Бу мева тери осилиб қолишининг олдини олади. У теридаги эластик хусусиятни кучайтириб, турли шикастланишлар, ёш билан боғлиқ ўзгаришларни тезда бартараф этади.

Зайтун ёғи

Маълумки, қуруқ тери энг тез қарувчи тери ҳисобланади. Зайтун ёғи эса бошқа маҳсулотларга қараганда 3 карра кўпроқ ёғ кислотасига эга бўлиб, тери ҳужайрасининг қайта тикланишини кучайтиради.

Творог

Творог селен ва Е витамини каби кучли антиоксидант дегани. У эрта қаришга йўл қўймайди. Таркибидаги кальций эса тиш ва бутун организмдаги суяклар мустаҳкамлигига жавобгар.

Кўк чой

Чойларнинг «сарвари» ҳам антиоксидантлар ичида етакчи ўринларда туради. Бунинг учун кунига 3-4 пиёла кўк чой ичиш керак. Кўз остида пайдо бўладиган «қопча»ларни ҳам (бу ҳам ёш билан боғлиқ ҳолда юзага келади) чойни пахтага ботириб қўйилган компресс орқали йўқотиш мумкин.

Юзингизга ажин тушаётган бўлса…

Ювинишда: айниқса ажин пайдо бўлаётганда водопровод сувига ювинманг. Ёш қизлар тенг миқдордаги қайнаган сув ва сут аралашмасига ювиниши керак. Катта ёшдаги аёллар эса уйқуга ётишдан олдин ўсимлик ёғи (яхшиси, зайтун ёғи)ни юзига суртиши лозим. Ювинишда асло совун ишлатманг. Ўрнига тухум сариғига 1 ош қошиқ зайтун ёғи қўшилган аралашмани ишлатинг. Чўмилмоқчи бўлсангиз, аввал юзга ёғли крем суртинг. У юзни сувдаги хлор таъсиридан сақлаб туради.

Бўянишда: ҳадеб юзингизни упалаверманг. Ўрнига озиқлантирувчи кремлардан фойдаланинг.

Уқалаш

Ажин тушган юзни уқалаш ҳам самара беради. Бунда қўл ҳаракатларини ажинга кўндаланг тарзда йўналтиринг, кўз атрофи, қовоқ устидан ташқаридан ичкари томон озиқлантирувчи крем билан 5-6 дақиқа уқаланади.

Ажинларни юзакилаштирувчи ниқоблар

2 чой қошиқ ёғли творогга 1 чой қошиқдан исталган мева шарбати ва камфора ёғи, яримта тухум сариғи қўшинг.

1 дона тухум сариғига 1 чой қошиқдан ўсимлик ёғи (яхшиси, зайтун ёғи) мойчечак экстракти дамламасини аралаштиринг.  

Ниқобларни 15 дақиқадан сўнг мойчечак дамламаси ёки кўк чой билан ювинг.

Ажинларни камайтириш мақсадида мезотерапия, ботекс ва турли геллар билан муолажалар ҳам қилинади.

Дилноза УМАРОВА

Бошқа янгиликлар