АсосийSUG'DIYONA

​Нега эркаклар муаммодан қочади?

'​Нега эркаклар муаммодан қочади?'ning rasmi

Аёл киши эркакка тоғ деб суянади, боғ деб ишонади. Аёлни севадиган, уни ҳимоя қиладиган, рўзғор юкининг оғир томонини елкасига оладиган, болаларини парваришлаб авайлайдиган ва умр йўлдошига фақат севикли ёр эмас, ўрни келганда ота, яқин дўст сифатида елка тутиб берадиган инсон ҳар қандай ожизанинг орзуси. Умуман, идеал эркак бу. Лекин ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлади. Эркаклар ва муаммолар масаласини кўтаришимизга айнан ана шу «бошқача» вазиятлар сабаб бўлди.

Аввало, бошиданоқ аниқлаштириб қўяйлик. Ҳамма эркаклар ҳам муаммодан қочавермайди. Бу борада уларни бир неча турга ажратиш мумкин:

а) муаммони ечадиган;

б) муаммодан қочадиган;

в) фақат муаммо юзага келтирадиган;

г) йўқ жойдан муаммо ўйлаб топиб, уни ўзи ечиб, қаҳрамон бўлишга интиладиган. Санайверсанг, яна турлари кўпаяверади. Аммо асосийлари ҳозирча шу. Ҳар бир турнинг ўзини оқлайдиган ва ёқлайдиган далиллари кўп. Келинг, улар билан бирма-бир танишиб чиқамиз.

Муаммони ечадиган эркак

«Бировнинг сенга иши тушса, ҳал қилиб берсанг, сендан миннатдор бўлса. Ёки ҳаёт олдинга қўйган қийин бир муаммони ечсанг. Бу худди мактабда математикадан қийин бир масалани бир неча кун уриниб ечганингек гап. Ўшанда қанақа лаззат оласан? Мен одамларга ёрдам берсам, бирон ечилмас муаммога ечим топсам, ўзимни Кенжа ботирдек ҳис этаман. Муаммо қанчалик мураккаб бўлса, шунчалик яхши – одам бор имкониятларини ишга солади, тўсиқни енгиб ўтишда янги тажрибалар орттиради, шахс доим ҳаракатда, ўсишда бўлади».

Бу муаммолардан қўрқмайдиган, уларни ечишни хоҳлайдиган ва еча оладиган эркакнинг мантиғи. У ўз муаммоларини англаш, уларни тан олиш ва ҳал қилиш билан бирга ўзгаларга ҳам доим ёрдам беради. Вазиятни тўғри баҳолайди ва кўпинча оқил қарорлар қабул қилади. Нима ҳам дердик. ҳаётда бундай инсонлар жуда кам, лекин олам ғилдирагини айнан улар яратишади, айнан ўшалар оламшумул ҳодисаларни содир этишади, инсониятни тараққиётга етаклайди. Афсуски, ҳар қандай аёлга ҳам бундай эр насиб этавермайди. Агар оилангиз бошлиғи шундай инсон бўлса, табриклаймиз. Ундаги ана шу хусусиятни қадрланг, авайланг ва баъзан бу иши оилангиз манфаатларига бироз зид келиб қолганида нолиманг. Чунки ҳар нарсанинг ўз товони бор. Бу сизнинг шундай ажойиб эр учун тўлайдиган арзимас товонингиз, холос.

Муаммодан қочадиган эркак

«Инсон миннатдорчиликни билмайдиган жонзот. Шундай экан, нима кераги бор бировларнинг муаммосини ечиб. Иши ўхшаса, раҳмат айтар-айтмай қочади, ўхшамаса, сен айбдор бўлиб қолаверасан. Мен муаммо деган сўзни ёмон кўраман. ҳаётимда ҳеч қандай муаммо йўқ, фақат айрим майда-чуйда кўнгилсизликлар борки, вақт ҳаммасига даво. Фақат сабр билан кутиб турилса бўлди. Уни ечадиган кимдир топилади. “Оч қорним – тинч қулоғим” деган гап бежиз айтилмаган-ку. ҳаёт бир марта берилади, уни аллақандай муаммоларга сарф қилишнинг нима кераги бор? Одам ўйнаб-кулиб яшамоғи керак».

Албатта, умуман олиб қараганда инсоннинг шундай ўйлашга ҳаққи бор. ҳаёт уники, билганича яшайверсин. Фақат сўққабош яшасин-да унда. Оила қургандан кейин эркак кишининг зиммасига маълум масъулиятлар юкланади (шубҳасиз, аёлга ҳам). Уларни бажармай, муаммолардан қочиш (бунинг миллионта руҳий асоси бўлса ҳам) ғирромлик. Бир сўз билан айтганда, у – худбин инсон. Энди кимнингдир чекига шундай эркак тушган бўлса, айтишимиз мумкинки, эллик фоизга омади чопибди. Яъни эрингиз муаммолардан ўлгудек қўрқади ва ҳеч қачон уларни юзага келтирмасликка интилади. Бу томондан хотиржам бўлинг. Қолганини эса ўзингиз ҳал этишингизга тўғри келади.

Фақат муаммо юзага келтирадиган эркак

«Билмадим, негадир нимага қўл урсам ҳам муаммо чиқаверади. Аслида, истамайман бунақа бўлишини...» ва ҳ.к.

Бундай эркак ўзини оқлаш учун фақат шу сўзларни айтиши мумкин. Яна «Атайлаб қилмадим-ку» деб ҳам қўяр. Лекин унга бирон иш буюришга безиллаб турасиз. Бозорга борса, кетидан яна бир бориб бозор қилиб келиш керак, уйда қолса, жўмракни тузатаман деб қўшнини сув бостиради, ишхонасидан дакки эшитаверади. Яна айрим эркаклар борки, туришининг ўзи муаммо. Масалан, ичкиликбоз, хотинбоз, гиёҳванд... Аммо ҳеч кузатганмисиз, кўпинча шундай эркакларнинг аёллари уддабурон, тадбиркор бўлади. Ё улар атайин шундай аёлларга уйланишади, ёки аёлларнинг тадбиркор бўлишдан ўзга чораси қолмайди. Эрининг кетидан шифохонама-шифохона, милицияма-милиция юрадиган аёллар қанча. Уларга сабр тилаймиз. Қўлингиздан келса, эркакни тарбиялаб кўринг. Аммо бу унинг табиати, фитрати. Ўзгартира олсангиз, қувонарли ҳол, албатта. Бу йўлда муваффақиятсизликка учрасангиз, чидашдан ё ажрашишдан бошқа чорангиз қолмайди. Лекин баъзида энг омадсиз эркакка ҳам омад кулиб боқиши мумкинлигини унутманг.

Йўқ жойдан муаммо топадиган эркак

«Ёмғир ёғяпти, кўчага нон олиб келиш учун чиқсам, шамоллаб қоламан» деб кун бўйи оч ўтирадиган ва буни қаҳрамонлик деб тақдим этадиган эркаклар ҳам кўп учрайди. Улар учун ёмғир ҳам, қуёш ҳам, қор ҳам – бари муаммо. Умуман ҳаётнинг ўзи бир улкан муаммо, яшаш эса – қаҳрамонлик. Бундайларни инжиқ дейишади. Муаммолар ҳам, аслида, уларнинг дунёқарашидан келиб чиқади. Агар ёмғирни муаммо эмас, шунчаки табиат ҳодисаси сифатида қабул қилиб, соябон билан нонга чиқиб келса, нима бўларди? Унда ким кечгача оч ўтириб, қаҳрамонлик қилади? Бу хусусият ёшликдаги ҳаддан ортиқ қаттиққўл тарбиянинг ёки болани ҳақиқий муаммолардан иҳоталаб, папалаб ўстиришнинг оқибатидир.

Бундай эркакни ҳақиқий қаҳрамонликларга қодир эмас, деб бўлмайди, албатта. Фақат мана шу кундалик муаммолар унга катта қаҳрамонликлар қилишга йўл бермайди. Ундайларнинг хотини кўнглини кенг қилиши, эрининг муаммо деб кўрсатаётганлари аслида ҳеч гап эмаслигини мунтазам исботлаб, уқдириб бориши керак. Лекин ҳақиқий муаммо юзага келса, уни, албатта, ҳал қилади. Шу жиҳати таҳсинга сазовор.

Умуман олганда, муаммолар ҳеч кимга ёқмайди. Аммо уларсиз яшаб ҳам бўлмайди. Эркакнинг муаммони еча олиш қобилияти унинг энг муҳим фазилатидир. Эр киши шу билан қадрланади, обрў топади. Буни ўғил болаларга ёшликдан ўргатиб бориш лозим. Энг яхши ўргатиш усули эса шахсий ибрат. Шундай экан, азиз эркаклар, ўғлим қариганимда оғиримни енгил қилиб, юкимни елкамдан олсин десангиз, бугун муаммолардан қочманг ва уларни ЎЗИНГИЗ ҳал қилинг!

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар