АсосийMutolaa

​ҚИЗИЛ АЖАЛ НИҚОБИ

'​ҚИЗИЛ АЖАЛ НИҚОБИ'ning rasmi

Шаҳзода бу телба журъат соҳибининг шаҳдидан қўрқувга тушди ва орқага тисарила бошлади.

Қизил ажал аллақачонлар мамлакатни ҳувиллатиб кетганди. Ҳали бирор эпидемия бу қадар катта талофатларга сабаб бўлмаганди. Қон унинг тамғаси, тўқ қизил қон доғи эса, унинг муҳрига айланганди. Кутилмаган бош айланиши, азобли безгак талвасасидан сўнг бемор қон қуса бошлар, кейин эса, ажал ўз наштарини санчарди. Марҳумнинг танасида, кўпинча юзида тўқ қизил қон доғлари муҳрланиб қолар, унинг яқинларидан ҳеч ким ажалга ем бўлган қурбонга ёрдам беролмасди. Касаллик илк белгиларидан то ажал ҳукмига қадар нари борса ярим соат вақтни эгалларди.

Бироқ шаҳзода Просперо аввалгидек хушчақчақ, ғам қайғудан йироқ, қалби қўрқув ва даҳшатдан холи эди. Унинг мулки деярли бўшаб қолган бир пайтда у минг нафар энг учқур ва навқирон мулозимларини олиб, ҳеч ким безовта қилмайдиган ерга – хилват бутхоналардан бирига чекинди. Бутхона биноси шаҳзоданинг шоҳона таъбига кўра, ўта дабдабали тарзда бунёд этилган, қалин деворлар, метин дарвозалар ҳар қандай хатардан ҳимоя қилиши мумкин эди. Қўриқчилар барча кириш ва чиқишларини ҳар эҳтимолга қарши маҳкамлаб ташладилар ва туну кун сергаклик билан посбонлик қила бошладилар. Шаҳзода барча хавфсизлик воситалари билан иҳоталанган, у ҳеч қандан хавфдан қўрқмаса ҳам бўларди. Девор ортида қолганлар эса, ўз кунини кўриб кетар!

Бошқаларнинг ғамини ейиш фурсати эмасди. Шаҳзода алҳол бутун эътиборини маишатга, кўнгилхушликка қаратган эди. Бу мустаҳкам қасрда, бахшилар, ҳуққабозлар, қизиқчилар, раққослар, созандаю муғаннийлар, оқбадан нозанинлар, маю мусаллас, хуллас жамики айш-ишрат асбоби муҳайё эди. Хуллас ичкарида ўйин-кулги, шодлигу фароғат, ташқарида қизил эса, ажал ҳукмрон эди.

Орадан беш-олти ойча вақт ўтди. Қизил ажал ҳамон ўз қурбонларини ямлашда, бутхонадагилар эса, шод-хуррам ҳаёт кечиришда давом этардилар. Кунларнинг бирида минг нафар мулозими билан саройда мисли кўрилмаган бал-маскарад ўтказишга аҳд қилди.

Бутхонада етти катта-катта ҳашаматли ҳужра бор эди. Хоналар шундай қурилган эдики, бир қарашда уларнинг ҳаммасини битта хона бўлса керак деб ўйлаш мумкин. Ҳар 20-30 ярд масофада сизни битта бурилиш кутар ва ҳар бир бурилишда бирор янгиликка дуч келишингиз мумкин эди. Ҳар бир хонада, чапда ва ўнг тарафда деворлар орасида готик усулдаги баланд ва тор рангли деразалар ўрнатилган бўлиб улар махсус ёпиқ галереяларга очиларди. Шарқ тарафдан охирги хонанинг деворларидан тортиб то дераза ойнасигача мовий рангда эди. Иккинчи хона қирмизи рангга бўялганди. Учинчи хонаниг девори ҳам ойналари ҳам зангори эди. Шу тариқа тўртинчи хона тўқ сариқ, бешинчи хона оқ, олтинчиси бинафшаранг, еттинчи хона қора бахмал билан безатилган эди. Хонанинг шифтидан тортиб то полига қадар фақат қора тусли матолар билан қопланганди. Фақат ушбу хонадагина дераза ранги ички деворларникидан фарқланиб турар, бу ерда ойналар тўқ қизил рангда эди.

Ичма-ич хоналарнинг ҳеч бирида чироқ ё қандил ўрнатилмаган, галереяда, ҳар бир деразанинг тўғрисида қўйилган сепояда машъалалар ёниб турар, уларнинг нури турфа хилдаги ойналардан сизиб ўтиб, хоналарга ўзгача фусун бахш этарди. Фақатгина ғарб тарафдаги қора ҳужрага оқиб кираётган қон ранги ҳужранинг даҳшатини янада бўрттириб кўрсатар, шу боис унча-мунча одамнинг бу хужрага киришга юраги бетламасди.

Дарвоқе, қора ҳужранинг деворига қора ёғочдан ясалган соат осилган эди. Соатнинг дақиқа мили ўз меҳварини бир бора айланиб чиққанида, соат кафгири шу қадар кучли ва жарангдор бонг урардики, ҳатто зиёфатда соз чалаётган созандаю муғанийлар ҳам бир зум жим туришга мажбур бўлишарди. Соат бонги шу қадар таъсирчан кучга эга эдики, вальс тушаётган жуфтликлар бир зум тўхтаб, ўйга толишар, айримларнинг ҳатто ранг-қути ўчиб ўзини қўярга жой ҳам тополмай қоларди. Бонг тиниши билан яна хурсандчилик, кайфу сафо авжига минарди. Яна бир соат ўтиб, аввалги ҳолат такрорланарди.

Хуллас бал-маскарад шу тахлит хандон хушон ўтарди. Шахзоданинг диди ўзига хослиги билан бошқалардан фарқланиб турарди. У мода билан қизиқмас, ҳамма нарса айнан ўзи хоҳлагандек бўлишини истарди. Унинг ҳар бир фикри ғайриоддий, жайдарари ҳашамга хос ва ҳамма учун мажбурий эди. Кўпчилик шаҳзодани бу феъли учун телбага чиқарган, аммо унинг яқинлари бу ҳақда лом-мим деёлмасдилар.

Шаҳзода еттита ҳужранинг жиҳозлари, зиёфатларнинг тартибини шахсан ўзи назорат қиларди. Маскарадда ниқоб танлашни ҳам у ҳал қиларди. Ҳар ёқда турли афсонавий “махлуқлар” кезиб юрар, аммо уларнинг ҳар бирида аллақандай бемаънилик сезиларди. Уларнинг барчаси мантиқсиз ва жунунваш хуруж маҳсули эди. Бу томошаларнинг баъзилари чиройли, баъзилари ахлоққа зид, яна айримлари ўта антиқа эди. Ҳатта айрим ниқоб ва томошалар четдан қараганда жирканиш ва нафрат туйғусини уйғота оларди. Еттита ҳужранинг ҳар бирида биз тушимизда кўрган ғалати шарпалар сарсари кезарди. Бу шарпалар хонадан-хонага ўтганда ранг-баранг кўриниш ҳосил қилар, уларнинг оёқ товушлари ҳам аллақандай ваҳимали акс садо берарди. Фақатгина қора бахмал қопланган хонадан соат бонги эшитилганида, ҳамма шарпалар жойида тек қотарди. Бу мудҳиш овоз тиниши билан яна бутун қасрда шайтоний жазава бошланарди. Фақат ҳеч ким галереянинг ғарбий тарафидаги, деразаларидан тўқ қизил қон рангидаги шуъла сизиб кирувчи хонага қадам босишга журъат этолмасди. Бундан ташқари кимки қора гиламга қадам босса, соат бонги худди дафн қўнғироғидек маҳзун сас чиқара бошларди.

Қолган хоналарда ўйин-кулги авж палласида эди. Соат ярим тунда бонг урганида байрам қиёмига етганди. Даҳшатовар бонг таъсирида раққослар ҳам турган ерида қотди, шовқин сурон таққа тўхтади. Бу гал ҳар бир бонг аввалгидан кўра узоқроқ ва баландроқ эшитилгандек бўлди. Ҳали сўнгги бонг уни тинмай туриб, бал иштирокчилари ораларидаги бегона ниқобни пайқаб қолишди. Шундан сўнг ҳамма пичирлаб нотаниш ниқоб эгаси пайдо бўлгани ҳақида бир-бирини хабардор қилишга тушди. Кейин пичир-пичирлар ошкора норозилик ва ҳайрат инъикосига айланди. Агар бу ниқоб бошқаларига ўхшаб турганида, ҳеч ким эътибор қаратмаган бўларди-я! Янги ниқоб мутлақо шаҳзоданинг талаби даражасидан ташқарида эди. Энг лоқайд қалбларда ҳам чертишга ҳеч кимнинг қўли етмайдиган яширин торлар бўлади. Ҳатто ўлим ва ҳаёт билан бемалол ҳазиллаша оладиган журъатли кимсаларнинг ҳам босиб ўтишга юраги дов бермайдиган чегаралр мавжуд. Бироқ, бу гал иштирокчилар нотаниш кимсанинг ниқобига қараб, ана шу сарҳадлар беаёв поймол этилганини англаган эдилар. Кутилмаган меҳмон баланд бўйли кенг елкали, бошдан оёқ оқ матога бурканган эди. Унинг юзини бекитиб турган ниқоб эса, ўликнинг қиёфасини эслатарди. Бу номаълум “ҳазилкаш” ўзини айнан Қизил Ажал кўринишида ҳис этишларини истаганди. Унинг оқ либосида қон излари яққол кўринар, юзида эса тўқ қизил қон доғи акс этарди.

Шу чоқ раққослар орасида тантанавор қадамлар ила кезиб юрган шаҳзода ҳам бу нотаниш башарага тикилганда қотиб қолди. Унга яқин турганлар шаҳзоданинг бутун вужудини на қўрқув, на нафрат, на ғазаб исканжасига ўхшаш ғалати титроқ босганини илғашди.

— Ким журъат этди? – бўғиқ овоз билан атрофга юзланди Шаҳзода. - Қайси ахмоқ бу иблисона ҳазилни ўйлаб топди? Дарҳол бу ярамаснинг юзидаги ниқобни юлиб олинг, токи биз унинг кимлигини билайлик. Эртага эрталаб уни қалъа деворига осинглар!

Шаҳзода бу амрни шарқ тарафдаги мовий хонадан туриб айтди. Унинг ўктам овози ҳар еттита хона бўйлаб бир хилда жаранглади. Ҳамма унинг амрини бажо келтириш учун нотаниш меҳмонга юзланганида унинг ҳаракатидаги сокинлик ва ирода барчани ҳайратга солди. У эса, дадил одимлар билан шаҳзода томон юрди. Нотаниш кимсанинг ўзига ишончи ҳаммани қўрқувга қолгани учунми, ҳеч кимнинг унга яқинлашишга юраги дов бермади.\

У шаҳзодага яқинлашаркан, ҳамма деворга тисарилгача унга йўл берарди. Шаҳзода бу телба журъат соҳибининг шаҳдидан қўрқувга тушди ва орқага тисарила бошлади. Нотаниш кимса эса, мовий хонадан пуштиранг хонага, кейин, зангори, зарғалдоқ, оқ ва ниҳоят қора рангли хонага ҳам шахдам қадамлар билан кириб борди. Шаҳзода Просперо эса, ғазаб ва кутилмаган қўрқув ихтиёрида тобора ортга чекинарди. Соқчилардан ҳеч бири уни тўхтатишга журъат этолмади.

Шаҳозода қўлида яланғоч ханжар билан қочиб бораркан, қора ҳужра остонасини ҳатлаб, балан овозда қичқирди ва ханжарни ирғитиб, қора гилам устига беҳуш йиқилди. Онай лаҳазалар ўтиб, гиламда устидаги шаҳзода жонсиз жасадга айланганди. Сўнг барча зиёфат қатнашчилар қора ҳужрага ёпирилди. Кейин кутилмаган журъат билан ёғоч соат панасида қотиб турган ғалати шарпага ташланишди ва энг ғаройиби ҳаммани даҳшатга солган оппоқ кафаннусха кийим ва қўрқинчли ниқоб ортида ҳеч нарса йўқ эди.

Шунда бу ғаройиб шарпа Қизил ажалнинг ўзига эканига ҳеч кимнинг шубҳаси қолмади. Шу тобда бу ердаги ишратпараст кимсаларнинг бари даҳшатли қон доғларига беланганча, турган ерларида жон таслим эта бошладилар. Шундан сўнг ёғоч соат ҳам чиқиллашдан тўхтади, машъалалардаги оташ бирин-кетин сўнди ва бутун қаср Зулмат, Ҳалокат ва Қизил ажал ҳукмронлиги остига ўтди.

Р.Жабборов таржимаси

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар