АсосийЖамият

Ислом олами робитаси Ўзбекистон билан биринчи расмий алоқаларини Ислом цивилизацияси марказидан бошлайди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган Ислом олами робитаси ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

'Ислом олами робитаси Ўзбекистон билан биринчи расмий алоқаларини Ислом цивилизацияси марказидан бошлайди'ning rasmi

 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган Ислом олами робитаси ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Турғунов, Ислом цивилизацияси маркази директор ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Давронбек Мақсудов, шунингдек Ислом олами робитаси бош котибининг коорпоратив алоқалар бўйича ёрдамчиси Муҳаммад Абдулваҳҳоб Аш-Шаҳрий, Ислом олами робитаси ташкилоти катта илмий ходими Машҳур Умар Абу Шааф, конференциялар ва тадбирлар бўлими раҳбари Шакир Салоҳ Ал-Адвоний иштирок этди.

- Ислом олами робитаси бош котиби билан элчихонамизда бир неча бор учрашувлар ўтказилган. Шу мулоқотлар натижасида Ислом цивилизацияси марказига расмий ташриф ташкил этиш ва ҳамкорлик йўлга қўйиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳадис илмига бағишланган анжуманлар ўтказиш, маҳаллий ҳадисшунос олимларни рағбатлантириш, уларнинг салоҳиятини эътироф этишга доир лойиҳалар муҳокама қилинди, - деди элчи Нодир Турғунов. 

Ўз навбатида,  «Ислом олами робитаси билан аввалдан яқин алоқалар мавжуд. Бухоро декларацияси доирасида ушбу ташкилот вакиллари билан учрашувлар ўтказилган. Хусусан, доктор Абдулазиз Сархон билан мулоқотда бош котибни Ўзбекистонга таклиф қилиш масаласи кўтарилганди. Бош котибнинг Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий марказига ташрифи, шунингдек 2025 йил август ойида Самарқандда ўтказилиши кутилаётган IX халқаро Маданий мерос конференциясида иштирок этиши бўйича музокаралар олиб борилганини», - деди Давронбек Максудов. 

Учрашувда Ислом цивилизацияси маркази директор ўринбосари Фирдавс Ҳалимов марказнинг асосий фаолият йўналишлари ҳақида сўз юритди. 

- Марказ халқаро илмий ҳамкорлик, маърифий фаолият ва қадимий ислом меросини тадқиқ этиш борасида йирик ташаббусларни амалга оширмоқда. Бино меъморий жиҳатдан ўзгача ёндашув билан барпо этилган. Хусусан, марказ гумбази остида VII асрга оид Усмон мусҳафи – тарихий Усмон Қуръони жойлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, бу жаҳон ислом мероси учун беқиёс аҳамиятга эга, - деди Фирдавс Ҳалимов.

Саудиялик иштирокчилар, жумладан Муҳаммад Аш-Шаҳрий ва доктор Шакир Ал-Адвоний, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бўлган қизиқиш ва эҳтиромини билдириб, Ислом олами робитаси томонидан Ўзбекистондаги биринчи расмий алоқаларни айнан ушбу марказ орқали бошлаш нияти борлигини таъкидлашди. Бу борада ташриф ва ҳамкорлик ишлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Саудия Арабистонидаги элчихона орқали мувофиқлаштирилади.

Учрашув сўнгида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистондаги илмий ва маънавий марказлар билан ҳамкорликда халқаро миқёсдаги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.
 

    Бошқа янгиликлар