1

​“Қабоҳат кўчасидаги қондошлар”

ЖИНОЯТ 27.03.2017, 11:14
Теглар: Жиноят, Гиёҳвандлик моддаси
​“Қабоҳат кўчасидаги қондошлар”

Серқатнов кўча ҳаракатида машиналар ҳам, одамлар оқими ҳам тўхтамайди. Кимдир зарурат юзасидан, кимдир ишга, баъзилар меҳмондорчиликка йўл олишади. Демак, бу ҳаракатдан ҳар кимнинг кўзлаган мақсади бор. Ўйлаган режасини амалга ошириш учун ташланаётган қадамлар, афсуски, ҳар доим ҳам тўғри ҳаракат бўлавермайди. Самарқандлик Жамшид Раззоқовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам танлаган йўли уни жиноят кўчасига етаклаганди.

Ишончли шерик...

Бирданига кўп миқдордаги пулга эга бўлиш истаги Жамшид Раззоқовга тинчлик бермасди. Кўп ва узоқ ўйлагандан наф йўқ, бирон бир аниқ режа тузиб, уни амалга ошириш керак, холос. Ўйларини охир-оқибат режага айлантирган Жамшид бу ишда ишончли шерик топиши лозим эди. Узоқдан қидиришга ҳожат қолмади. Акасининг таклифига осонгина розилик билдирган Садриддин бу ишда унга қанот ва беминнат ёрдамчи бўла олди.

Пул топишнинг усул ва йўллари кўп. Муҳими ким қайси йўлни танлашида. Тўғри йўлдан юриб, ҳалол меҳнат билан даромад топишнинг гашти бўлак, қолаверса, ҳалолликда ҳикмат кўп дейишади. Бу тушунчаларни англаб етмаган ака-укаларнинг гапни бир жойга қўйиб, иш бошлашлари сиртдан қараганда ҳеч кимда шубҳа уйғотмасди. Қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳам уларни оиласи учун елиб-югуриб юришибди, деб ўйлаганлари рост. Эркак кишининг гарданида бўлган бир қанча вазифалар, жумладан, оила тебратиш бурчи уларни ҳам четлаб ўтмаганди. Болам ҳеч кимдан кам бўлмасин ёки фарзандимга яхши едирсам дейман, оиламда камчилик бўлмасин, дея қилинган ҳаракат ҳалол меҳнатга асосланган бўлса-ку яхши, бироқ, қинғир ишлардан топилган пул билан оила боқиш тўғримикан?

Саволни бошқачароқ мазмунда бериш ҳам мумкин: хўш, ака-ука Раззоқовларнинг бу йўлни танлашларига нима сабаб бўлган? Жавоб битта, нафсга дўст тутингани!

Халқимизда “Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқиласан” деган мақол бор. Бу бежизга айтилмаган. Ака-ука Раззоқовларнинг биргаликда қазиган чоҳлари қанча инсонларнинг умрига, соғлигига жиддий зиён етказмаган, дейсиз.

Оқ ажалнинг қора кулфатлари ҳақида кўп эшитганмиз. Уни истеъмол қилиш соғликка ўта зарарли, сотиш эса жиноий ҳаракат эканлиги маълум. Бу гаплардан Раззоқовларнинг хабари бўлмаган, деб ўйлашимиз хато. Фақатгина уларда осонгина мўмай пул топиш истаги ҳар нарсадан устун бўлган.

Даромадли “иш”нинг фойдаси...

Аниқланган ҳолатларга эътибор қаратамиз. 2014 йилнинг ёз ойларида Садриддин Раззоқов Сабоҳат исмли аёлдан 750 грамм опий гиёҳвандлик моддасини 8500 АҚШ долларига сотиб олиб, танишларига 10 000 АҚШ долларига ўтказади. Бу ишдан олган даромади 1500 АҚШ долларини ташкил этади, кейинчалик яна декабрь ойида 900 грамм миқдоридаги опий гиёҳвандлик моддасини 25 миллион сўмга сотиб олиб, уни Наврўз исмли шахсга 36 миллион сўмга пуллаб юборади.

Бу дастёрлик галдаги режа билан ҳам боғлиқ эди. Бозор гавжум жой. Бу ерда одатда биров билан бировнинг иши йўқ. Олди-сотди учун айни муддао бўлган ерда ака-укаларнинг савдоси бўлиши турган гап эди.

Ўтган йилнинг 4 август куни Нодира исмли аёлдан 90 миллион сўмга сотиб олинган 1 кг. опий гиёҳвандлик воситасини навбатдаги харидорга 100 миллион сўмга сотаётган маҳали миллий хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган Раззоқовларнинг қилмишларига шу тарзда чек қўйилди.

Қилмиш-қидирмиш

Бу ҳаётда ким ҳам хато қилмайди дейсиз. Аммо, билиб-билмай қилинган хатти-ҳаракат жавобсиз, жиноят эса жазосиз қолмайди. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди ҳукмига кўра, Жамшид Раззоқов 12 йил муддатга, Садриддин Раззоқов 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Адашдим, хатоимни энди тушуниб етдим, деган сўзлар, қилмишидан пушаймонлик, афсуски, энди ҳеч нарсани ўзгартиролмайди. Оилага тиргак бўлиш, фарзандларни тарбиялаш, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ҳаётда тўғри яшаш ўрнига нафс қурбони бўлган кимсалар ака-ука деган номга ҳам нолойиқ.

Ахир, ота-оналари уларни шу ниятда катта қилмаган. Садриддиннинг оила қурганига ҳали кўп вақт бўлмаган, у ҳадемай ота бўлиш арафасида. Оталик бахтини кўриш, чақалоқни қўлга олиб эркалаш қувончидан ўз-ўзини маҳрум этган Садриддиннинг пушаймони чексиз.

“Ўғлимнинг исмини Озодбек деб қўяман. У озод бўлсин! Хатоларимни тушуниб етдим”, дея пушаймон бўлаётган Садриддин қанийди бу қилмишининг оқибатини ўз вақтида англаб етганида эди умрининг маълум йилларини беҳуда сарфланишига йўл қўймасди. Одатда бирон нарсанинг қадрига уни йўқотгач, етамиз, лекин умрнинг қадри, яқинлар меҳрини англаш учун бошимиз деворга урилишини кутиш шарт эмас.

“ПУЛ ҚЎЛНИНГ КИРИ”

Суҳбат давомида бу иборани кўп бора эшитганмиз. Гап ҳозир айнан бу иборанинг қачон ва нима мақсадда айтилганида эмас, одамларнинг пул топишга бўлган муносабати билан боғлиқ.

Самарқандлик Ражаб Ибрагимов нафақа ёшига етиб, неваралар қуршовида ўтириш ўрнига белни маҳкам боғлаб пул топишга киришади. Танишларининг илтимосига кўра ҳар гал бир грамм опий гиёҳвандлик воситасини 100 минг сўмдан пуллаб келган Ибрагимов кейинчалик унинг миқдорини оширади.

Фозил ҳамда Ҳофиз исмли шахсларга 2013 йил декабр ойида 15 грамм опий гиёҳвандлик моддасини 1,5 миллион сўмга сотади. Бу ишда унга жияни “Каттақўрғонариқ” қишлоғида яшовчи Алишер Тагиев кўмаклашади. Тоға-жиянларнинг бу ҳамкорлиги ишда яхши самара бера бошлайди. Жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Тоҳир Худоёров эса сўралган миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини Алишерга ўз вақтида етказиб бериш вазифасини бажаради.

Жиноий гуруҳ аъзолари гиёҳвандлик воситаларини сотишдан ташқари уни мунтазам равишда истеъмол қилиб келишган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган текширувлар чоғида Ражаб Ибрагимовнинг яшаш хонадонидан 185 туп кўкнори ўсимлиги ҳамда гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишга мўлжалланган мослама топилган.

Бароридан келмаган “ов”

Қариндошларнинг навбатдаги режаси 18 миллион сўмга баҳоланган галдаги иш билан боғлиқ эди. Хонадонимизга кириб келган меҳмонга ҳурмат ва иззат кўрсатиш ўзбекона одатларимиздан саналади. Ражаб Ибрагимов ҳам меҳмондорчилик одобига риоя қилиб, уйидаги меҳмонини сийлаш ниятида секин-аста гап очади. Дастлаб меҳмонига бир миллион сўмга молини ўтказган мезбон галдаги олди-сотди ишларида нарх ва миқдорни ўзгартиради. 18 миллион сўм кам миқдордаги пул эмас, уни тезроқ қўлга киритиш илинжида жияни Алишерга қўнғироқ қилиб, келишилган миқдордаги гиёҳвандлик воситасини уйга олиб келишини тайинлайди. Алишер эса ҳар доимгидай Тоҳир Худоёровга қўнғироқ қилади. Келишилган вақтда Ибрагимовнинг хонадонига 200 грамм гиёҳвандлик моддасини олиб келишган Тоҳир ҳамда Алишерлар уни ўлчаб, харидорларга пуллашга ҳаракат қилишади. Алишернинг эҳтиёткорлиги, ҳар бир ҳаракатга шубҳа билан қараши ҳар гал уни қўлга тушишдан сақларди. Аммо бу гал ундай бўлмади. Миллий хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинган қариндошлар кўза кунида синишини кеч бўлсада тушуниб етишди.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида оғуфурушларнинг жиноий ҳаракатларига нисбатан тегишли тартибда жазо тайинланди. Унга кўра, Ражаб Ибрагимов 8 йил, Алишер Тагиев 10 йил, Тоҳир Худоёров 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Кимдир бошқа бировга панд берса бегонада, қони бошқа, шунинг учун ёмонлик қилган, деган хулосага келинади. Аканинг укасини жиноятга бошлаши, тоға билан жиянининг жиноий шерик бўлиши аслида қабоҳатдан бошқа нарса эмас! Ўзингдан чиққан бу балога даво топиш ҳам мушкул. Балодан ҳазар қилиш нафсни тийиш дегани. Нафсимизга қул бўлмайлик!

Наргиза Бўронова,

журналист

Шарҳлар

Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди

10.08.2021, 17:29

Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ хабар берди.Маълум бўлишича, Термиз тумани “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Илҳом 2021 йил 29 июнь куни...
Йилнинг 6 ойида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган

10.08.2021, 16:44

2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган  матбуот анжуманидан махсус мухбиримиз Абдукарим Зарипов...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1