АсосийMutolaa

​ҲИНДЧА МУҲАББАТ

'​ҲИНДЧА МУҲАББАТ'ning rasmi

Халқимга ёрдам керак, унинг дардлари кўп

Тест синовларини муваффақиятли топширган Озод пойтахтдаги энг нуфузли тиббиёт институти талабасига айланди. Ўқишга янги қабул қилинганларни табриклаш маросими ҳашаматли залда бўлиб ўтди. Ҳамма ҳая¬жонда. Ректор уларни талабалик бахтига муяссар бўлганлари билан табриклади. Келгуси ўқишларида омад тилаб, ҳазил тарзида яхши ўқимаганлар шаф¬қат йўқлигини таъкидлаб ўтди.

Бирин-кетин фами¬лия¬лар ўқилганидан сўнг домла яна бир қоғозни олиб, «Махсус дастур асосида бир меҳмон қизимиз ҳам қабул қилинган. Танишинглар Рани Хон, ҳин¬дис¬тондан» дея жилмайиб қўйди.

Ҳамма дув этиб бурилиб оппоқ матога ўралиб олган қорамағиз қизга қаради.

Қиз ўз халқининг минг йиллик одатига кўра кафт¬ларини бирлаштириб миннатдорчилик билдирди.

***

Ўқишлар ҳам бошланди. Талабалар уч оқимга, оқимлар эса олтитадан гуруҳларга бўлиндилар. Озод сардор қилиб сайланган гуруҳда ўша ҳинд қизи — Рани ҳам бор эди. Озод курсдошини энди яқиндан кўриб олди. Ҳа¬миша ширин жилмайиб турадиган қиз дастлабки дарсга сариқ, четлари қизил ҳошияли мато — ҳинд¬ча кўйлак сари ки¬йиб келганди. Пешонасидаги чизилган хол чақнаб турган, қора қош-у кўзларга уйғунлашиб кетган эди. Апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Русчани қийналиб гапирадиган Рани инглиз тилини мукаммал биларкан. Ҳин¬дис¬тонда ўтказилган аллақандай танловда грант ютиб олган Ранини отаси Европага жўнатишга рози бўлмабди. Бир вақтлар Ўзбекистонга келганлиги, ўзбекларга меҳри бўлаклиги учун фақат Тошкентда ўқисагина рози бўлишини айтибди.

Талаба бўлганликлари туфайли қалбга инган шодлик тез кунларда ўқишнинг жиддий масъулияти билан алмашди.

***

Дам олиш куни бўлгани учун Озод кечроқ уй¬ғонди. Ҳаво совиган, қиш кириб, қор учқунлай бош¬лаганди. Озод қалин ки¬йиниб ётоқхонанинг тўртинчи қаватидан пастга тушди.

Кўчага чиқиб ке¬таётган Озод боғда, арчанинг тагида кўкка тикилиб турган Ранига кўзи тушди. Қиз худди қотиб қолгандек эди.

Озод унинг ёнига яқинлашди. Рани ўз тилида нималардир деб пичирлар, юзларига қўнаётган қор зарралари бир лаҳзада эриб кетаётганди. Қиз Озод жуда яқин келганида ҳам қимирламади. Озод секин чақирди:

— Рани.

Қиз у томон ўгирилди. Унинг кўзларида ҳайрат қотиб қолганди.

— Бу ерда нима қилаяпсиз?

Рани жилмайиб жавоб қайтарди.

— Мен улғайган юртда қор ёғмайди. Қорни фақат киноларда кўрганман. Табиатнинг бу мўъжизасига дуч қилган Аллоҳга шукрона айтаётгандим.

Озод кулди.

— Қойил, қор ёғсаю-сиз шукур қилсангиз.

Рани жиддий жавоб қайтарди:

- Сиз ва ҳамюртларингиз бу ўлкага тўрт фаслни мукаммал қилиб берган Аллоҳга туну-кун шукрона келтирсангиз арзийди.

Озод шу тобда бунчалар чуқур фикрловчи қиз билан гаплашгиси келиб кетди.

— Сизларчи, нима Ҳиндистонда ҳаёт бошқачами?

Қиз арча шохидаги қор¬дан олиб юзига босди, шундоқ ҳам қирмизи юзлари лов-лов ёниб кетди. Озод шу пайтгача эъ¬тибор қилмагани — бу гў¬заллик қаршисида лол қолди. Рани жиддий нигоҳларини йигитга қаратди:

— Халқимга ёрдам керак, унинг дардлари кўп. Мен ўқиб, халқимнинг дардларига дармон бў¬лишни истайман.

Озод мурғаккина вужуддаги оламшумул қатъиятдан ҳайрон қол¬ди. Ўзи ҳам эрта-ю кеч ўқисада шифокорларнинг оқ-халатида-ю, соғайиб кетган беморларнинг раҳматидан ўзга нарсани тасаввур қилмаганди.

— Ҳиндистон буюк давлат, — давом эттирди қиз. — Лекин унинг муаммолари ҳам улкан. Юртдошларимнинг кўп¬чилиги қашшоқ, бошпанасиз. Улар бирламчи тиббий ёрдамга, оддий нарсаларга муҳтож. Ниятим, соҳамни мукаммал эгаллаб, шундай юртдошларим учун бепул ишловчи шифохона очмоқчиман.

Озод киноларда кўр¬ган Ҳиндистон бошқача эди. Ҳашаматли қасрлар, олтину-зарга ўралганича қувнаб рақсга тушадиган одамлар…

Рани худди унинг кўнг¬лидан кечаётган гапларни уққандек давом эттирди.

— Киноиндустриямиз анча ривожланган, бу ях¬ши, лекин у юртимиз ҳа¬қида бошқача тасаввур уйғотади. Гўё бизда ҳам¬ма шод-хурраму, ҳарқандай муаммо яхшилик билан тугайдигандек… Лекин юртимнинг умидли фарзандлари бор. Улар улғайиб, Ҳиндистон қаддини кўтаришади. Мен ҳам бу жараёнга озгина ҳиссамни қў¬ша олсам бас…

Озод қизни яна гапга тутди.

— Ахир энг катта бойлар сизларда-ку, наҳот шундай машҳур давлатда шунақа муаммолар бўлса?

— Минг афсуски Ҳин¬дис¬тонда табақаланиш жуда кучли. Сизлардаги энг ғариб одам ҳам биздаги ночорларга нисбатан анча бадавлат саналади. Ўз навбатида бу ердаги энг бадавлат одамлар биздаги бойлар олдида худди оддий одамдек.

— Саволимни кўнглингизга олманг. Сизнинг оилангизнинг мавқеи қай даражада.

— Оиламиз ўртаҳол яшайди. Отам заминдор. Унинг касби сизлардаги фермерларникига яқин. Онам уй бекаси. Мени ва уч укам билан икки синглимни тарбиялайди.

— Сизлардаги аксарият шифокорлар Европа-ю, Америкада ўқиб келишган экан. Бизнинг дипломимиз билан ишлай оласизми?

— Дипломнинг қайси жойдан олинганлигининг аҳамияти йўқ. Шифокор даражасини қўл¬га киритиб келган ҳар бир мутахассис жуда жиддий имтиҳондан ўтказилади. Мен Мўғулистонда ўқиб келган ва муваффақиятли ишлаётган шифокорни, шунинг¬дек Парижда диплом олиб синовдан ўта олмаганлиги учун санитарлик қилаётган одамни биламан.

Озод қизни хурсанд қилгиси келди.

— Сизнинг бу ўқишингизда ҳар қандай имтиҳон ҳам чўт эмас. Хўп десангиз энди биргаликда шуғулланамиз.

Қиз бироз ўйланиб жавоб берди.

— Майли, фақат биргина шартим бор. Сиз инглиз тилини ҳам ўргана борасиз. Қобилиятингиз бор, яхши шифокор бўлиб етишишингиз аниқ. Фақат хафа бўл¬мангу, дуне миқёсидаги мутахассис бўлишни негадир ўйламайсиз. Тил ўрганишда мен сизга ёрдам бераман.

Озод бугун дунё¬қа¬раш¬лари анча кенгайгани, мақсадлари равшанлашгани, ўзига жуда муносиб ҳамроҳ топганини англади.

Шу суҳбатнинг ўзиёқ кифоя қилди.

Озоднинг кўнглида уйғонган ҳис шу куниёқ алангаланди ва бутун борлиғини қамраб олди.

* * *

Тўртинчи курс бўлганларида ҳақиқий Шоҳжаҳон билан Мумтозмаҳалга айланишганди. Озодга анча вақт рўйхушлик бермай юрган Рани аста-секин йигитга қўниккандек бўлди. Лекин Озод Рани иккиларининг келажаги тўғрисида гап очганида қиз хомуш тортиб қолар, бу ҳолат Озодни изтиробга соларди.

Озод ҳали ўзининг оиласидаги синовларни енгиб ўтишни ўйларди. Лекин муҳаббати йўлидаги қор қандай ғов унинг учун муаммо эмасдек. Акаси уйланган, опаси турмушга чиқкан, келажакда ота-онаси билан яшаши керак бўлган укасининг борлиги унга бир қадар имконият берадигандек туюларди.

Тўртинчи курсни тугатиб ёзги таътилга чиққанларида Озод Ранини аэропортга чиқиб кузатиб қўйди. «Озод шу онданоқ ҳижрон уммонига шўнғиб кетди. Аэропортдан қайтган Озод муҳим масалани ҳал қилишга киришди. У ота-онаси билан Рани тўғрисида гаплашмоқчи ва уларни турмуш қуришларига кўн¬дирмоқчи эди.

Бу иш осон бўлмади. Аввал онасини, кейин онаси кўмагида отасини кўн¬дириш учун Озод анча тер тўкди. Аввалига Ҳиндистондан келин олиши ўзига жуда ғайритабиий туюлган Ойбек ака рози бўлди-ю худди ҳинд киноларидек тўй қилиб келин туширишни ўйлаб завқланиб кетди. Озоднинг елкасидан қоқиб бағрига босди ва шундай деди:

— Мен розиман ўғлим. Ҳинд қизи бўлса ҳинд қизи-да. Худо хоҳласа сов¬чиликка ўзим бораман. Ўша Рожа*нинг қизини карнай-сурнай қилиб олиб келамиз. Бахтингни кўрсам бўлгани ўғлим.

Озоднинг кўзларига ёш келиб отасини қучди.

* * *

Ёз бир тарафдан ҳижронда, бир тарафдан ота-онасининг розилиги туфайли шодликда ўтди. Ранига бир неча бор қўнғироқ қилиб бу қувонч¬ли хабарни етказмоқчи бўлди. Лекин ҳар сафар омади чопмади. Иккита чақирувдан кейин алоқа узилар, компьютер ке¬йинроқ қўнғироқ қилишни сўрарди. Электрон манзилга йўлланган саноқсиз мактублар ҳам жавобсиз қолаверди. Озод сабр билан кутди. Ниҳоят йиллардек чўзилган таътил тугаб, иккинчи сентябрь яқинлашди ҳамки Ранидан дарак бўлмади.

Озод ҳаммадан олдин институтга етиб борди.

Ҳамма курсдошлари келган, лекин Озод излаган инсон кўринмасди. Аксига олиб ҳамма курсдошлари Ранини ундан сўрашарди. Озод елка қи¬сишдан нарига ўтолмади.

Биринчи ҳафта беқиёс соғинчда ўтди. Рани келмади. Озоднинг ўқишларидан ҳам кўнгли совуди. Икки ой шу тарзда ўтди. Мажнундан фарқи қолмаган Озод дадасига бориб дарди ҳол қилди.

* * *

Бомбей аэропорти жуда гавжум эди. Дунёнинг турли бурчакларидан келган одамлар турли томонга шошиларди. Самолётдан тушган Озоднинг ёдига бир пайтлар эшитган шеърининг бир сатри тушди:

Тож-Маҳал қуриб бер, жажжи Тож-Маҳал...

Йигитнинг ҳаприқиб кетган кўнглидан ўтли ўйлар кечди: «Азизим Рани, сен учун қалбимда Тож-Маҳал қуриб келдим».

Ойбек ака билан Озод бир муддат қаёққа боришни билмай туришди. Озод Рани ёрдамида инг¬лизчани ўргангани қўл келди. Аэропортдаги полициячилардан қиз яшайдиган Нагпур шаҳрига қандай боришни сўради.

Вокзалда ҳам одам жуда кўп, Нагпурга кетадиган поезд ҳам тўла эди. Олти соатлик йўл давомида Озод учрашувларини ўзгача тасаввур этиб кетди. Ранининг отаси билан учрашишади. Замонавий фикрловчи ота қизининг қўлини сўраб, уларнинг оиласини ҳурмат қилиб келган зиёли инсонлар ташрифидан боши кўкка етади…

Ота-онасининг оқ фотиҳасини олган Рани ўз одатига мувофиқ Озоднинг бўйнига гулчамбар ташлайди. Келинни олиб Ўзбекистонга қайтишади. У ёғи тўй. Эҳ-ҳей…

* * *

Қоғозда ёзилган манзил бўйича келган кўчалари китобларда таърифлангандек эди.

Шаҳарнинг энг обод кўчаси бўлган бу жойда ҳашаматли уйлар саф торт¬ган, йўл ўртасидаги майсазорда пальмалар тартиб билан экилган эди. Келгунларига қадар бошқача манзарини кўриб келган ота-бола яна ҳайратда қолишди.

Ўн биринчи уйни кўп излашмади. Олдида жуда кўпчилик одамлар тўпланиб турган, оқ мармардан уч қават қилиб қурилган уйнинг деворига катта қилиб «11» рақами ёзиб қўйилганди. Кўчада ҳашаматли машиналар турар, ёнғоқдан ишланган дарвоза катта очиқ эди. Дарвоза ёнидаги қоп-қора хизматчи келаётганларни тавозе билан ичкарига таклиф қилар, бошларига катта-кичик саллалар ўраб олган йўғон-йўғон кишилар салобат билан ичкарига кириб кетишарди. Қиш кирган бўлишига қарамай қуёш нурларига тўлган кенг ҳовлида катта базмга тайёргарлик кўрилаётганди. Озод билан дадаси бир лаҳза каловланиб қолишди.

Уларнинг чет элдан келганлигини пайқаган хизматчи ёнларига келиб инглизчалаб деди:

— Соҳиб, ичкарига мар¬ҳамат.

Ойбек ака ўғлига имо қилди. Рани камтаринларча таърифлаган заминдорнинг хонадони ниҳоятда кўркам эди. Ўнлаб хизматкорлар чопганларича келганларга хизмат қилишар, ҳовли марказидаги фаввора атрофида, яна ҳовлининг бошқа жойларида меҳмонлар учун минглаб жойлар ҳозирланганди. Ота-бола келганларга қўшилиб тўрдаги жойга ўтирдилар. Хизматчилардан бири столларига аллақандай ширинликлар қўйиб, тановул қилишга таклиф этди.

Озод бу манзарини ҳеч ҳазм қилолмаётган эди. Нималар бўлаяпти ўзи? Рани қани? Бу қанақа тантана?

Ўғлининг кўзлари аланг-жаланг бўлаётганини кўрган Ойбек ака босиқлик билан атрофни кузатди. Одамлар билан тўла бошлаган жойлар тўрида муҳташам жой ҳозирланганди. Отанинг ҳам ўғилнинг нигоҳлари шу жойда қотди. Иккисининг ҳам қалбини бир ўй қириб ўтди.

Тўй… Келин ва куёвга ҳозирланган жой…

Куёв қани?! Келин ким?!

Саволлар жавобсиз қолмади. Қоп-қора лимузин сирена овозини янгратиб дарвоза ёнида тўхтади. Сари ўраган аёллардан бири келин-куёвнинг йўлига гул сочди, яна бири қип қизил кукун. Мошинанинг олд эшиги очилиб кўринишидан куёв бўлган йигит тушди. У жуда келишган эди. Оппоқ костюм кийган, бошига бежирим салла ўраганди.

Озод унга қараб ютиниб қўйди. Куёв орқа эшикни очди. Ҳарир пардаларга ўралган пойафзалсиз нозик оёқ гуллар билан упага қоришиб кетган йўлакка қадам босди. Келин бошдан-оёқ қизил матога ўралган, юзига парда тортилган эди.

У ким, наҳотки Рани бўлса?! Куёв келинни етаклаб тўйхонага кириб кела бошлади. Ҳиндча ноғоранинг шўх садолари янгради, ортидан сурнай жўр бўлди. Озод билан Ойбек ака турган жойга яқинлашганларида келиннинг билагидаги мошдек хол кўринди.

Озод титраб кетди. Келин Рани эди!

Йигит ўрнидан туриб кетди, Ойбек ака ўғлининг қўлидан тортқилаб, ўтиришга ундади. Лекин Озод гўё қотиб қолгандек эди.

Енгил қадам босиб келаётган келин уни кўриб бир қалқди. Унга тикилиб турган нигоҳ эгаси ҳақиқатдан ҳам Озодга қарашли эди.

Эҳ бу лаҳзалар… Кўз¬лар тўқнашган онлар.

«Мен сени излаб келдим…».

«Мен сени соғиниб кутдим… Лекин…»

«Нега, нега ахир?!»

«Тақдир…»

Тўйхонани тарк этаётган Озоднинг қулоғига меҳмонлардан бирининг сўзлари чалинди.

— Куёв ҳам келин каби шифокор, Америкада ўқийди. Энди, хотинини ҳам олиб кетса керак…

Келин-куёв шарафига тўй садоси чалинди. Лекин Озоднинг кўзларига ғилт-ғилт ёш тиқилди.

Ҳамма келин куёвга қўшилиб ичкарига йўналаётган бир пайтда Озод Ранининг ёнидан ўтиб ташқарига чиқиб кетди…

Умид билан келганди, ҳадсиз армон билан кетди. Дард ҳам шунчалардир…

Аброр ЗОҲИДОВ

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар