— 19 ёшдаман. Оилада уч нафар қиз вояга етдик. Опам турмушга чиқиб, бахтли яшамоқда. Бир йил аввал мени маҳалламиздаги бир йигитга фотиҳа қилиб қўйишганди. Баҳорда тўйимизни ўтказиш режалаштирилган. Яқинда телефон орқали гаплашиб бир йигит билан танишдим. Унга кўнгил қўйдим. Онамга айтиб, фотиҳани бузишларини ва ўзим ёқтирган йигитга турмушга чиқаришларини сўрамоқчиман. Сиз нима дейсиз?..
Иродахон, Марғилон шаҳри
Муҳиба ҲАМИДОВА, филология фанлари номзоди, журналист: — Асал қизим, кўнгилнинг айри кўчалари қурсин-а. Унаштирилган қиз нима қилиб бошқа бир йигит билан телефонлашиб, бошингизга муаммо орттириб юрибсиз. Уят, шармандалик, она қизим! Бу гапни бизга маслаҳат солиб, кўнглингиз, виждонингиз қийналганига малҳам истабсиз, раҳмат. (Ўз билганидан қолмайдиган қизларимиз ҳам бор-да.) Энди бизга қулоқ оссангиз, қизим, бу ҳою ҳавасдан воз кечинг. Телефондаги ёлғончи хушомадларга учманг. Ота-онангизнинг юзини ерга қаратманг. Улар маҳаллада қандай бош кўтариб юришади? Ўзингиз-чи? Бебурд қиз деган ёмон ном орттириб иснодга қолмайсизми? У бўлғувси куёв бола — сизга умрлик йўлдош бўлиш, сизни бахтли аёл қилиш орзусида юрган бегуноҳ йигит бечоранинг айби нимада?
Келинг, сизнинг кўнглингизга қайтадиган бўлсак, агар турмушга чиқадиган маҳалладош йигитга кўнглингиз “жизз” этмаганида, аввало, тўйга розилик бермасдингиз, тўғрими? Қолаверса, “унаштирилганмиз” деб бир йилдан бери нари-бери гаплашиб юргандирсизлар. Бу ваъдалар қани? Қолаверса, қайнонангиз келин либосларни сизнинг бўй-бастингизга мос қилиб, яхши ниятлар билан харид қилиб қўйган. Эзгу ниятларга ҳамроҳ бўлинг, қизим.
Сиздаги қиз бола орияти мустаҳкам, исмингизга муносиб иродали, бир сўзли инсон эканингизга ҳаммани ишонтиринг. Аввал бахт — нақд бахт, қизим. Орқага чекиниш, фикрни ўзгартириш яхшиликка олиб келмайди. Телефондаги ошиқ қизлар билан телефонлашиб, бахтини топиб олар. Унга ҳам иймон-инсоф тилаб қоламиз.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.






