Афғонистондан Россияга транзит орқали олиб ўтилаётган қарийб 13 килограмм героин Бухоро вилоятидаги “Олот” чегара-божхона постида аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 май куни Афғонистондан Россия Федерациясига йўл олган юк автомобили божхона назоратидан ўтказилган. Инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган рентген тасвирларини таҳлил қилиш жараёнида юк таркибида шубҳали ҳолатлар қайд этилган.
Шундан сўнг тиркамада ташилаётган 18,6 тонна қадоқланган ўрик қоқиси холислар иштирокида батафсил текширилган. Кўрик давомида 13 та қоғоз қутида ташқи кўриниши ўрик қоқисига ўхшатиб тайёрланган моддалар борлиги аниқланган.
Эксперт-криминалистика хулосасига кўра, мазкур моддаларнинг умумий оғирлиги қарийб 13 килограмм бўлган героин экани маълум бўлган.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситасининг халқаро қора бозордаги қиймати 1,5 миллион долларгача баҳоланмоқда.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён республика божхона органлари томонидан 363 та ҳолатда қарийб 1,7 тонна гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 461 килограммга кўпдир.






