БОЛАЛАРНИ ГАДЖЕТЛАРДАН АСРАШ КЕРАК(МИ)?

HI-TECH 05.12.2017, 11:55
БОЛАЛАРНИ  ГАДЖЕТЛАРДАН АСРАШ КЕРАК(МИ)?

Биз кичкинтойларимизнинг планшет ва смартфонлардан моҳирона фойдаланаётганини кўриб, ҳайратланмайдиган даражага етдик. Чунки уларда боланинг эътиборини тортувчи турли-туман қизиқарли ўйинлар мавжуд. Аммо янги гажетлар, замонавий технологиялар ўзларида қандай хавфли синоатни яширган?

Миянинг тез ривожланиши

Бола туғилгандан то икки ёшга тўлгунга қадар унинг мияси уч баробар ўсади ва бу жараён 21 ёшгача давом этади. Замонавий технологиялар, янги гажетлар, мобиль телефонлар, ижтимоий тармоқ, телевидение энди шаклланиб келаётган миянинг янада жадал суръатлар билан ривожланишига сабаб бўлади. Аммо бу нарса ҳар доим ҳам ижобий таъсир кўрсатмайди. Тадқиқотлар натижасида боланинг гажетлардан фойдаланиши диққат етишмовчилиги синдромига, ривожланишнинг когнитив сустлашишига, асабий ҳолатга тушишига олиб келиши маълум бўлди.

Ривожланишдан ортда қолади

Ҳаракат — соғликнинг гаровидир, бундан ташқари у диққатни ва онг ривожланишини кучайтиради. Аммо замонавий технологиялар билан банд бўлган бола кам ҳаракат қилади, оқибатда жисмоний ривожланишдан ортда қолади.

Оғир вазндан азият чекади

Бола телевизор қаршисида узоқ ўтирса, қимирламай видеоўйинлар ўйнайдиган бўлса, унда ортиқча вазн юзага келади. Ётоқхонасидан чиқмай, гажет ўйнайдиган болаларнинг 30 фоизида бу нарса яққол кўзга ташланади. Болаларда семириш билан бирга диабет, инсульт ва юрак хуружи касалликлари ҳам кузатилади.

Уйқуга тўймайди

60 фоизота-она боласининг гажетга қанча вақт сарфлашини назорат қилмайди. Болалар ярим тунгача ухламай, ўйин ўйнаб ўтиришади, кун тартиби бузилиб, уйқусизлик касалига дучор бўлишади. Буларнинг ҳаммаси унинг соғлигига салбий таъсир кўрсатади.

Руҳий касалликка чалинади

Ўтказилган тадқиқотлар боланинг замонавий ўйинчоқлардан ҳаддан ортиқ фойдаланиши депрессия, хавотир, диққат етиш­мовчилиги синдроми, аутизм, психоз ва турли руҳий зўриқиш касалликларига олиб келиши мумкинлигини исботлади.

Тажовузкор бўлиб қолади

Психикаси мувозанатлашмаган ёш болалар телевизорда кўрган қўрқинчли фильмидан, қотиллик, зўравонлик саҳналари акс этган видеоўйинлардан қаттиқ таъсирланишади. Бу эса изсиз кетмайди, болада тажовузкорлик кучаяди.

Ахборотлар кўплиги оғирлик қилади

Ахборотнинг кўплиги (масалан, ОАВлар ҳам) болада диққат етишмовчилиги синд-ромига, хотиранинг ёмонлашувига сабаб бўлади. Ўз навбатида бу ҳолат боланинг ўқишига салбий таъсир кўрсатади, натижада у диққатини жамлай олмайдиган, ёмон ўқийдиган ўқувчига айланади.

Гаджетларга боғланиб қолади

Ота-оналарнинг ҳам ноутбук ва смартфонларга боғланиб қолиши оқибатида фарзандига деярли вақти қолмайди. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, ота-онасидан ўрнак олган болалар ҳам “замонавий ўйинчоқ-лар”га қаттиқ боғланиб қоладилар.

Радиация нурланишини олади

Болаларнинг мияси ва иммун тизими ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмагани боис улар жуда таъсирчан бўлишади. Шунинг учун улар мобиль телефондан фойдаланаётганда радиация нурланишини ҳисобга олиб, эҳтиёт бўлишимизга тўғри келади. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти мобиль телефон ва барча симсиз мосламаларни 2В – канцероген хавфли тоифага киритган.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1