Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида БМТ Ёшлар форуми бўлиб ўтди. Унинг доирасида Ўзбекистоннинг ушбу глобал тизимдаги доимий ваколатхонаси томонидан республикамизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати тақдим қилинди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистондаги ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳияти, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти, унинг ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан шуғулланишга даъват этилгани, аҳолининг ушбу қатлами ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг тубдан ислоҳ этилишига доир маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг асосий жиҳатлари, уни ҳаётга татбиқ қилиш борасида эришилган натижалар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.
«Жаҳон» АА ёзишича, БМТ форуми қатнашчиларининг асосий эътибори 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги маълумотларга қаратилди.
Тадбир чоғида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси чоғида илгари сурган ташаббуслари, жумладан, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинлик ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусининг муҳокамаси анжуман иштирокчилари ўртасида алоҳида қизиқиш уйғотди. Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчисининг глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи тилга олинди. Ана шундай муҳим халқаро ҳужжат БМТ аъзо давлатлари томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирилди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ёшлар форумининг очилиш маросимида БМТ котибияти, бошқа халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ҳамда ёшлар тизимларининг вакиллари иштирок этди.
Анжуман қатнашчилари олдида сўзга чиққан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сесссияси раиси
М. Лайчакнинг баёнот беришича, “Бугунги кунда дунёда мисли кўрилмаган даражада кўп — 1,8 миллиард ёш авлод вакиллари истиқомат қилмоқда, улар ҳамон кўпгина тўсиқларга дуч келаётир”.
Унинг айтишича, “Инновацион ёндашувларга эга бўлган ўсиб келаётган авлоднинг иштирокисиз замонавий хавф ва хатарларни ҳал этиш қийин вазифадир”. Хусусан, “ёшларни замонавий кўникмалар билан қуроллантириш, ташаббусларини рағбатлантириш зарур”. Шу ўринда Бош Ассамблея 72-сесссияси раиси бу тоифанинг муносиб даражадаги бандлиги масаласи БМТнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.
Форум доирасида бўлиб ўтган ялпи йиғилиш, давра суҳбатлари ҳамда секция тадбирлари чоғида ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари ўз мамлакатларида ёшлар сиёсати соҳасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. Унинг якунлари бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.