Сопол мушукча

МУТОЛАА 14.03.2018, 10:35
Сопол мушукча

Болаларингиздаги шўхликни ўлдирсангиз, ҳеч қачон донишмандларни вояга етказолмайсиз.

Жан Жак Руссо

У жуда шўх эди, йўқ-йўқ, ҳаддан ортиқ тиниб-тинчимас, бениҳоя шумтака, бироқ ёқимтой ва одамшаванда бола эди.

Кичкина бўлишига қарамай атрофида рўй бераётганларни ўз-ўзича тушунишга ҳаракат қилар, одамларга қўлидан келгунича ёрдам беришга ошиқарди. Кимгадир озгина кўмак бера олса, ўзининг бу ишидан ҳузурланарди. Уни ҳамма: қўни-қўшнилар, қариндошлар, таниган-билганлар яхши кўриб эркалашарди.

Аммо шу кунларда ота-онаси кўп жанжаллашиб қолишаяпти-да. Ойисининг кўзида доим ёш. Баъзан уни бағрига босиб, юм-юм йиғлайди, аммо ҳеч нима демайди. Бола ақли билан онасини қандай қилиб бу рутубатдан олиб чиқиш ҳақида ўйлаб юрибди. Бирон тадбир тополсайди. Ўзи бош қотирмаса бўлмайди, сингиллари ниманидир тушунадиган ёшда эмас.

Дадаси ғалатироқ бўлиб қолган. Бир куни ота-онасининг навбатдаги жанжалига гувоҳ бўлиб қолди. Уларнинг хонасидан ойисининг жаҳл аралаш гапиргани эшитилди:

– Нега чекасиз шу заҳри қотилни, болаларни, мени ўйласангиз-чи, бунақада хонавайрон бўлиб, маҳалла-кўйга шарманда бўламиз-ку. Бир кунимизга ярар деб йиғиб қўйганимизни ҳам ҳавога совуриб бўлдингиз.

– Секинроқ гапир, болаларнинг олдида шаллақилик қилиб томоша кўрсатмай, яхшиси тўйга дейилган пулни олиб чиқ.

– Тўйга дейилган пулни?! Уни нима қилмоқчисиз, ахир баҳорда ўғил тўйи қилмоқчи эдик-ку.

– Баҳоргача ҳали бор. Олиб чиқ, дедим сенга.

– Нимага ишлатмоқчилигингизни айтинг.

– Кўп гапирма, тез бўл, қўзғал...

– Йўқ, ҳеч қачон... Бермайман.

Сўнг олатасир тўполон овози эшитилди, бирпасдан кейин эса кўча эшиги қаттиқ ёпилди... Хайрият, дадаси кетди. Энди нариги хонадан фақатгина онасининг пиқ-пиқ йиғлагани қулоғига чалинарди, холос. Бир оз ўйланиб туриб, ойисининг ёнига кирди.

– Даданг кеча телевизорни сотганди. Бугун эса бор-будимизни олиб чиқиб кетди, – ойиси унга ҳасрат қилиб.

– Ойи, мен савдони ўрганмоқчиман, – деди бир оз иккиланиб туриб.

– Нега ўғлим, уни ўрганиб нима қиласан?

– Ҳозир ёзги таътилдаман, истироҳат боғида музқаймоқ сотсамми, деб ўйлаб юрувдим. Ёки компот қайнатиб берсангиз, бозорда сотиб келардим. Кун иссиғида одамлар муздеккина ичимликни жон деб олиб ичишади. Фойдасига сизга телевизор олиб бераман.

– Бўлмайди, болам, чарчаб қоласан, бунинг устига вояга етмаганларнинг ишлаши тақиқланган. Лекин аҳдинг қатъий бўлса, ўз номимга кичик бир дўконча очаман, ишларимиз ҳам қонуний бўлади, савдода асосан ўзинг бўласан. Фақат бир шартим бор. Ишлаб топган пулларингни ўзинг йиғиб борасан. Кузда мактаб учун ўқув қуроллари ва кийимларни шу пулларга сотиб олишинг мумкин бўлади.

– Телевизор-чи?!

– Керакмас, кун бўйи сериал кўриб вақт ўтказардим, ўйлаб қарасам, шундоғам ортиқча матоҳ экан. Лекин бир муаммо бор... Бизда савдо бошлашга етадиган маблағнинг ўзи йўқ-ку, унинг устига ҳозир ҳар қадамда битта дўкон бўлса, – ойиси овози қалтираган ҳолда ўғлининг кўзларига қарай олмай айтди бу гапларни. Сўнг жавондан чиройли ишланган сопол мушукчани олиб, унга узатди:

– Бу бувингдан қолган эсдалик. У атайлабдан пул йиғиш учун ясалган. Қара, мана бу ерида кичик тирқиш бор. Шу ердан пул ташлайсан, аммо ололмайсан. Ўшанда пулларинг йиғилиб бораверади, – деди.

Бола ўйинчоққа ўхшаб кетадиган мушукчани олиб, хонасидаги шкафга қўйди. Хаёлида ҳали бошламаган ишидан завқлана бошлади. Қарорида собит туриб, ёз бўйи музқаймоқ, совуқ чой, муздеккина компот, райҳонли айрон — хуллас, нима ўнғай келса сотди, кўрган фойдасини “мушукча”га ташлайверди.

Ёзнинг сўнгги кунлари эди. Савдодан қолган фойдани “мушукча”га ташлаш учун шкаф эшигини очди. Бироқ у ерда “мушукча”ни кўрмади. Ҳайрон бўлиб хонанинг ҳар бурчагини қидирди. Йўқ! Сўнг хамир қориб ўтирган онасининг олдига чиқиб:

– Мушукча қани, ойи? – деб сўради.

– Қайси мушукча?

– Пул йиғиб юргандим-у. Бувимдан қолган мушукча-да.

– Билмадим, болам. Кўзим тушмади. Қаерга қўйгандинг?

– Хонамдаги шкафга.

– Тағин ахтариб кўр-чи. Чиқиб қолар, – деди ойи ташвишга тушиб.

– Хўп, сиз ишингизни қилаверинг, – деб ҳовли томонга юрди.

– Тандирга ёқишга ўтин тайёрла, ўғлим. Нонга хамир қоряпман, – деди ойиси бир тоғора хамирни куч билан муштлар экан.

Оғилхона томига чиқиб, пастга уч боғ ғўзапоя ташлади. Ҳали тандир қиздиришга эрта. Олдин хамир ошиши керак, кейин ўт ёқилади. Шундай бўлса ҳам ҳаммасини саранжомлаб қўйгани маъқул. Ғўзапояларни тиззасига қўйиб синдириб, совуқ тандирга тахлаётганида кўзи таниш нарсага тушгандек бўлди. Қараса, тандир орқасида “мушукча”нинг бўлаклари сочилиб ётибди. Демак, уни кимдир синдирибди, ичидаги пуллар эса... Буни ким қилганини фаҳмлагандай бўлди. Кейинги пайтларда дадаси уйдан нима топса яширинча олиб чиқиб сотиб юборадиган бўлиб қолган. Энди унинг йиққан пулларига ҳам кўз тиккан кўринади.

Эссиз, ёз бўйи меҳнат қилганди-я. Дили вайрон бўлди. Ахир у ҳали бола эди, атиги саккиз яшаргина бола. Аммо мана, саноқли сониялар ичида улғайди, бир деганда ичимдагини топ дейдиган вазмин одамга айланди қўйди.

Бирдан ўзига келиб, ойисининг кўзи тушмаслиги учун синиқларни имкон қадар тезроқ тера бошлади. Уларни чиқинди қопга солиб, устини хас-чўплар билан яширди.

Кечки пайт иссиқ нон билан чой ичиб ўтирганларида, ойиси:

– Ўғлим, хаёлимдан кўтарилай дебди, мушукчангни топдингми? – деб сўради.

Чайнаётган нони томоғига тиқилиб қолаёзди, пиёладаги чойдан ичиб:

– Ҳа, топдим, каравотимнинг тагида экан, кеча ўша ерга қўйганим эсимда йўқ, – деди шоша-пиша. – Ойи, ҳалиги чиқинди қопни тўкиб келаман, тўлиб кетса кўтаролмай қийналиб юраман, – деб тезгина ўрнидан турди.

Одамлар бошқа унинг нигоҳларида кулги кўрмадилар. Ўзини тутишидан уни саккиз яшар қария дейиш мумкин эди. Гиёҳвандлик балоси ундан болалилигини анча эрта тортиб олди.

Хосият РАЖАБОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1