Россиянинг Москва вилояти Одинтсово шаҳар округига қарашли Горки-2 посёлкасидаги мактабда ҳалок бўлган 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг жасади Тожикистонга юборилади. Марҳум тўртинчи синф ўқувчиси бўлган.
Маълум қилинишича, Қобилжоннинг отаси бир неча йил аввал вафот этган. Оилада ундан ташқари, айни мактабда таҳсил олаётган акаси ҳам бор. Оила яқинларининг айтишича, болаларнинг онаси ҳужум содир бўлган Успенский мактабида тўрт йил давомида фаррош бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кириб, қўриқчи ва тўртинчи синф ўқувчисига ҳужум қилган. Оқибатда 10 ёшли бола воқеа жойида ҳалок бўлган, қўриқчи эса тан жароҳати олган.
Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ҳамда 30-модда 3-қисми ва 105-модда 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдиришга уриниш) билан жиноий иш қўзғатган. Гумонланувчи 15 ёшли ўсмир қўлга олиниб, айбини тан олгани билдирилган.
17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу воқеани кескин қоралаб, марҳум боланинг яқинларига ҳамдардлик билдирди ҳамда Россия томонини ҳодисани холис ва тўлиқ тергов қилишга чақирди.






