Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишди. Хусусан, камбағал ва камбағаллик хавфи остидаги оилаларни аниқлаш, уларга кўрсатиладиган ёрдам ва хизматларни ягона тизим асосида ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, ҳозирга қадар 1,8 миллион оиланинг ижтимоий ҳолати баҳоланиб, 739 минг оила реестрга киритилган.
Эндиликда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестри негизида янги Ижтимоий реестр юритилиб, оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб тоифаларга ажратилади ва ҳар бирига мос ёрдам кўрсатилади.
Ҳудудларда эҳтиёжманд аҳолига комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатиш учун 2026–2027 йилларда 20 та ҳудудий ижтимоий хизматлар марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, президентга 2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича ишлаб чиқилган стратегия тақдим этилди.
У болалар учун хавфсиз муҳит яратиш, хавф остидаги болаларни эрта аниқлаш ҳамда жабрланган болаларга комплекс ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Давлат раҳбари ушбу вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.






