Тошкентда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги учрашув бўлиб ўтди

СИЁСАТ 26.03.2018, 21:28
Тошкентда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги учрашув бўлиб ўтди

«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси доирасида пойтахтимизда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ЎзА хабар бермоқда.

Унда Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев ва Еврокомиссия президенти ўринбосари, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини минтақалараро ҳамкорликка оид дозарб масалаларни муҳокама қилди.

Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Европанинг 2009 йилда ЕИнинг минтақамизга оид янгиланган стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга доир режасини маъқуллади ҳамда Марказий Осиё давлатларининг мазкур жараёнда фаол иштирок этишига доимо тайёр эканини билдирди.

2 (1).JPG

Учрашувда, шунингдек, минтақада иқтисодий, ҳудудлараро йўналишлардаги ҳамкорликни, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, илмий ва таълим соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбирда Афғонистондаги аҳволни барқарорлаштириш ва пойтахтимизда ўтказиладиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Тошкент конференцияси арафасида ушбу давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, уни худудий иқтисодий ва инфратузилма алоқаларига жалб қилишга доир саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши бўйича фикр алмашилди.

Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашувини жорий йилнинг иккинчи ярмида Брюссель шаҳрида ўтказишга қарор қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1