Невара орзусида...

МУТОЛАА 25.04.2018, 14:02
Невара орзусида...

Кеча Лазизани тўйда кўриб қодим. Узоқдан кўрдим-у танидим. Новчадан келган бу қизнинг суратини қўлимга тутқазишганида ўғлимнинг бўйига бўйи мос экан, дегандим. Ўзим ёлғиз қизимни узатиб, анча пайт жонимнинг бир парчаси ўзга уйдалигига кўниколмай юрганимгами, келиннимни қувонч билан кутиб олдим. Ўғлимни қизғаниб ё ишидан камчилик топиб ғиди-бидига ҳам бормадим. Қолаверса, кун бўйи ишдаман, келин бўлса ўқишда эди.

Лазиза ёнидаги аёл билан биз томон юриб келаётганида юрагим ҳапқириб кетди. Ўрнимдан туриб кўришишга чоғлангандим, у ёнимдан бепарво ўтиб кетди. Кўрмадими ёки кўрмаганга олдими — билмадим. Уни минг тушунишга уринмай, хафа бўлмасликка ҳаракат қилмай, барибир ўша кунлар ёдимга тушиб, дилим ғаш тортди.

Лазизани ўғлим ўзи танлади. Пўлатнинг ишхонаси билан унинг институти ёнма-ён эди. Совчиликка бордик, қизнинг ҳам кўнгли ўғлимда эканлигигами, розилик олишга қийналмадик. Яхши ниятлар билан ўтган тўйдан кейин болам кўзимга янада бахтиёр кўринарди. Дадаси билан биз ҳам келин туширгач, бахтимиз тўкислигига амин бўлдик. Бобо-буви мақомига эришишимизни ўйлаб орзиқардик.

— Келин ўқийди, чақалоқ олиб келса, ишламайсан, — дерди хўжайиним карьера қилишимга шу кунгача тўсқинлик қилмаган бўлса-да.

— Хўп, албатта-да, ўзим катта қиламан, — дейман мен ҳам ишдан қолишимга оғринмай.

Ширин қизимиз боласи билан келса, бошимиз кўкка етиб кетарди. Ҳали бобоси чақалоқни қўлига олиб, боғни айланади. Катта одамга гапиргандек неварасини дарахтлар билан таништиради. Ҳали мен уни ҳаммадан қизғаниб бағримга босиб ўтираман. Уйимизда чақалоқ туғилса-ку, тамоман бошқа инсонга айланиб қолсак керак, деб ўйлардик.

Афсус кутганимиз сари хушхабардан дарак бўлавермасди. Тўйдан бир йиллар ўтгач, шифокорга учрашдик. Эр-хотин бирга даволаниши керак, деган гапни эшитиб, ўғлимни ҳам судрадим. Муаммо боламдалигини билиб эса ўзимни йўқотиб қўйдим. Фарзанд кўришматёганига жиддий қарамаётган Пўлат ҳам тушкунликка тушиб қолди. Лекин ҳаракатдан тўхтамади. Қаерда яхши шифокор бўлса, учрашиб кўрарди. Қайта-қайта текширувлардан ўтиш, даволаниш билан ўтган иккинчи йилдан сўнг қудамиз қизини ажратиш истаги борлигини билдирди. Мен келинга умид билан боқдим. Ҳарҳолда ўғлимни севади, тақдирнинг бу синовини бирга енгиб ўтиш учун ўзида куч топади, деб ўйлагандим. Лазиза эса кетишини айтди. Уни кўзда ёш билан кузатиб қолдим. Ахир ўз болам учун ҳеч нарса қилиб бера олмаётган пайтимда бировнинг боласининг ҳаёти устудан ҳукм чиқара олмасдим. Рози-ризолик билан хайрлашдик. Фақат Пўлат лом-лим демади. Ўз қобиғига ўралиб олди. Энг ёмони эса келин кетгач, оралаган гапларнинг зарбаси бўлди. Ўғлимнинг бепуштлигини қудамиз ҳаммага айтиб чиқди. Боламнинг ҳам, бизнинг ҳам бошимиз эгилди. Кундан-кун чўкиб бораётган боламга қараб бир кун қаттиқ эзилиб кетдим. Лазизага қўнғироқ қилдим.

— Лазиза, қизим, яхшимисиз? Мен ойингизман, — дедим овозим титраётганидан у мени танимай қолмасин деган ўйда.

— Ассалому алайкум, Саломат опа. Раҳмат, мен яхшиман, ўзингиз тузукмисиз? — келинимнинг менга ойижон, дея мурожаат қилмаганидан юрагимда нимадир узилгандек бўлди. Энди ўйлаб қарасам, ўшанда орадан бир йилча ўтган экан. Лазиза жавобини олган, қонунан ажрашган бўлганидан кейин мени қандай қилиб ойижон, дея айтсин?

— Қизим, бугун тиббиёт ривожланган. Янги техникалар кўп, бефарзанд оилалар ҳам болали бўлишаётган экан, — дедим нима бўлса ҳам мақсадимни билдирай, деган умидда. — Лазиза, бориб сизни олиб келсакми, деяётгандик, — дедим унинг жим бўлиб қолганидан.

— Саломат опа, мен ҳеч нима қила олмайман. Онам билан гаплашинг, — дея келиним шошиб хайрлашди.

Умид қилишимдан наф йўқлигини билсам-да, онасининг ишхонасига бордим. Пўлат учун бепуштлигини билиш бир зарба бўлган бўлса, севганидан айрилгани уни баттар азоблаётганди.

— Сиз ҳам онасиз. Мен ҳам онаман. Менинг қизим ҳам она бўлишга ҳақли. Узр, уни бошқа бир инсонга узатаяпмиз. Энди Лазизани тинч қўйинглар, — деди қудам хотиржам.

Уйга келгунча йиғлаб қайтдим. Ўзимни ноилож қолгандек ҳис қилардим. Лазизанинг ҳам бахтини бойлашга ҳаққим йўқлигини тушунардим. Бир томонда эса ўғлимга куйиб кетаётгандим.

— Ойи, сиз бемалол укамни уйлантираверинг. Мен икки йил чет элда ўқиб келмоқчиман, — дунё кўзимга қоронғу кўриниб қолган кезларда ўғлимнинг дабдурустдан айтган таклифидан мен учун чинданам кутилмаган эди.

Отаси ҳам рози бўлгани ҳайрон қолдирди. Гўё у кетса, қайтиб келмайдигандек туюлганди ўшанда. Бу қўрқувим тилимга кўчмай қолмади.

— Нега қайтиб келмас эканман? Икки йил ичида ҳам келиб кетаман, сиз хавотирланманг, — ўғлим мени тинчлантириш учун ёнимга ўтди. Елкамга бошини қўйиб, қўлларимни ушлади.

— У сенинг куйинаётганингни кўриб ҳам қийналаяпти. Майли, икки йил ўқиб келсин, ҳаво алмаштиради, дунё кўради, билимлари ошади. Ҳаётида мазмун пайдо бўлгач, ўзига келади, — деди эрим хорижга жўнатмайлик, дея йиғлаганимда.

Охири кўндим. Қолаверса, дардига шифо ҳам топилар хорижда деган умид уйғонди қалбимда.

Икки йил ичида Лазиза турмушга чиқди, болали бўлганини ҳам эшитдим. У учун қувонган бўлсам-да, бу хабар ярамни янгилаганини тан олмай иложим йўқ. Аммо шу пайтда боламнинг хорижга кетгани яхши бўлган экан, дея шукр қилдим.

Таниш-билишлар қачон ўғилларимни уйлантиришим ҳақида савол беришса, нима деб жавоб қайтаришни билмай қолардим. Кичигим ҳам акасига ҳавас қилиб чет элда ўқишни дилига тугиб, тўй бошлайлик деган гапимизни давом эттиришни истамайди. Пўлатни уйлантирай десам, яна ўша тарих такрорланишидан қўрқаман. Қолаверса, билиб-туриб бир қизни бу дардга шерик қилишни истамасдим.

— Саломат, бу ҳаёт. Турли тақдирлар бўлади. Тақдирни тан олиш керак. Барибир Пўлатнинг бошини икки қилиш лозим. Оиласидан ажрашгами ё умр йўлдошини йўқотганми, боласи бор аёлга уйлантиришни ўйлаб кўрсангизлар бўларкан, — опам бир куни шундай дея маслаҳат солди.

Турмуш ўртоғимга айтгандим, у ҳам «Бир болага оталик қилса, ўзига ҳам фарзанд берар», дея ўйланиб қолди.

Бу таклифимизни анча пайт Пўлатга айта олмадик. Ҳатто у ўқишни тугатиб қайтиб келгач ҳам сўз очолмадик. Билиб-билмай унинг кўнглига озор беришдан чўчирдик. Бир куни отаси токларни очиш баҳонасида оила қуриши кераклиги ҳақида гапирибди.

— Ота, ўзим ҳам шу мавзуда сиз билан гапламоқчи эдим. Онамнинг олдида айта олмаяпман. Чунки улар биринчи оиламдан ажрашганимдан кейин анча пайт ўзига келолмадилар, — дея кўнглини очибди.

Ўғлим айтган ҳовлига кириб борарканман, қўнғироқ соч болакайнинг коптоги оёқларим ёнига думалаб келди. Бирам ширин бола эканки, бағримга босиб қучгим келди. Опам болага узоқ тиликиб қолганидан ҳам ҳеч нарсани пайқамапман. Биз оғиз солиб келган Насибани ўғли туғилмасидан эри уйидан ҳайдаган экан. Собиқ турмуш ўртоғи ҳозир чет элда яшаркан. Боласидан ҳам хабар олмас экан. Ўғлим билан халқаро анжуманда танишиб қолишган. Пўлатни Насибанинг ақл-заковати ўзига жалб қилган, деб тахмин қилдим. Ота-онаси биринчи марта қизларининг бахти кулмагани учун қаттиқ ўйланиб қолишди. Қолаверса, бола бегона инсон қўлида ўсишини ўйлаб роса иккиланишди. Пўлатнинг эса бу болага меҳри тушиб қолган эди. Шу сабаб ҳам у ўзи бориб қайнота-қайнонасининг розилигини олди. Орадан кўп ўтмай, уйимизга келин билан бирга ширингина набира ҳам кириб келди.

***

Набирамнинг буви дея бўйнимга осилишини ўйлаб, дилимдаги ғашлик тарқагандек бўлди. Тўйдан олиб кетишга келган ўғлим эса йўл-йўлакай бирор кафега кириб ўтишимизни айтиб қолди. Тинчликми деган саволимга қандай жавоб эшитишимни билсам ҳам, сўрадим. Кеча ширингина сутли қаҳвага шўр бодрингни ботириб еб ҳайратимни оширган Насибанинг бугун кўнгли кабоб ейишни тусаётган экан... Қувонганимдан кўзим порлаб машина деразасидан боққанча кафе излашга тушдим... Ўғил невара кўрсак, акаси Шаҳриёрнинг исмига монанд қилиб Шохруҳ дея аташни дилимга тугиб қўйганман.

МУХЛИСА ёзиб олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1