1

Кўкрак бези саратонини келтириб чиқарувчи 10 сабаб

САЛОМАТЛИК 30.06.2014, 23:55
Кўкрак бези саратонини келтириб чиқарувчи 10 сабаб

Ҳозир кўкрак бези саратони аёллар орасида учрайдиган онкологик касалликлар ичида биринчи ўринни эгаллаб, афсуски, хасталар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, бутун дунё бўйича ҳар ўнинчи аёл кўкрак бези саратони билан хасталанар экан. Бир йилда ушбу хасталик туфайли 1,5 миллиондан ортиқ аёл  вафот этади. Врачлар малакасини ошириш институти, жарроҳлик кафедраси профессори, маммолог Дилобар Мирраҳимова билан айнан шу мавзуда фикрлашдик...

  1. Наслий омил. Агар онада кўкрак саратони кузатилса, унинг қизларида кўкрак саратони ривожланиш хавфи жуда юқори бўлади. Чунки кўкрак бези касалликлари учун жавобгар бўлган генларда мутация кузатилади. Балоғат ёшига етгандан кейин, BRCA I , BRCA II генларида ўзгариш бор-йўқлиги қон таҳлили орқали аниқланади. Шу сабаб онасида кўкрак бези саратони касаллиги кузатилган қизлар ҳар 6 ойда махсус текширувдан ўтиши шарт.
  2. Сурункали равишда кечадиган гинекологик хасталиклар оқибатида. Тухумдон, бачадондаги сурункали шамоллаш жараёнлари, бачадон миомаси, тухумдон кистаси кабилар ҳам кўкрак бези касалликларининг келиб чиқишига асос бўлиши мумкин. Чунки юқори касалликлар оқибатида аёл организмдаги гормонал фон ўзгаради ҳамда кўкрак бези тўқимасидаги ҳужайраларда патология вужудга келиши мумкин.
  3. Аёл киши ҳаёти давомида туғмаса, бола эмизмаса. Инсонга берилган ҳар бир аъзо ҳаёт давомида ўз функциясини бажариши шарт. Масалан кўз кўриши, қулоқ эшитиши, бачадон ҳомила кўтариши, кўкрак эмизиши керак. Агар инсондаги исталган орган ўз функциясини бажармаса, ушбу аъзода касаллик юзага келади. Шу сабабли ҳам кўкрак бези саратони туғмаган ва фарзанд эмизмаган аёлларда нисбатан кўпроқ кузатилади.
  4. Кетма-кет қилинган сунъий абортлар. Ҳар бир сунъий аборт аёл кишининг кўкраклари учун кучли зарба ҳисобланади. Чунки аёл киши ҳомиладор бўлган дақиқадан бошлаб кўкрак безлари лактацияга тайёрланишни бошлайди. Кўкрак безлари тўлишиб, сут йўллари кенгаяди, кўкрак безлари бола эмизишга тайёрланади. Аборт қилингандан кейин бачадон тезда қисқаради, лекин сут безлари нормал ҳолатига қайтиши қийин кечади ва кетма-кет абортларнинг кўплиги кўкракда паталогик жараённи келтириб чиқаради.
  5. Кўкрак соҳасидаги жароҳат. Кўкрак соҳасига етган жароҳат оқибатида кўкрак бези эзилиб, баъзи ҳолларда гематома ҳосил бўлади ва натижада кўкрак бези ҳужайраларида атипик ўзгариш юзага келади.
  6. Кучли ва давомли стресс. Кетма-кет стресс ҳолатларини бошдан ўтказганда иммунитет кескин пасайиб кетади ва организмда онкологик касалликларга бўлган мойиллик кучаяди.
  7. Гормонал баланснинг бузилиши. Кўкрак бези саратони кўп ҳолларда гамонал характерга эга бўлади. Шифокорнинг назорати, тавсияларисиз турли гармонал воситаларни узоқ йиллар давомида қабул қилиш, кўкракдаги безарар тугунни саратонга айланишига сабаб бўлади.
  8. Ортиқча вазн ва нотўғри овқатланиш. Ортиқча вазн эгаларида тери ости ёғ қаватида кўплаб эстроген гармони сақланади. Яъни, бу гармон керагидан ортиқ бўлади. Эстроген гармони ортиқча бўлган тақдирда кўкрак саратони касаллигини чақириш хусусиятига эга. Шу сабабли ёғли, қовурилган овқатларни камроқ истеъмол қилиш, қайнатилган, парда пишган таомлар, мева, сабзавотларни истеъмол қилиш лозим.
  9. Мастопатия хасталигининг тугунли шакли. Мастопатия хасталиги — кўкрак безининг дисгормонал гиперплазиясидир. У икки турга: диффуз ва тугунли формага бўлинади. Диффуз формасини консерватив йўл билан даволаш мумкин. Бироқ тугунли формаси фақат жарроҳлик йўли билан даволанади. Агар кўкракдаги тугун вақтида олиб ташланмаса, у бориб-бориб, турли ташқи ва ички таъсирлар остида саратонга айланиши мумкин.
  10. Радиация. Узоқ вақт давомида радиацион зоналарда бўлиш, кўкрак соҳасига нур олиш, кўкрак соҳасидаги бирор касалликни нур билан даволаш натижасида кўкрак безида саратон касаллиги ривожланиши мумкин.

Маълумот  учун: 

  • Бироқ кўкрак саратони ҳеч қачон бир сабаб туфайли юзага келмайди. Қачонки, юқоридаги санаб ўтилган сабаблрнинг бир нечаси бирлашгандагина саратон келиб чиқади.

Умида ЯКУБОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1