1

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан юк декларациясидан "тушиб" қолган товарлар фош этилди

ЖАМИЯТ 13.11.2014, 17:56
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан юк декларациясидан "тушиб" қолган товарлар фош этилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бошқарманинг “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ўтказган кўриклар давомида юк декларациясидан “тушиб” қолган бир неча турдаги товарлар аниқланди, дея хабар бермоқда uz24.uz.

Жумладан, пойтахтимиздаги “R.T.S.P” МЧЖ томонидан Хитойдан келтирилган трактор эҳтиёт қисмлари юк-кузатув ҳужжатларида қайд этилганига нисбатан салкам 14,5 тонна оғир эканлиги, мазкур ортиқча эҳтиёт қисмларнинг умумий қиймати 75 млн. сўмни ташкил қилиши маълум бўлди.

Шунингдек, пост ходимлари томонидан “G.D.B.” МЧЖга тегишли хўжалик товарлари кўздан кечирилганда, мазкур ташкилот Бирлашган Араб амирликларидан 32 млн. сўм қийматдаги 7,5 минг донага яқин хўжалик буюмларини ортиқча олиб киргани фош бўлди.

Хусусий тадбиркор А.Р. номига Хитойдан келтирилган электр ускуналарига тегишли  юк-кузатув ҳужжатлари ва божхона юк декларациясини расмийлаштириш чоғида божхоначилар ҳужжатларда қайд этилган рақамларнинг мавжуд товарлар миқдорига нисбатан тафовут қилишини пайқаб қолишди. Натижада, ҳужжатларда кўрсатилмаган қиймати 13 млн. сўмдан ортиқ, салкам 600 дона турли хил хўжалик молларининг ҳеч қандай божхона тўловларисиз ички бозорга киритилишининг олди олинди.

Пойтахтимиздаги “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан ҳам шу турдаги қонунбузарликларнинг олди олинди. Жумладан, “Р.Т.” МЧЖ номига Хитойдан келтирилган амортизаторларнинг ҳужжатларига асосланилса, гўё ҳаммаси рисоладагидек. Аммо, уларни божхона кўригидан ўтказиш натижасида  24 млн. сўм қийматдаги 1,5 тонна оғирлиқдаги амортизарторлар ҳужжатларда кўрсатилмагани равшан бўлди.

Темир йўл контейнерларидан бирини кўздан кечириш вақтида хусусий тадбиркор Н.Б. номига келтирилган косметика воситалари ва хўжалик буюмлари орасига юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 550 кг. оғирликдаги стол лампаларининг қандай қилиб тушиб қолгани ҳозирда “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан суриштирилмоқда

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва  суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 22722- моддасига биноан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун зарур бўлган, белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш, агар жиноят аломатлари бўлмаса, фуқароларга товарларини мусодара қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса, 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Нотўғри маълумотларни кўрсатиш, бу маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, уларни талаб этилаётган божхона режимига жойлаштириш, божхона тўловлари миқдори тўғрисида божхона органи томонидан қарор қабул қилинишига таъсир этмаган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1