Ўзбекистон элчиси Нодиржон Тургунов Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) Лойиҳалаштириш масалалари департаменти бош директори Анас Айсам билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Унда Ўзбекистон ва ИТБ ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш, мамлакатимизда ишлаб чиқилаётган йирик лойиҳаларни имтиёзли молиялаштириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб қувватлаш ҳамда техник-гуманитар ёрдамларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Анас Айсам сўнгги йилларда Ўзбекистонда кузатилаётган мисли кўрилмаган ўзгаришлар дунё мамлакатлари томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилаётганини айтиб ўтди. Ўзбекистон Президенти бошчилигида бошланган туб ислоҳотлар ўзининг самарали натижасини бераётгани ва улар мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон ва ИТБ ҳамкорлиги бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган стратегия муваффақиятли амалга оширилгани инобатга олиниб, 2022-2026 йиллар учун ана шундай стратегия ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
Томонлар истиқболда транспорт, логистика, таълим, қишлоқ хўжалиги, сув, атроф-муҳит, чорвачилик, обод қишлоқ ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари бўйича фикр алмашдилар.
Ўзбекистонда хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим дастурлар эътироф этилди ва уларда ИТБ иштирокини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари мазкур банк томонида амалга оширилаётган лойилар ижросини доимий тарзда мониторинг қилиб бориш ва истиқболдаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун ИТБ вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.