1

«Болажонимнинг бўйи ўсмаяпти....»

САЛОМАТЛИК 18.10.2019, 18:53
Теглар: бўй ўсиши, болалар саломатлиги
«Болажонимнинг бўйи ўсмаяпти....»

Фарзандингизнинг бўйи ўсмаяптими? Агар оила аъзоларингиз баланд бўйли бўлишса, шифокор кўриги фойдадан холи бўлмайди. Борди-ю, бунинг акси бўлса, ортиқча хавотирга берилиш шартмас. 

Саҳифа мутахассиси: Дилфуза АРТИКОВА, олий тоифали шиофокор эндокринолог, тиббиёт фанлари номзоди. 

– Меъёрий ҳолатда боланинг бўй ўлчами ота-онасиникидан 8 см.га катта ёки кичик бўлиб фарқланиши мумкин.  

Ўғил болалар учун: отасининг бўй ўлчами+онасининг бўй ўлчами+12,5/ 2 (см) 

Қизлар учун эса: онасининг бўй ўлчами-отасининг бўй ўлчами-12,5/2 (см)

Ҳосил бўлган йиғинди сони фарзандингизнинг бўй ўлчамини кўрсатади. 

Қиз бўлса: 178 см + 167 см -12,5 /2 = 1 метр 66 см

Ўғил бўлса: 180 см +170 см +12,5 /2 = 1 метр 81 см

Ўсяптими ёки йўқ?

Барча болалар 2-4 ёшгача нормал ривожланиб, ойма-ой бўйи ўсиб, тана вазни ортиб боради. Бу вақтда боланинг ўсмаётганини аниқлаш мушкул. Аммо 4 ёшдан сўнг диққат қилсангиз тенгқурлари билан тафовут қилиши мумкин. 

Ўсишдан ортда қолаётган болани ажратиб олиш мушкул вазифа. Чунки унинг тана тузилиши бир-бирига мос бўлади. Аммо ички аъзолар ультратовуш текшируви ўтказилганида уларнинг меъёрдан кичиклигини кўриш мумкин. Бу ҳам ривожланишдан ортда қолиш белгиси бўлиши мумкин. 

Сабаблари

Бўй ўсишдан ортда қолишнинг бир қанча сабаблари бор. Булар:

  1. Гипофизар паканалик – ўсиш гормони етишмовчилиги бўлиб, бошда гипофиз умуман ёки қисман ривожланмаслиги сабаб юзага келади. Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида инфекцион касалликларга чалиниш, дори препаратлари ва ташқи таъсирлар асорати ушбу ҳолатни келтириб чиқариши мумкин. Ўсиш гормони етишмаганида гормон терапия ўтказилса, бўй ўсиши нормаллашади.
  2. Генетик касалликлар – Шерешевск тернер (хромосомалар бузилиши) ёки Хондродистрофия (бола ёшига мос тана тузилишига эга бўлиб, қўл-оёқлари калта бўлади. Суякларда тоғай ривожланмайди) Генетик хасталикка тахмин қилинганида мутахассис кўригидан ўтиб, қон таҳлили топширилади. Тахмин тасдиқланса, фақат ички аъзолар ва жинсий аъзоларни ривожлантириш муолажаси ўтказилиши мумкин. Аммо бўй ўлчами ўзгармайди. 
  3. Ички аъзолар хасталиги. Ўсиш гормони бутун организмга таъсир қилади. У жигарга бориб, соматомедин моддасини ишлаб чиқаради. Мазкур модда эса организмни ўстиради. Агар бола кетма-кет касалликка чалинса, соғлом тўқима ўрнида бириктирувчи тўқима ҳосил бўлади. Жигарда бириктирувчи тўқима қанчалик кўп бўлса, ўсиш гормони моддаси камаяди. Бунда жигар фаолияти тикланса, бўй ўсиши яна нормаллашади. 
  4. Гижжа, лямбля – бола организми ўсиш гормонини етарлича ишлаб чиқаради. Бироқ истеъмол қилинган маҳсулотлар яхши  синтезланмайди. Гижжа бўлганида бола юз териси қуруқ бўлиб, оқ доғлар ҳосил бўлади. Муолажа ўтказилиб, гижжалар тозаланса модда алмашинуви тикланиб, бўй ўсиши меъёрига қайтади.
  5. Бош мия ўсиш гормонини ишлаб чиқаради, аммо организм буни сезмайди. Бу омил оғир кўринишлардан бўлиб, афсуски жараён қайта тикланмайди. Яна бир кўриниши бош мия ўсмаси бўлиб, ўсиш гормонини ишлаб чиқарадиган ҳужайрани босиб қўйса, ривожланишдан ортда қолиш кузатилиши мумкин. 

Қандай текширувлар ўтказилади?

  1. Боланинг бўйи ва вазни ўлчами; 
  2. бош соҳасининг магнит-резонанс томографияси;
  3. қўл кафти рентгени;
  4. қондаги гормонлар миқдори;
  5. жигар таҳлили;
  6. гижжаларга текширув;
  7. генетик хасталикка гумон қилинганида генетик мутахассис томонидан алоҳида қон таҳлили ўтказилади. 

Буни билармидингиз?

Тиббиётда ҳар бир одам организмининг паспорт ёши ва суяк ёши деган тушунча бор. Қўл кафти рентген текшируви ўтказилганида суяклар сонига кўра,ана шу ёшлар аниқланади. Меъёрда паспорт ёши суяк ёши билан тенг бўлиши лозим. Бўй ўсишидан ортда қолишда эса масалан, боланинг паспорт ёши 10 ёш, суяк ёши эса 3 ёшга мос келади. Фарқи: 7 ёш бўляпти. Шу билан бига рентген текширувининг яна бир муҳим жиҳати, ўсиш диорасининг очиқ-ёпиқлигини аниқлашдир. Агар бола организмининг ўсиш доираси очиқ бўлса, муолажа натижа бериши мумкин. Ёпиқ бўлганда даволаш фойдасиз. 

Даволаймиз!

Гормон терапия ташхис аниқ бўлгач буюрилиши мумкин. Муолажа икки усулда: узлуксиз ва муддатли кўринишда бўлади. Даволаниш жараёнида бола ўз вақтида кўрикдан ўтказилиб туриши, ўсиш доиралари беркилиб қолмаётгани назорат қилиниши лозим. Шунингдек, гормон препаратларини ўз вақтида белгиланган тартибда қабул қилиш ҳам асосий шартлардан бири. 

Сакраш, турникда осилиш, воллейбол, баскетбол спорт турлари бўй чўзилишига ёрдам беради. Бола жисмоний фаоллик билан банд бўлса, унда очлик ҳисси пайдо бўлади. Бу эса ўсиш гормони кўпроқ ишлаб чиқилишини стимуллаштиради. Таомномада оқсилга бой маҳсулотлар, сут-қатиқ, гўшт, тухум, кўкатлар ҳамда дуккакли махсулотларга урғу беринг.

Н.Илёсова тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1