Хабарингиз бор, бир муддат аввал Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 101-мактаб ўқувчилари оммавий равишда хорижга ишлагани кетаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Шундан сўнг мазкур ҳолат бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси муносабат билдириб, маълумотлар асосизлигини айтиб, журналистни ёлғон хабар тарқатганликда айблаган эди. Бироқ Бошқарманинг муносабатидан сўнг журналист М.Исмоилова “darakchi.uz”га ушбу ҳолат бўйича қўшимча фактлар билан Қашқадарё халқ таълими бошқармасини "аравани қуруқ олиб қочаётгани"ни маълум қилганди.
Айни пайтда узоқ давом этиб келаётган 101-мактаб машмашаси бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси “darakchi.uz” сайтида берилган “Аравани қуруқ олиб қочаётган ким? Журналистми ё Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси?” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди:
“Чироқчи туманидаги 101-умумий ўрта таълим мактабининг фаолиятига доир бир қанча танқидий хабарлар бериб келинмоқда.
Ушбу мақолалар жорий йилнинг 7 декабрь куни вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганилди ва муҳокама қилинди. Чироқчи туманидаги 101- умумий ўрта таълим мактабининг фаолиятига доир танқид қилинган далилларни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.
Мазкур ишчи гуруҳ томонидан танқидий материалларда келтирилган далиллар ўз исботини топса, мактаб раҳбарлари ва масъулларига нисбатан амалдаги қонунчиликка асосан ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда тегишли чора кўрилишини маълум қиламиз” — дейилади расмий хабарда.
Биз эса натижа ва кўрилажак чорани кутиб қоламиз.