Баъзан шунчаки одатдаги ишлар билан шуғулланганда, чўмилганда ёки совқотганда оёқ томирлари тортишиб қолади. Умуман олганда бу жиддий оғриққа сабаб бўлмайди, аммо ҳаракатланишга халал беради. Бу қандай касаллик? Кутилмаганда томир тортишиб қолса нима қилиш керак? Кўпчиликда кузатиладиган мазкур нохушлик билан боғлиқ саволларга терапевт шифокор Ёрқиной Тошпўлатова қуйидагича жавоб берди:
-Тиббиётда мушаклар тонусининг ошиши оёқ тортишиши дейилади. Бу нохуш ҳолат беихтиёр юз беради ва 10-15 сония давом этади. Кўпинча болдир соҳасидаги икрасимон мушаклар тортишади. Бунинг сабаби болдир мушакларининг кундалик ҳаётда кўп зўриқишга учраши ва марказий қон-томирлардан узоқда жойлашганлигидир. Бу ҳамма кишиларда: кексалар, ўрта ёшлилар, ёшлар, ҳатто болаларда ҳам кузатилиши мумкин.
Хусусан, мушак ҳужайраларида моддалар алмашинуви, сув ва туз мувозанатларининг бузилиши, тананинг умумий чарчаши, мушакларнинг толиқиши, ҳаддан ташқари асабийлашиш, совқотиш, витамин етишмаслиги ва бошқалар шулар жумласидан. Кўпинча бу нохушлик кўп ўтириб ёки туриб ишлаганда, захда узоқ туриб қолганда, узоқ вақт пиёда юрганда содир бўлади.
Қалтис ҳаракат ёки қон қуюқлашиши натижасида содир бўлган бўлса, онда-сонда кузатилса, унчалик хавфли эмас. Бу ҳол ўша жойни бироз уқаласа ёки оёқни қимирлатса, тез ўтиб кетади ва ҳеч қандай тиббий аралашувни талаб қилмайди. Агар бу ҳолат мунтазам такрорланаверса, мутахассис шифокорга учрашиб, сабабини аниқлаш керак.