1

Мия чайқалиши нутққа таъсир этади

САЛОМАТЛИК 27.02.2015, 15:14
Мия чайқалиши нутққа таъсир этади

“Ўсмирлигимда бир-икки марта дарахтдан йиқилиб, миям чайқалган. Аммо шу пайтгача ҳеч қандай безовталик сезмаганман. Яқинда ҳовлидаги таъмирлаш ишларига кўмаклашаётиб, нарвондан йиқилиб кетдим. Бошим ерга тегиб, 1-2 сонияга кўз олдим қоронғулашди. Жиддий ўзгариш бўлмаса-да, икки кун ўтиб, бошим оғрий бошлади. Яна мия чайқалиши содир бўлмадимикан?”

Олим Ҳайдаров, Сирдарё вилояти

Мавзу юзасидаг шифокор – невролог Наргиза Мавлонова таништиради.

Мия чайқалиши

Мия чайқалиши – калла суяги шикастланиши натижасида мия пардаларининг зарарланиши бўлиб, мия хужайралари ва мия бўлаклари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик вақтинчалик йўқолади. Бу эса бош мия функциясининг бузилишига олиб келади. Одатда мия чайқалишининг оғир-енгил даражасига қараб, турли безовталиклар келиб чиқиши мумкин.

Тез ёрдам

Агар кўз ўнгингизда кимдир йиқилиб, боши билан урилса ёҳуд калла соҳасидан  жароҳат олса биринчи тиббий  ёрдам кўрсатишга шошилинг. Аввало жабрланган кишининг умумий ҳолатига диққат қилинг. Ҳушини йўқотмадими? Бош айланиши, кўнгил беҳузур бўлиши, кўз олдининг қоронғулашиши кабилардан шикоят қилмаяптими? Бош қисмига аҳамият беринг: шишган (ғурра), кўкарган ёки ёрилган жароҳатлари йўқми? Беҳушлик  қанча давом этди? Ҳаммасини аниқлаштиринг!

Ҳушидан кетса...

Дастлаб тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилинг. Агар бош қисмида қонли жароҳат бўлса, спирт билан ишлов бериб, бинт билан боғлаш лозим. Шифокор келгунича бемор ётган ҳолатда бўлиши лозим. .

Факт

Баъзида бош соҳасидаги жароҳатларда  енгил оғриқ ёки вақтинчалик тери кўкариши кузатилиб, ҳавотирга асос йўқдек туюлади. Кейинги асоратлар эса кимдадир бир неча кун (ҳафта) кимлардадир эса бир неча йилдан кейин ҳам номоён бўлиши мумкин.

Жароҳат даражасини аниқлаш

  • I – мия чайқалишиннг биринчи даражаси:
  • енгил беҳушлик ҳолати, бемор жароҳатдан сўнг қисқа вақт ичида ўзига келади;
  • II – мия чайқалишининг иккинчи даражаси:
  • бемор маълум вақт давомида содир бўлган воқеани англолмаслик ҳолатида бўлади;
  • III – мия чайқалишининг учинчи даражаси:
  • бемор жароҳат таъсирида ҳушидан кетади. Ҳушига келгач эса содир бўлган ҳодисани идрок этишга қодир бўлмай, оғриқ ва аҳволининг қониқарсизлигидан шикоят қилади.

Эҳтимолдан холи эмас!

Мия чайқалиши содир бўлганида ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаслиги ҳам мумкин. Шу билан бирга яққол белгилар юзага келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Жумладан, бемор бош оғриғи, кўнгил айнишидан безовта бўлади. Қайт қилиш, бурун қонаши, диққатни жамлай олмаслик, бош айланиши, кўз олдининг хиралашиши, рангпарлик, кўп терлаш, холсизлик, иштахасизлик ҳам кузатилиши мумкин. Айрим холларда уйқусизлик ҳам қайд этилади.

Болаларда...

Тиббиётда мия чайқалишининг ёшга доир тафовутлари бор. Масалан, болалардаги кўринишини олайлик. Агар  бемор ёш бола  бўлса, мияда содир бўлган жароҳат зарб теккан бош қисми терисининг ола—була тусга кириши, болакайда рангпарлик кузатилиши, юрак уриш маромининг тезлашиши, холсизлик ва ётоқчилаш кабилар билан номоён бўлиши мумкин.

Эмизикли чақалоқларда қайт қилиш, инжиқланиш ҳам юзага келади.  Мактаб ёшигача бўлган болаларда эса мия чайқалиши бош оғриқлари, уйқуга мойиллик ва иштаҳасизлик билан изохланади.

Мактаб ёшидагилари эса зарб ўрни, қандай безовталик кузатилаётганини айтолгани боис уларга ташҳис қўйиш осонроқ. Аммо ҳар қайси ҳолатда ҳам ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Кексаларда-чи?

Қарияларда мия чайқалиши жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Тез-тез қайталанувчи бош оғриқлари, қон босимининг кўтарилиши, юрак фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар ҳамда асабийлик шулар жумласидандир. Баъзан безовталиклар 3-7 кунгача давом этади.

Биринчи кўрик

Бош соҳасидаги жароҳат билан келтирилган бемор дастлаб травматолог ва невролог мутахассислар кўригидан ўтади. Бунда жарбланувчининг умумий аҳволи, ўзини тутиши, шикоятлари ҳамда бош қисмлари пайпасланганида оғриқ бор-йўқлиги текширилади. Сўнгра калла суягининг рентген таҳлили, кўз тубининг ҳолати, қон босими ва зарур холларда компьютер томографияси ўтказилиши мумкин.

Муолажа қанча давом этади?

Гоҳида зарб ўрнида ҳеч қандай жароҳат бўлмаса-да, мияда жиддий шикастланиш, қон қуйилиши ёҳуд яна бошқа ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Ўз вақтида мурожаат қилсангиз, шифокор муолажаси мия чайқалишидан кейинги асоратларнинг  олдини олади. Даволаш вақтида оғриқни енгиллаштирувчи, тинчлантирувчи ҳамда мия фаолияти учун фойдали дори воситалари буюрилади. Ёдда тутинг: ўзингизни яхши ҳис этишни бошлашингиз, тўлиқ соғайиш дегани эмас! Мутахассис 10 кунлик муолажани тасдиқлаган бўлса, унга амал қилишингиз шарт.

"Уйда даволанаман!"

Аксарият беморлар уйда даволанишни исташади. Бироқ аҳволингиз қониқарсиз бўлса, тилхат ёзиб, шифокорлар назоратидан қочишни хаёл қила кўрманг. Мабодо мутахассислар мия чайқалишининг енгил тури дея уй шароитида муолажа ўтказишга рухсат беришсагина, касаллик таътилига чиқишингиз мумкин.

Йўриқнома

Тавсия этилади:

  • Ётоқ режимида даволаниш;
  • Кўпроқ ухлаш;
  • Тинчлантирувчи доривор ўсимликлардан тайёрланган дамламалар;
  • Сут-қатиқ, сабзавотли шўрва ва мевалардан тановул қилиш.

Мумкин эмас:

  • Комьютерда шуғулланиш (мониторнинг липиллаши мия фаолиятига салбий  таъсир кўрсатади)
  • Китоб ўқиш;
  • Спорт машқларини бажариш.

Кейинги асоратлар...

Муолажа тўғри бажарилганида асоратлар деярли кузатилмайди. Аммо баъзида бош оғриқлари, асабийлик, жиззакилик, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Агар даволангандан сўнг беморнинг ҳушидан кетиш кузатилса, мутахассисга учрашиш лозим. Бунда электроэнцефолограмма текшируви ўтказилиб, талваса хуружларига қарши препаратлар буюрилади. Болалардаги мия чайқалишининг асорати эса нутқнинг ривожланиши, ақлий фаолиятига таъсир этиши мумкин.  Шу боис кўча-куйда ёки уйда йиқилиб тушган, бошини уриб олган болаларни ҳар эҳтимолга қарши шифокор кўригига олиб борган маъқул. 

Н. Илёсова тайёрлади

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1