1

Камида 2 миллион истеъмолчига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилади — Президент

СИЁСАТ 07.02.2020, 08:42
Камида 2 миллион истеъмолчига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилади — Президент

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни нефть-газ саноатидаги ишлар натижадорлиги, табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича жорий йилги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда нефть-газ соҳасида жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Яратилган шароитларга қарамай, тизимли муаммолар барҳам топмаётгани, бошқа тармоқлар ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидлаб ўтилди.

– Бир нарсани ҳаммамиз тушуниб олишимиз лозим. Биз соҳадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ўтган уч йилда кўпгина чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этдик. Лекин натижаларни таҳлил этадиган бўлсак, ҳали нефть-газ, электр энергиясининг барқарор таъминотида халқимиз, тадбиркорларимиз талабини тўла қаноатлантира олмаяпмиз. Шунинг учун, ҳар бир масалага чуқур эътибор қаратиб, янгича ёндашувлар асосида самарали иш тизимини ташкил этишимиз керак. Агар бу вазифаларни ўз вақтида амалга оширмасак, иқтисодиётимизда кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз, - деди давлатимиз раҳбари.

Корхоналарни модернизация қилиш ишлари етарли эмаслиги, газ етказиб беришда йўқотиш кўплиги ҳамда узилишларга йўл қўйилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Энергетика вазирлигига жорий йилда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига ёқилғи маҳсулотларини барқарор етказиб бериш учун табиий газ қазиб олишни 2019 йилгига нисбатан 4 миллиард куб метрдан зиёд кўпайтириш вазифаси қўйилди. Ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш оралиғидаги технологик сарф ва йўқотишларни камайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Нефть-газ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича “лойиҳа офиси”га илғор халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиш, корхоналарда раҳбар ходимларнинг маошини фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларига (KPI) боғлаш зарурлиги таъкидланди. Соҳадаги барча корхоналарда коррупцияга қарши курашиш бўйича “комплаенс назорат” тизими жорий этилиши белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” компаниясига ҳар бир коннинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиб, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди.

Аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини барпо этиш ва модернизация қилиш бўйича 3 та лойиҳани якунлаш лозимлиги қайд этилди. 

Шўртан газ-кимё мажмуасида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қурилишининг бориши кўриб чиқилди. Соҳа корхоналарида “рақамли кон”, хўжалик бошқаруви ва ресурсларнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритиш дастурларини (ERP) жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

“Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятларига жорий йил июль ойига қадар 2,5 мингта йирик истеъмолчини табиий газ ҳисобини юритишнинг онлайн тизимига улаш вазифаси юклатилди. Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида камида 2 миллион истеъмолчига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

 Йиғилишда муҳокама қилинган чора-тадбирларни жадаллаштириш бўйича масъуллар белгиланди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1