АсосийHi-tech

Torg.com эндиликда OLX.uz га айланади

2015 йилнинг 31 мартидан эътиборан Torg.com эълонлар тахтаси OLX.uz деб қайта номланади, ва ушбу  муваффақиятли онлайн-лойиҳа янги OLX бренди остида фаолият юритади, деб ёзади Kun.uz нашри 12news.uz маълумотларига таяниб.

Бу қайта номлаш фақатгина сайт номи ва логотипининг ўзгаришини ўз ичига олади. Қолган опциялар, умумий дизайн, функционаллик ва сайтнинг мобиль дастурлари аввалгидек тартибда ишлайверади. Фойдаланувчилар аввалгидек хабарлар жўнатишлари, блокнотда эълонлар сақлашлари ва сайтнинг барча имкониятларидан тўлақонли фойдалана олишлари мумкин бўлади.

OLX.uz лойиҳаси раҳбари Вячеслав Каннинг сўзларига кўра, бу ребрендингдан (қайта номлашдан) мақсад юртимиз бозорида Torg.com эришган барча ютуқлар ва муваффақиятларни сақлаб қолишдан иборат. Бу эса ҳар ой 2,5 млн фойдаланувчи деганидир. “Биз “Торг”дан фаол фойдаланиб келган ўз аудиториямизни сақлаб қолмоқчимиз ва бизнинг сайт 10 йилдан кўпроқ вақт ичида эришган ижобий нуфузимизни мустаҳкамламоқчимиз. Сайтнинг кейинги ривожланиши OLX бренди остида давом этади. Сайтдан фойдаланишда ноқулайлик келтириб чиқарадиган ҳеч қандай қўшимча нарсалар амалга оширилмайди. Бизлар ўз шиоримизга содиқ қоламиз: “Ўзбекистон аҳолисига тез ва осон маҳсулотларни сотиш ва сотиб олиш, иш ва бошқа хизматларни топиш орқали уларнинг ҳаётини яхшилаш”.

OLX эълонлар онлайн-тахтаси хизматини бепул тақдим қилувчи жаҳонга машҳур халқаро сайтлар тармоғи ҳисобланади. Бугунги кунда бу халқаро тармоққа 40 дан ортиқ давлат киради. Шу билан бирга ҳар бир сайт фақатгина ўзи фаолият юритадиган мамлакат учунгина хизматларни тақдим қилади. Ребрендингдан мақсад OLX брендининг жаҳон миқёсида халқаро иштирокини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан иборат.

Бутун дунё бўйлаб 200 млндан ортиқроқ фойдаланувчилар OLX сайтларига ташриф буюради. OLX Португалия, Ҳиндистон, Бразилия, Польша, Украина, Болгария, Руминия ва бошқа кўплаб давлатлар бозорида етакчи бепул эълонлар сайти ҳисобланади.

2015 йил 31 мартдан http://www.torg.com/ манзили бўйича мурожаат қилган барча фойдаланувчилар автоматик тарзда http://olx.uz/ манзилига жўнатилади.

Маълумот учун, OLX (onlineexchange) – интернет-тадбиркорлар Фабрис Гринд ва Алек Оксенфорд томонидан асос солинган эълонлар тахтаси бренди ҳисобланади. Ҳозирда OLX бренди Naspers халқаро медиа- ва дижитал-компаниясига эгалик қилади.

    Бошқа янгиликлар