АсосийЖИНОЯТ

Тошкентга қарийб 1,2 килограмм гашиш олиб кетаётган шахс ушланди

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

'Тошкентга қарийб 1,2 килограмм гашиш олиб кетаётган шахс ушланди'ning rasmi

Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда "Қўқон – Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган "Voyah" русумли автомобиль тўхтатилган.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган мазкур транспорт воситаси Наманган вилояти Поп туманидаги "Наманган" ЙПХ масканида холислар иштирокида текширилган.

Текширув давомида автомобиль салонидаги ўриндиқ остига яширилган қора рангли селлофан пакет аниқланган. Унинг ичида соф оғирлиги 1 килограмм 178 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик воситаси ҳамда 8 дона "Регапен" кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу наркотик моддалар Тошкент шаҳридаги харидорларга сотиш мақсадида олиб кетилаётган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унга "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролардан гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келган тақдирда, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишни сўради. Маълум қилинишича, мурожаат этувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

    Бошқа янгиликлар