Баҳор баҳузур нафас олиш учун аллергенлардан узоқроқ юринг

САЛОМАТЛИК 02.04.2015, 17:35
Баҳор баҳузур нафас олиш учун аллергенлардан узоқроқ юринг

Менга бронхил астма ташхисини қўйишган. Дардим баҳор келиши билан авж олади. Бу касаллик ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз.

Зухра. Бухоро

Саволга тиббиёт фанлари номзоди, аллерголок Фотима Йўлдошева жавоб беради:

Бронхиал астма туфайли азият чеккан беморлар аввало шун унутмасликлари керакки, бу касаллик билан оғриган  барча беморлар учун ягона ёки бир хил андозадаги (стандарт) даволаш усули йуқ, ҳар бир беморни даволашда унинг ёши, руҳий ҳолати ва бошқа касалликларини ҳам эътиборга олган холда алоҳида  йўл тутиш талаб килинади.

БЕЛГИЛАРИ

Бронхиал астманинг асосий белгилари қуйидагилар:

  • вақти-вақти билан тутиб турувчи йўтал,
  • кўкрак қафасининг сиқилиши (кўкрак қафаси устида оғирлик ҳис қилиш), бронхларнинг ҳар хил омилларга сезгирлигининг ортиб кетиши,
  • бўғилиш хуружи.

Давоси борми?

Бронхиал астмани даволаш мумкинми-йуқми, деган савол кўпчилик беморларни хавотирга солади. Астмани даволашда бронхларни кен­гайтирувчи воситалардан  ташқари яллиғланишга қарши препаратларни қўллаш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Агар беморнинг яқинларида астма қайд этилган бўлса, беморда хам ирсий мойиллик бўлиши мумкин. Беморда бронхларнинг патологик реакцияси (касаллик ривожланишига мойиллик) доимо сақланиб қолади.

Шунга қарамай, ўз ҳолатини мунтазам назорат қилиб бориш, яллиғланишга қарши курашиш, хуруж юзага келишига йўл қўймаслик билан бронхиал астма касаллигини бемалол бошқариш мумкин. Агар касалликни даволаш ва олдини олиш чора-тадбирлари тўғри олиб борилса, узоқ вақт давомида касаллик белгиларининг бўлмаслиги ва астма бе­морнинг яшаш тарзида кўриниш бермаслиги мумкин.

Кўп холларда мунтазам равишда дори қабул қилиб туришга тўғри келади. Бу нарса кўпчилик беморларга ёқмайди. Чунки улар ўзларини «бир умр дорига қарам бўлиб қолдим» деб хисоблайдилар.

Профилактика мақсадида бир кунда 2-3 маҳал дори қабул қилиб юриш бемордан кўп меҳнат талаб қилмайди. Бироқ бунинг эвазига бемор бронхиал астма касаллиги оғир асоратларининг олдини олган бўлади.

Касаллик юзага келишидаги асосий омиллар

Бронхлар спазм ёки астма хуружи юзага келишининг асо­сий омиллари нимадан иборат?

Хусусан, аллергик сабаблар: уй чанги, хайвонларнинг юнги, дарахт гулларининг чанги ва бошқалар;

Ноаллергик сабаблар: совуқ ҳаво, жисмоний зўриқиш, руҳий тушкунлик ва бошқалар.

Астма билан касалланган бемор­ иложи борича аллергенлардан узоқроқ юриши лозим.

Аллергенлар тўртта асосий гуруҳларга бўлинади.

  1. Ўсимлик чанглари.
  2. Уй-рўзгор аллергенлари.
  3. Эпидермал аллергенлар (уй хайвонларининг юнги ва уларнинг ҳаёт фаолияти жараёнидаги маҳсулотлари)
  4. Озиқ-овқат аллергенлари.

Совуқ ҳаво, вирусли инфекция, ўткир ҳидлар, асабийлашиш ҳолатлари аллерген бўлиб ҳисобланмайди. Бирок бу омиллар ҳам астма хуружини келтириб чиқаради.

Аллергияга ва бронхлар сезгирлигига қарши қандай курашиш мумкин?

Биринчи навбатда, аллергенлар миқдорини камайтириш ёки иложи бўлса умуман аллергенларга дуч келмасликка ҳаракат қилиш керак.

Уй шароитида аллергия юзага келишининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

1. Ҳар куни намланган латта билан чангларни артиб чиқиш.

2. Хоналарни шамоллатиш.

  1. Ўзига чанг йиғувчи жиҳозлар (юмшок, мебеллар, гиламлар, оғир дарпардалар) ни уйдан чиқариб ташлаш.
  2. Китоб сақланадиган жавонларни албаттга ойна билан ёпиш.
  3. Уй ишларини (супуриш-сидириш, чанг артиш) иложи бўлса бемордан бошқа киши бажаргани маъқул, агар бунинг иложи бўлмаса намланган ниқоб билан нафас йўлларини тўсган ҳолда бажариш керак. Замонавий кучли чангютгичлардан фойдаланилса мақсадга мувофиқ бўлади.
  4. Уй хайвонларининг юнги, қазғоғига аллергия кузатилган ҳолларда уларни хонадонларда сақламаслик тавсия этилади.

Феруза НАЖИМОВА тайёрлади

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1