1

Картошка ва гўштдан муаммоси йўқ туман қаердалигини биласизми?

ЖАМИЯТ 26.10.2020, 19:34
Картошка ва гўштдан муаммоси йўқ туман қаердалигини биласизми?

Андижон вилоятига қилган сафаримиз чоғида Қўрғонтепа туманида ҳам бўлдик. Республикамизнинг энг чекка туманларидан бири бўлган ҳудудда озиқ-овқат масалалари қандай ҳал қилинаётгани билан қизиқдик. Туман ҳокими Авазбек Эргашев билан суҳбатимиз чоғида Қўрғонтепанинг баҳор-қиш мавсумидан қандай чиқиши билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратдик.  

“КАРТОШКАНИ ТУМАНИМИЗ ВА ҚЎШНИ ТУМАНЛАР АҲОЛИСИГА ЕТИШТИРИБ БЕРЯПМИЗ”

Авазбек ЭРГАШЕВ, Қўрғонтепа тумани ҳокими:

— Картошка масаласига келадиган бўлсак, туманимиз республиканинг шимолий қисмида жойлашганлиги боис картошка етиштиришга ихтисослашган туман ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, туманда жами 42 минг тонна картошка етиштиришни эрта баҳордан мақсад қилганмиз. Туман аҳолиси 215 минг кишини ташкил этиб, уларнинг бир йиллик картошка истеъмоли 11 минг тоннани ташкил этади. Лекин шу кунгача 27 минг тонна картошкани туманимиз ва қўшни туманлар аҳолисига етиштириб беряпмиз. Бундан ташқари, такрорий экин сифатида яна 870 гектар майдонда картошка экканмиз, ҳозирда парвариш қилиняпти. Бу экилган майдонларнинг бир гектаридан 190 тоннадан олганимизда ҳам 17 минг тонна атрофида картошка чиқади. Қиш мавсумидан беталофот чиқиш мақсадида қилинган ҳисоб-китобларга кўра туманимиз аҳолиси учун 2404 тонна картошка заҳираси талаб этилади. Бир киши учун картошканинг йиллик меъёри – 54 кг этиб белгиланган. 1 кг картошканинг бозордаги нархи эса  2 500 сўм.  

ТАДБИРКОРЛАРГА МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТДАН ПУЛ АЖРАТИЛАДИ

— Ҳозирги кунда 6000 тонна сиғимга эга бўлган совутгич омборларимиз бор. Улардан фойдаланганлик учун тадбиркорларга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади. Фермер хўжаликлари билан ҳам шартнома туздик. Мана шу захира учун давлат бюджетидан икки милииард сўм пул ажратилган. Ҳозирда барча шартнома тузган фермерларимизга 30 фоиз пул маблағларини ўтказиб берганмиз.  

ТУМАНДА ГЎШТ ЕТИШМАСЛИГИ МУАММОСИ ҚАНДАЙ ЕЧИЛАДИ?

— Қўрғонтепа тумани картошкадан ташқари чорвачиликка ҳам ихтисослашган туман сифатида ҳам танлаб олинган. Ҳозирда 87 500 та қорамол мавжуд. Туманимиз ўзини ўзи картошка каби гўшт билан ҳам бемалол таъминлай олади.

ШАКАР БОШҚА ҲУДУДЛАРДАН ЕТКАЗИЛАДИ

— Ҳисоб-китобларга кўра, олдиндаги 6 ойда аҳолини шакарга бўлган эҳтиёжи 618 тоннани ташкил этиб, 100 фоиз бошқа ҳудудлардан шакар маҳсулот  ҳисобидан қопланиши режалаштирилган. Бу махсулотларни олиб келинишида 2 та йирик тадбиркорларимиз жалб қилинган.

“МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЖАМҒАРИШ УЧУН ИЧКИ ИМКОНИЯТЛАРИМИЗ ЕТАРЛИ”

— Қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жамғариш учун ички имкониятларимиз етарли. Маҳсулотларни сотиб олиш учун талаб этиладиган маблағ, бугунги кундаги бозор нархларидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинганда жами 11 млрд. сўм маблағ талаб этилиши аниқланди. Талаб этиладиган маблағларнинг 4,5 млрд. сўми захира тайёрловчи ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, 4,7 млрд. сўми бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига, 1,8 млрд. сўми банк кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.

ВИЛОЯТДА ЯГОНА ЁМҒИРЛАТИБ СУҒОРИШ ҲАҚИДА

— Сув танқислигини олдини олиш мақсадида 2020  йилда 1100 гектар майдонда томчилатиб суғоришни ташкил қилган эдик. 2021 йилга 4000 гектарда томчилатиб суғоришни ташкил этишни режа қилганмиз. Бу ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига бориб тақалгани учун айтяпман – бу йил ғалладан юқори ҳосил олиш мақсадида Туркия технологияларини қўллаб, ёмғирлатиб суғоришни жорий қилдик. Буни ҳисобига ҳар бир гектар майдондан 100 центнер ғалла олиш кафолатланган. Анаъанавий усулда эса шунча майдондан 60-70 центнер ғалла олиш мукинлигини ҳисобга олсак, биз яна 30-40 центнергача қўшимча ғалла олишимиз мумкин бўлади.  

ҚАЙ БИРИ АФЗАЛ: ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШМИ ЁКИ ЁМҒИРЛАТИБ?

— Томчилатиб суғоришни биз пахтачилик, боғдорчилик ҳамда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ерларида қўлласак, ёмғирлатиб суғоришни эса ғалла, шоли, сабзавот майдонларида қўллаяпмиз. Харажатига келсак, иккаласига ҳам бир хил сарф-харажат қилинади. Ёмғирлатиб суғориш орқали оқар сувдан фойдалангандан кўра 4 бараваргача (75 фоиз) сув сарфини тежашимиз мумкин бўлади.

 

Сардорбек Раҳмонқулов суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1