АсосийSalomatlik

Коронавирус ўтказгандан сўнг ўпкада шикастланиш қолмаслиги учун нима қилиш керак?

'Коронавирус ўтказгандан сўнг ўпкада шикастланиш қолмаслиги учун нима қилиш керак?'ning rasmi

Коронавирусдан даволангандан кейин ўпкада асоратлар, қиброз ва бошқа муаммолар қолмаслиги учун нима қилиш керак? Бу саволга терапевт Ёрқиной Тошпўлатова жавоб берди:

–Коронавирус инфекциясига чалиниб, ундан даволаниш жараёнида ва кейин ҳам ҳолсизлик бўлиши табиий ҳолат. Чунки касаллик енгил кечса ҳам, ўз асоратини қолдириб кетади. 

Баъзиларда ўпканинг шикастланиши – фиброз кузатилади, яъни нормал тўқима ўрнини бириктирувчи тўқима эгаллайди. Енгил даража бўлса, озгина чандиқ қолиши ва буни бемор тузалганидан сўнг билмаслиги ҳам мумкин. Лекин катта ўчоқ зарарланса, ҳансираш кузатилади.

Шунинг учун уй шароитида ёки амбулатор шароитда реабилитация жараёнини олиб боришингиз керак. Реабилитация жараёнини нафас машқларидан бошлаш лозим. Кунига 10-15 минутдан бошлаб бу вақтни секин-аста кўпайтириб бориш керак.

Жисмоний фаолликнинг энг муҳим принциплари — бу мунтазамлик ва юкламаларни босқичма-босқич ошириб бориш. Яъни ҳафтада 2 соат ёки ундан кўпроқ вақт кетма-кет шуғулланишдан кўра, ҳар куни 10 дақиқалик машқларни кун давомида такрорлаб туриш фойдалироқдир. Беморнинг аҳволларига қараб ётоқда ва ўтириб бажариладиган машқларни шифокор ёрдамида танлаш мумкин.

    Бошқа янгиликлар