АсосийДунё

Қозоғистон компаниялари Афғонистондаги фойдали қазилмаларга қизиқиш билдирмоқда

Кобулда ўтказилган Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форуми давомида 140 миллион долларлик шартномалар имзоланди.

'Қозоғистон компаниялари Афғонистондаги фойдали қазилмаларга қизиқиш билдирмоқда'ning rasmi

Кобулда ўтказилган Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форуми давомида 140 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, Қозоғистон ва Афғонистон фойдали қазилмаларни ўрганиш мақсадида қўшма геологик комиссия ташкил этишга келишиб олишган.

Афғонистоннинг Кобул шаҳрида ўтказилган учрашувда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин ва Афғонистон Ислом Амирлиги тоғ-кон ва нефть саноати вазири Ҳидоятулло Бадрий ўзаро англашувга эришди.


Томонлар сўнгги бир йил ичида саноат соҳасидаги муносабатлар тараққиётидан мамнун эканликларини билдирди. Серик Жумангарин Афғонистон томонига Қозоғистон геологларининг тайёгарлик ишларини ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик изҳор этди.


– Бугунги кунда Қозоғистонда геология-қидирув, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида тажрибага эга профессионал компаниялар шаклланган. Улар Афғонистондаги истиқболли конларни ўрганиш ва инвестиция киритишдан манфаатдор. Биз билан Кобулга ERG Exploration, Kazakhmys Barlau, Қазатомпром каби компаниялар вакиллари келган, – деди Жумангарин.


Учрашувда афғон томони ҳам ҳамкорликни янада кенгайтиришга ва қозоғистонлик мутахассисларнинг тадқиқотларига кўмак беришга тайёр эканини билдирди. Томонлар юзага келаётган масалаларни тезкор муҳокама қилиш учун қўшма техник комиссия тузишга келишиб олди. Қозоғистон май ойи охирида яна бир мутахассислар гуруҳини юбориб, Афғонистоннинг бошқа вилоятларидаги конларни ўрганади. Шунингдек, афғон томони қозоғистонлик қазиб олувчи компаниялар сўровига биноан тасдиқланган фойдали қазилма захиралари ҳақида маълумот тақдим этишга тайёр эканини билдирди.


Шу куни Серик Жумангарин Афғонистон Ислом Амирлиги давлат компаниялари бош бошқармаси раҳбари Аҳмад Жон Билол билан ҳам учрашди. Суҳбат чоғида Қозоғистон компанияларининг Афғонистон давлат корхоналари билан ҳамкорлигини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.


Жумангарин Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форумининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Унда Қозоғистоннинг 50 дан ортиқ компанияси қатнашиб, ўсимлик ёғи, макарон, гуруч каби анъанавий маҳсулотлардан тортиб, агродронлар ва аккумуляторларгача бўлган маҳсулотлар туркумини тақдим этди.
– Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида муҳим логистика марказига айланиши мумкин.

Қозоғистон эса озиқ-овқат, технология, машинасозлик, кимё ва IT маҳсулотларининг ишончли етказиб берувчисига айланиши мумкин. Олдинга қўйилган мақсад – савдо ҳажмини қисқа муддат ичида 3 миллиард долларга етказишдан иборат. Бу учун барқарор етказиб бериш каналларини йўлга қўйиш, ўзаро савдо турларини кенгайтириш ва инвестиция ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш зарур, – деди вице-премьер.

Форумнинг дастлабки кунида 140 миллион долларлик тижорат ҳужжатлари имзолангани маълум қилинди.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар