«Ўғлимнинг бахтсизлигига ўзим айбдорман...»

МУТОЛАА 13.01.2016, 14:36
«Ўғлимнинг бахтсизлигига ўзим айбдорман...»

Таҳририятга қўнғироқ қилган аёлнинг ҳикоясини тинглаб, тўғриси, ҳайратландик. Баъзилар асабийлашди ҳам. Қайноналар, эрларга кўзингизни очинг, болаларни тирик етим қилманг, деган мақсадда воқеани чоп этишга қарор қилдик.  

— Ёшим элликка бориб қолган. Икки ўғил, бир қизим бор. Тақдир экан, турмушимдан анча йиллар олдин ажрашганман. Ёлғиз аёлга жуда қийин экан. Ҳали фарзанд тарбияси, ҳали одамларнинг пичир-пичиридан чарчаб кетаркансиз. Норасидаларим ўгай ота қўлига қараб қолмасин, деб бошқа турмуш қилмадим. Болаларимни бир бошим билан онам, ака-укамнинг кўмагида катта қилдим. Невара суяй деган ниятда ўғилларимни ёш уйлантирдим. Кичик ўғлим энди йигирма саккизга киради. Аммо ҳаёти бугун бутунлай издан чиққан.

Асрор ўғлим қариндошимизнинг қизига уйланди.  Келиним жуда яхши, хушмуомала эди. Унинг менга, ўғлимга бўлган муносабатини кўрганлар “Келиндан омадингиз чопди-да”, дейишарди. Келинимнинг ҳомиладор бўлганини эшитиб эса бошимиз кўкка етди. Ўғлим ҳам жуда болажонлиги сабаб орзиқиб фарзандининг дунёга келишини кута бошлади. Асраган кўзга чўп тушар деганларидек, Манзуранинг ҳомиласи нобуд бўлди. Саломатлиги ҳам ёмонлашиб қолди. Қудаларим билан маслаҳатлашиб, келинимни бир-икки ой уларникида даволатадиган бўлдик. Ўшанда жуда катта хато қилган эканман. Манзурани онасиникига жўнатмасам бўларкан. Ахир у менинг келиним, боламнинг изидан келган болам эди-ку! Нега шундай қилдим, ҳозиргача ўзимни кечира олмайман. Сабаби ўғлим аёли уйига кетгач, саёқ юришни бошлади. Кўчада енгилтабиатроқ бир қизга илакашиб қолди. У Асрордан ҳомиладор бўлиб қолгач, “уйланмасанг, қаматаман” деб туриб олди. Ўзимнинг боламни ўйлаб, унинг айбини ёпиш учун рози бўлдим. Асрор ҳам “шунга уйланмасам бўлмайди” деб саросимага тушиб қолганди. Яна хато устига хато қилдик. Ўғлим биринчи турмушидан қонунан ажрашмасдан туриб, ҳовлимизга тўй-томошалар билан иккинчи келинни туширдик. Бугун мана, ҳаммамиз шунинг жабрини тортаяпмиз. Бир гулдек қизни бахтсиз қилиб, хотиржам яшаш бўлмаскан. Тўғриси, биринчи неварам дунё юзини кўрмай нобуд бўлгани учун ўғлимнинг боласини кўчага ташлаб қўйгим келмаганди. Аммо ҳаммаси баттар чигаллашиб кетди.

Иккинчи келиним икки ой яшамасдан инжиқликлар қила бошлади. Онаси ёлғиз яшагани боис турли баҳоналар қилди-да, уйига кетди. Она-бола ўғлимга ичкуёв бўлиб яшаш шартини қўйди. Яна ўртадаги болани ўйлаб рози бўлдик. Асрор тўрт йил хотинининг уйида яшади. Ғурурини поймол қилиб, икки қизи учун чидади. Аммо эркакнинг елкаси букилмасин экан. Қайнонаю хотиннинг нағмаларидан, одамларнинг гап-сўзидан тўйиб кетиб, бор аламини ичкиликдан оларди. Бир куни маст бўлиб уйга келди:

— Ойи, ажрашаман! Қизларимни оламан-да, бу ерлардан бош олиб кетаман, — деди куйиниб.

— Болам, ажрашма. Ўртада бегуноҳ гўдаклар бор. Уларга ота ҳам, онам ҳам бирдек керак, — дедим.

— Йўқ, мен ичкуёв бўлиб яшашни истамайман. Хотинимга алоҳида чиқайлик десам, кўнмайди. Нима қилишим керак? — деб жаҳл қилди.

Нима қилай, онаман? Боламга ҳам ичим куяди, невараларимни ҳам ўйлайман. Қудам инсофга келар деб, эртасини куни уларникига бордим. Аммо чучварани хом санаган эканман. Онаси қолиб келиним бу фикрга қарши чиқди.

— Йўқ! Ўғлингиз қачон уй-жой қилади? Мен овсиним билан бир уйда яшамайман! Онамнинг ёлғиз ўзини ташлаб ҳам кетмайман. Ажрашса, ажрашавераман.

Бу гаплардан кейин бошим қотиб қолди. Ўғлим йигитлигида бирор марта оғзига шайтон сувини олмаганди. Шу аёл билан топишди-ю, шишадан бошини кўтара олмай қолди. Аҳвол шунақа давом этаверса, охири нима бўлади?

Мени яна бир муаммо қийнарди. Асрор биринчи хотини билан ажрашмаган, у ҳам эрининг қайтишидан умид қилиб ўтирибди. Шуларни ўйлаб, унга  шарт қўйдим:

— Ёки Асрор билан яшайсиз, ёки Манзура билан яраштираман. Эртага кейин келинимга кун бермай, жанжал қилиб уйимга бормайсизми?

Мен соддалик қилиб, унинг “Менга ўғлингиз керакмас” деган шартаки гапларига учибман. Орадан бир ҳафталар ўтгач, қариндошларимникига бордим. Бошимни эгиб кечирим сўрадим, келинимни қайтариб олиб келдим. Аввалига ҳаммаси яхши эди. Асрор билан Манзуранинг ҳаёти бир текис кетаётганди. Келиним ҳам ҳомиладор бўлди. Паҳлавондек ўғил дунёга келтирди. Асрор ишга кирди, икки қизи учун алимент тўлаб турди. Аммо онаси болаларини ўғлимга кўрсатмасди. Боғчага борганини эшитса ҳам жанжал қиларди. Уйга ҳам тўполон кўтариб келадиган одат чиқарди. Боламни «иссиқ-совуқ» қилиб ўзига қаратиб олди ҳам. Манзура эса миқ этмай ҳаммасига чидарди. Менга ачинарди келиним бояқиш. Шундай қилиб  яна бир йилни заҳар ютиб ўтказдим. Бунақа ҳаёт ўғлимнинг ҳам жонига тегди. Охири у билан уришиб, болаларига алимент тўламай қўйди. Мана, энди жиноий жавобгарликка тортилган.

Бошимни қайси деворга уришни билмайман. Ҳали ўттиз кирмаган ўғлимнинг ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетган. Манзура бечора турмушга чиққанига мана, етти бўлдики, эрининг йўлига кўз тикиб умри ўтаяпти. Асрорнинг у хотини эса ҳар икки кунда жанжал қилиб келади. “Манзура билан қонунан ажрашиб, менга уйлансин” дея шарт қўйган. Билмадим... У бармоғимни тишласам ҳам оғрийди, бу бармоғимни ҳам... Қай бирини танлаган тақдиримизда ҳам болалар етим қоларкан.

Афсус... энди афсусдан фойда йўқ. Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлиши ҳақ гап экан. Болам ҳам, мен ҳам жазойимизни олаяпмиз. Биздан ҳам кўра Манзура ва уч нафар неварамга қийин. Оналар, фарзандларингиз тарбиясига масъулиятлироқ бўлинг. Ўйланмай босган бир қадам кимларнингдир ҳаётини, кўнглини барбод қилишини унутманг. Келинларингизни қиздек кўринг. Сал бетобланса, онасиникига жўнатиб, болангизнинг ҳузурини ўйламанг. Ўғилларингизга хотин устига хотин олиб берманг.

Йигитлар ҳам аёлининг тақдирини ўйин қилмасин. Кўнгилхушлик сабаб осойишталиги, хотиржам оиласини йўқотишлари муқаррар. Ахир бу дунёда ҳар нарсанинг жавоби бор. 

Шарҳлар