АсосийSUG'DIYONA

Сергей Есенин ва Айседора Дунканнинг фожиали муҳаббати...

“Севгилим! 
Мен учун — 
Қийналдингиз кўп. 
Ғамгин кўзингиздан 
Сезардим буни. 
Ахир мен шаробга 
Бош билан чўкиб, 
Ғавғосиз ўтмасди 
Бирор-бир куним”.

Сергей Есенин

Маъшуқани «гўзалликда беназир ялангоёқ хоним», ошиқни эса «қишлоқдаги сўнгги шоир», дейишарди. Бу икки машҳур шахс муҳаббати орқали бир-бирининг ҳаётини ўзгартириб юборади. Фожеали севгининг истеъдодли эгалари бу — америкалик раққоса Айседора Дункан ва рус шоири Сергей Есенин эди...

Айседора Дункан Москвага 1921 йили келади. Бутун дунёга машҳур раққоса Катта театрда чиқиш қилади. Ҳукумат тақдим қилган ҳашаматли уйда 24 йил яшайди. Балерина 3 фарзандини йўқотгач, рақсдан дарс бериш ҳаётининг мазмунига айланганди. Бироқ бу борада қийинчиликлар туғилгач, унинг олдида иккита йўл турарди: Европага қайтиш ё гастрол орқали пул йиғиш. Шу вақтда раққосанинг Россияда қолиши учун яна бир сабаб топилади. У — бир қарашдаёқ раққосанинг муҳаббатини қозонган Сергей Есенин эди. Илк учрашувдаёқ Есенин балеринанинг пойига тиз чўкади. Айседора шоир ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Ёши ўтиброқ қолган аёлнинг севги қиссасига ўралашиб қолиши мутлақо кутилмаган ҳоатда юз берганди. Сергей Есенин бу вақтгача 3 бор оила қуришга ҳаракат қилган, бироқ уддасидан чиқолмаган.

“Шоирнинг дўсти Анатолий Мариенгоф: “Есенинга — Шаляпиннинг қизи, Лев Толстойнинг набираси ва машҳур фабрикант Зинаида Райхнинг қизи ошиқ эди”.

Бироқ шоир дўстига ёзган мактубида юрагини ларзага келтирган илк ва соф муҳаббат ҳақида ёзади. Хатда “мақсади сари интилувчан бу аёлда ўзимга яқин, кўнгил тубидаги сирларимни ошкор эта оладиган инсонни топгандекман”, дейилганди. Деярли ҳеч қанча вақт ўтмай, Есенин ва Дункан бирга яшашни бошлашади. Улар танишишганида шоир 26, Айседора эса 44 ёшда эди. Хонанда Алиса Мон улар орасидаги ёш тафовутини муҳокама қила туриб, бошқа шоирнинг фикрига қўшилади.

«Ёш тафовути ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Пушкин айтганидек, «севги ёш танламайди!» Бу сўзлар Есенин ва Дунканга ҳам алоқадор».

Уларнинг муносабатига кимдир ҳасад, бошқаси ҳавас, яна биров ачиниш билан қарарди. Юрий Лоза бу борадаги фикрларини яширолмасди...

«Есенин шахси, худди Дунканнинг шахси сингари жуда такрорий. Шундай экан улар орасида учқун пайдо бўлгани табиий. Бу эса атрофдагиларда қизиқиш уйғотяпти, холос».

Дункан мағрур аёл эди. Лекин ёш тафовутидангина уяларди. Шунинг учун маъмуридан  паспортдаги туғилган йилини ўзгартириб беришини айтади. Севишганлар икки марта: 1922 йилнинг 2 майида Россияда, кейинроқ чегарадан ташқарида тўй қилиб беришган.

Уларнинг севгиси кўпчиликка ғалати ва тушунарсиз эди. Бироқ севишганларни яқинлари улар бир-бирларини чин дилдан севганини таъкидлайди. Есенин ва Дункан кўп бор жанжаллашишган, идишлар синган, бир-биридан кўнгли қолиб узоқлашган пайтлари бўлган. Бироқ кўп ўтмай  ярашиб олишарди.

Есенинни ичкиликдан қутқариш учун Айседора уни Европага олиб кетган. Ватанига бўлган муҳаббат эса Дунканга бўлган севгисидан устунлик қиларди. Натижада бирга яшашлари оғирлашади. Ҳатто шоир орадаги 18 ёш фарқни Дунканнинг юзига солади. Шунда раққоса шоир билан умрини бехуда ўтказганини англайди. Москва вокзалида Айседора Сергейнинг қўлидан ушлаб, “Энди сен билан мени боғлайдиган ҳеч қандай ришта қолмади”, дейди. 1923 йилнинг кузида улар қонунан ажрашишади.

Шоир Айседорага ёзган мактубида раққосани хурмат билан ёдга  олишини бот-бот ёзади. Дункан ҳам ҳеч қачон Есенин ҳақида ножўя гап айтмаган. Шоир ўз жонига қасд қилганини эшитган раққоса Париж газеталаридан бирига “биз сира уришмаганмиз”, дея интервью беради.

Айседора шоирнинг ўлимидан ярим йил ўтиб вафот этгунига қадар унинг хотираси билан яшайди. Малласоч шоирнинг сўнгги севгиси раққоса тақдирида ғайриоддий роль ўйнади...

 

 

 

    Бошқа янгиликлар