Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 14-мактаб директори ўқувчини калтаклагани аниқланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода директор дарс вақтида синф хонасига кириб, аввалига олд партадаги қизнинг сочидан тортгани кўринади. Сўнг бошқа қизнинг олдига бориб, унинг ҳам сочидан тортган, у томондан қаршиликка учрагач эса ўқувчини калтаклашга тушган.
Вазирлик хабарига кўра, мазкур ҳолат Хоразм вилояти ММТБ Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилган ҳамда бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғи билан мактаб директори М.Х. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Вазир Ҳилола Умарова X ижтимоий тармоғида ходим "ўз меҳнат мажбуриятларини қўпол равишда бузган"ини келтириб ўтган.